Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:49

Россия бўйлаб намойишлар уюштирган Навальнийга 20 минг рубл жарима солинди


Алексей Навльний
Алексей Навльний

Москва шаҳар Тверь туман суди Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК) муассиси Алексей Навальнийга Москва шаҳри марказида норозилик акцияси уюштиргани учун 20 минг рубл жарима солди.

Бу ҳақда мухолифатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш хабар қилди. Навальний, шунингдек, полиция ходими талабларига бўйсунмаганликда айбланмоқда. Айбланувчининг ўзи устидан қўзғатилган иш мазмунидан бехабар эканлигини, баённома имзолмаганини айтмоқда.

Алексей Навальний маъмурий қонунбузарликда айбланиб, судга 27 март куни тортилди. Бир кун аввал Навальний Россиянинг бир неча йирик шаҳри, жумладан, Москвада намойишга чиққан юзлаб одам билан бир қаторда қўлга олинган эди.

Коррупцияга қарши курашиб ном чиқарган Навальний "оммавий тартиб бузилишига олиб келган йиғинларни рухсат олмасдан уюштиришда" айбланмоқда. Бу ҳақда Россия матбуоти хабар берди. Фаол 15 кунгача қамалиши ва жаримага тортилиши мумкин.

АҚШ ҳамда Европа Иттифоқи юзлаб намойишчининг қўлга олинишини қоралаб, уларни зудлик билан озодликка чиқаришга чорламоқда.

АҚШ Давлат департаменти Вашингтон Навальний қўлга олинганидан хавотирда эканлигини билдирди.

Давлат департаменти матбуот котиби Марк Томер 26 март куни эълон қилган билдирувда “Россия ҳукуматини зудлик билан барча тинч намойишга чиққанларни озодликка чиқаришга чорлаймиз”, дейилади.

Европа Иттифоқи ҳам Россияни фуқароларнинг “ўз фикрини изҳор қилиш, тинч йиғинлар ўтказиш ва уюшмалар тузиш эркинлигини” поймол қилмасликка чақирди.

Россия бўйлаб рухсат берилмаган намойишларга минглаб одам келгани хабар қилинмоқда.

Баъзи шаҳарларда намойишчилар полиция ва бошқарув ҳокимияти вакилларига якшанба кунида шунчаки кўча сайрига чиққани ва ҳамюртлари билан коррупцияга қарши кураш мавзуида суҳбатлашиб юрганини айтмоқдалар.

Алексей Навальнийнинг ўзи Москванинг Тверь хиёбони бўйлаб тушда кўча юриши бошлади. Бироз сўнгра, полиция ходимлари Навальний ҳамда унинг бир неча шеригини ушлаб, хиёбондан олиб кетди.

2 март куни Навальний Россия бош вазири Дмитрий Медведев хайрия жамғармалари ва нодавлат ташкилотлар воситасида мамлакатдаги бойлар ҳамда давлат банклари хайрия пулларини йиғиб олиб, қимматбаҳо активларни сотиб олишга сарфламоқда, мазмунида ҳисобот эълон қилган.

Қўлга олинганидан кейин Навальний Twitterда намойишчилардан “фахрланиши” ҳамда қўлга олишларни “тушуниш мумкинлиги” ҳақида ёзди.

2011-2012 йилларда Россияда катта намойишларни уюштирган Навальний президент Владимир Путинга яқин шахслар даражасидаги коррупцияни фош қилиш билан шуғулланиб келади.

Навальний президент Путиннинг асосий танқидчиларидан бири ва коррупцияга қарши курашиб келаётган таниқли мухолифат фаолидир.

У ўтган йил декабрь ойида 2018 йилда Россияда ўтадиган президентлик сайловида ўз номзодини илгари суришини билдирган. Аммо ҳукумат унга қарши илгари сурилган молиявий жиноятга оид даъволар ўз кучида қолдирилса, унга рухсат бермаслигини билдирган.

XS
SM
MD
LG