Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:45

Дмитрий Медведевнинг россияликлар орасидаги рейтингги тобора пастлаб бормоқда


Дмитрий Медведев
Дмитрий Медведев

Ўтказилган сўнгги ижтимоий сўров натижалари Россия бош вазири Дмитрий Медведев рейтингининг пастлаб бораётганини кўрсатди.

“Левада” маркази 26 апрель куни эълон қилинган сўров натижалари бош вазир Медведев дуч келган сиёсий муаммоларнинг чуқурлашаётганидан дарак беради.

Сўровда иштирок этган 1600 россияликнинг 45 фоизи Медведев ва унинг ҳукумати истеъфо бериши керак, деган фикрни билдирган. Сўров шунингдек¸ Медведев ҳукуматига бўлган ишонч мисли кўрилмаган даражада пастлаб кетганини кўрсатди.

Ижтимоий сўров 7-10 апрель кунлари Россия бўйлаб юзма-юз интервью шаклида ўтказилган.

Кейинги пайтда Россия матбуотида Медведев ҳақида салбий хабарлар урчимоқда.

Бош вазири 2016 йилнинг май ойида аннексия қилинган Қримга қилган ташрифи давомида нафақа олишни орзиқиб кутаётган қарияларга: “Пул йўқ. Аммо сизлар бўш келманглар. Ўзингизни асранг!” дея жавоб берган эди.

Медведев яна мухолифатчи Алексей Навальнийнинг коррупцияга қарши кураш ташкилоти эътиборида қолаëтган расмийдир.

Ташкилот ўтган ой эълон қилган ҳисоботда қайд этилишича, Медведев бир қатор хайрия ва нодавлат ташкилотлар ёрдамида олигархлар ва банклардан хайрия тўплаб, йиғилган маблағ ёрдамида қимматбаҳо мулк сотиб олган. Бу мулк орасида Россия ва хорижда жойлашган қаср, қимматбаҳо турар-жой, яхта ва узумзорлар бор.

Ўтган ойда яна ўн минглаб одам Россия шаҳарлари бўйлаб коррупция, хусусан, мамлакат бош вазирига оид коррупцион айбловларга нисбатан ўз норозилигини ифодалаш ва ҳукумат раҳбари истеъфосини талаб қилиб кўчаларга чиққан кунда Медведев чанғи учиш билан банд бўлганини айтиб, танқидга учради.

Медведев Путин қаноти остидаги сиёсатчи бўлиб, 2008-2012 йилларда президент лавозимида ишлаган. Путиннинг рейтингги Медведевникидан фарқли ўлароқ анча юқорилигича қолмоқда ва унинг кейинги йилга белгиланган президенлик сайловида қайта сайланишига шубҳа йўқ.

Кремль кузатувчиларининг айтишича, Медведев ҳақидаги салбий хабарлар туфайли Путин ўз рейтинггини янада яхшилаш учун бош вазирни лавозимидан олиб ташлашини кутиш мумкин.

Медведев кетадиган бўлса, унинг ўрнига ким келиши қизғин муҳокама қилинмоқда.

“Левада” маркази ўтказган сўров Медведев атрофидагиларга маъқул келмади. Унинг матбуот котиби Наталья Тимакова ўтказилган сўровни “сиёсий буюртма” дея баҳолади.

“Ҳукумат етакчиси сўровларга катта эътибор қаратмайди, айниқса [“Левада” маркази] муайян сиёсий буйруқлар асосида ўтказган сўровларга”, деди Тимакова.

Бунинг ортидан марказ директори Лев Гудков Тимакова узр сўраши кераклигини айтиб, котибнинг кескин шарҳлари Медведев атрофидагилар орасида ўсиб бораётган хавотирдан дарак беришини таъкидлади.

“Расмийлар одамлар орасида ошиб бораётган хавотирдан чиндан қўрқади”, деди Гудков.

Бу орада Навальний “Левада” сўрови ҳақида ўз Facebook саҳифасида ёзди ва Медведевнинг Путинга бўлган алоқасига урғу берди.

“Ҳа, Медведев Путиннинг қўғирчоғи эканлиги аён. У яшинқайтаргичлигини ҳам биламиз. Ушбу мамлакат таназзулига Путин ва унинг 17 йиллик ҳукромлиги сабабчи эканлигини ҳам ҳаммамиз биламиз”, деб ёзди Навальний.

XS
SM
MD
LG