Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:22

Россия бўйлаб аксилкоррупция намойиши етакчиси Навальний ҳибсга олинди


Москва, Тверь кўчаси, Навальний тарафдорлари митинги. 2017 йил, 12 июнь
Москва, Тверь кўчаси, Навальний тарафдорлари митинги. 2017 йил, 12 июнь

Россия Узоқ Шарқида полиция мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний ва тарафдорлари ташкил этган коррупцияга қарши намойишга чиққан юзлаб кишини ҳибсга олди. Булар орасида Алексей Навальнийнинг ўзи ҳам бор.

Навальний 12 июнь куни сўнгги дақиқаларда полиция идораларига қўнғироқ қилиб, шаҳар марказидан четда эмас, Кремлга олиб борувчи Тверская шоҳкўчасида норозилик намойишига чиқмоқчи эканини билдирди, Москва полицияси эса уни бу ишни қилмаслик кераклигини айтиб, огоҳлантирди.

Россиянинг коррупцияга қарши юриши қилаётган энг машҳур мухолифат етакчиси Навальний президент Владимир Путин ҳукумати 2018 йилги президент сайловида қатнашишига рухсат бериш-бермаслиги номаълум бўлиб турган пайтда, танқидчилари фикрича, у "оммавий норозиликлар келтириб чиқариш ва унда қатнашиш учун тарафдорлар йиғишга интилмоқда".

"Открытая Россия" ташкилоти тарқатган маълумотга кўра, Москва вақти билан соат 15 га қадар 500дан ортиқ одам йўлга олинган.

Россиядаги норозилик намойишлари ва полициянинг хатти-ҳаракатларини кузатиб борадиган ovd-info.org сайтининг маълум қилишича, Москва шаҳрида 120дан ортиқ, Санкт-Петербургда эса 130дан ортиқ одам ушланган. Благовешченск шаҳрида камида тўрт киши, жумладан, рухсат этилмаган норозилик намойиши ташкилотчиси ҳам ҳибсга олинди.

Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, Москвадан етти соат олдинда бўлган Владивосток шаҳрида юзлаб кишилар норозилик намойишига чиққан кишилар билан полиция махсус қўшини ўртасида тўқнашувлар юз берган.

Сибирда жойлашган Новосибирск ва Қозоғистон билан чегарадош Олтой ўлкасининг пойтахти Барнаул шаҳрида анча-мунча киши намойишга чиқди, Волга дарёси бўйидаги Татаристон пойтахти Қозондан тортиб, Тинч океани қирғоқларигача бўлган бошқа шаҳарларда ҳам норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Узоқ Шарқ ва Сибирдаги намойишлар Тошкент вақти билан соат 16.00 да Москвада ўтиши режалаштирилган маршдан олдин бўлиб ўтди.

Шаҳар маъмурияти намойишни марказдан четроқда ўтказишга рухсат берди, аммо Навальний 11 июнь куни кечқурун тадбирни Тверская шоҳкўчасига кўчирганини маълум қилди, у аввал бошданоқ намойишни ўша ерда ўтказмоқчи бўлган, аммо шаҳар маъмуриятидан ушбу талабни рад этган эди.

Навальний Россия куни байрами муносабати билан бутун мамлакатда коррупцияга қарши режалаштирилган норозилик намойишлари бошланишига 24 соатдан кам вақт қолганда ўзгариш бўлишини эълон қилди. Унга кўра, ҳокимият идоралари аудио, видео ва саҳна ускуналари таъминотчиларига намойиш ташкилотчилари билан ҳамкорлик қилмасликни тайинлаган.

Навальний тарқатган видеотасвирида тарафдорларини тинч йўл билан марш ўтказиш, ҳар хил провокацияларга учмасликка чақирди.

У намойиш жойи ўзгарганини билдиргандан сўнг Москва шаҳар прокуратураси “Тверская кўчасида рухсат берилмаган тадбир ўтказишга ҳар қандай уриниш” ноқонуний экани ва тартиб сақлаш учун “қонунни қўлловчи идоралар барча зарур чораларни кўришга мажбур бўлиши”дан огоҳлантирди.

Кремль воизи Дмитрий Песков ушбу масала шаҳар ҳокимият идораларининг иши эканини ва “провокация ва ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик муҳимлиги”ни айтди.

Маълумки, 41 яшар Навальний 26 март куни ҳам коррупцияга қарши норозилик намойишларини ташкил қилган ва бунинг учун 15 кун қамоқда ҳам ўтириб чиққан эди.

У кейинги йил март ойида бўлиб ўтадиган президент сайловида қатнашмоқчи. 1999 йилдан бери президент ва бош вазир сифатида ҳокимиятни қўлида тутиб турган Путин тўртинчи марта ҳам президент сайловида номзодини қўйиши кутилмоқда.

Россия ҳокимият идоралари Навальний судлангани учун президент сайловига ўз номзодини қўйишига шубҳа билан қараяпти. Аммо тарафдорларининг айтишича, мавжуд қонун-қоидаларда бу нарса аниқ кўрсатилмаган ва Россия расмий шахслари унинг сайловда номзод сифатида қатнашиш-қатнашмаслиги хусусида аниқ бир гап айтгани йўқ.

XS
SM
MD
LG