Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:19

HRW ишчиларни эксплуатация қилаётгани учун Россияга "қизил карточка" кўрсатди


Санкт-Петербургда қурилаётган Зенит-Арена стадиони.
Санкт-Петербургда қурилаётган Зенит-Арена стадиони.

Яқинда Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Конфедерациялар кубоги ва 2018 йилги Жаҳон чемпионати иншоотларини қураётган ишчилар “эксплуатация қилинмоқда ва уларнинг меҳнат қонунчилигида белгилаб қўйилган ҳуқуқлари поймол бўлмоқда”, дейилади “Ҳюман Райтс Уотч” (ҲРУ) ташкилоти эълон қилган ҳисоботда.

ҲРУ нинг 14 июнь куни эълон қилинган ҳисоботида ташкилотнинг қўлида ишчиларга ҳақ тўланмагани, улар ўта хавфли совуқ шароитларда ишлатилгани, эътироз билдиргани учун таъқибга учраган ҳолатларга оид далиллар мавжудлиги айтилади.

Шунинг баробарида Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) Россия мезбонлик қиладиган иккита мусобақадан олдин “меҳнат шароитларини яхшилаб кузатиб бориш борасида олган мажбуриятларини тўлиқ бажариши шарт”, дейилади ҳисоботда.

ФИФА вакиллари ҲРУ ҳисоботида келтирилган иддаолар ушбу ташкилотда мавжуд маълумотлар ва баҳога тўғри келмаётганини айтмоқда.

Россия ҳукумат идоралари эса ҳали ҳисоботга муносабат билдирмади.

17 июнда Россиянинг тўртта шаҳрида футбол бўйича ушбу мамлакат терма жамоаси билан бирга жами 8 та миллий терма жамоа ўртасида Конфедерациялар кубоги мусобақалари бошланади. Футбол бўйича энг нуфузли спорт мусобақаси – Жаҳон кубоги биринчилиги 2018 йилнинг июнь-июль ойларида ушбу мамлакатнинг 11 шаҳри, жумладан, Москва, Санкт-Петербург, Қозон ва Сочи стадионларида бўлиб ўтади.

ҲРУнинг ҳисоботи “Қизил карточка: Қурувчиларнинг Россиядаги Жаҳон кубоги объектларида эксплуатация қилиниши” деб номланади. Унда айтилишича, Жаҳон кубоги мусобақалари бўлиб ўтадиган олтита стадион қурилишида ишлаган ишчиларга “маош тўлиқ ёки қисман тўланмаган, маош тўланиши бир неча ой кечиккан, улар етарли ҳимоя воситалари билан таъминланмай туриб, -25 даража совуқда ишлатилган, иш берувчилар улар билан қонуний ишлаши учун меҳнат шартномаси тузмаган”.

Ҳисоботда Халқаро қурилиш саноати ва ёғочга ишлов берувчи ишчилар федерацияси маълумотларига таянган ҳолда, Россияда Жаҳон кубоги объектлари қурилишида камида 17 киши ҳалок бўлгани айтилади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар вакиллари руслар, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари, Беларусь, Украина ва бошқа жойлардан келган мигрант ишчилар билан суҳбатлашди. Ўша ишчилар уларга “иш берувчилар ўч олишидан қўрқиб, ҳуқуқлари поймол қилинаётгани хусусида гапира олмаслиги”ни айтди. Россия ҳокимият идоралари эса ҲРУ вакиллари ишчилар билан гаплашмоқчи бўлганда уларни қўрқитишга уринди. Полиция апрель ойида бир тадқиқотчини Россия жанубидаги Волгоград шаҳрида ҳибсга ҳам олди.

ФИФА ўтган йили Россия ҳукумати билан бирга қурилаётган ёки таъмирланаётган стадионлардаги меҳнат шароитларини кузатиб бориш тизимини ўрнатаётганини хабар қилган эди, аммо кузатувчилар аниқлаган қонунбузарлик ҳолатлари тафсилотларини ошкор қилмади, дейилади ҳисоботда.

Рейтер ахборт агентлиги ФИФА воизига таяниб тарқатган бир хабарда “тегишли меҳнат стандартларига мос бўлмаган ҳолатлар аниқланаётгани, лекин бу йирик миқёсли лойиҳалар учун одатий ҳол” экани айтилади.

Аммо “ҲРУнинг қурилиш объектларида ишчилар эксплуатация қилинаётгани тўғрисида гаплари ФИФАда мавжуд маълумотларга мос келмайди”, деди воиз. Унинг фикрича, мустақил экспертлар ва касаба уюшмалари вакиллари ҳар чоракда маълумот йиғиб, уларни баҳолаб боради.

ФИФА вакилларининг айтишича, Россия ҳокимият идоралари “ўз ҳудудида инсон ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қурилиш ширкатлари ҳисоб бериши учун ўзи жавобгардир”.

Россия бош вазири ўринбосари Виталий Мутко май ойида "Санкт-Петербург шаҳридаги стадион ФИФА талабларига жавоб беради ва ишчиларнинг ҳуқуқлари поймол қилинаётгани йўқ", деб айтди.

XS
SM
MD
LG