Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:57

ФСБ Тулада бир муҳожирни ҳибсга олди, Владимир вилоятида - отиб ўлдирди


Ўзбек муҳожири Тула вилоятида ҳибсга олинди
Ўзбек муҳожири Тула вилоятида ҳибсга олинди

19 июн куни Россиянинг Тула вилоятида ҳибсга олинган ўзбекистонлик муҳожир "Исломий давлат"га одам ёллаганликда айбланмоқда. Ўзбекистонлик Зоҳид Аслоновни қўлга олишда ФСБ, Ички ишлар вазирлиги ва Росгвардия кучлари иштирок этгани хабар қилинди.

Ўзбек муҳожири қўлга олинмасдан "жиноятчи"га чиқарилди

2017 йилнинг 19 июн куни Тула вилоятининг Новомосковск шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида ФСБ, Ички ишлар вазирлиги ва Росгвардия жангчилари иштирокида олиб борилган махсус амалиёт давомида ўзбекистонлик яна бир муҳожир қўлга олинди.

Россия оммавий ахборот воситалари бу шахснинг исми Зоҳид Аслонов ва унинг ёши 45 эканини маълум қилди. НТВ телеканали ўзбек мигрантини қўлга олиш жараёнини ўз репортажларидан бирида ёритди.

(НТВ телеканалининг З.Аслонов ҳақидаги репортажи)

Телеканалда намойиш этилган видеода ўнлаб маскалилар квартирани қуршаб олади.

Тақиллаган эшикни очган ва ҳеч нарсани англамаётган кўринишидан осиёлик шахс жангчилар томонидан подъезднинг ўзида ерга йиқитилади.

-Ким билади – ўта хавфли жиноятчи Зоҳид Аслоновнинг чўнтагида ҳар нарса бўлиши мумкин. Маълумки, жиноятчи нафақат пистолет, балки граната билан ҳам қуролланган бўлиши мумкин, - дея изоҳ беради ФСБнинг бу ҳаракатларига шарҳловчи журналист.

Кейинроқ, тинтув пайтида, ўзбекистонликдан ҳақиқатан жанговар граната, пистолет ва патронлар мусодара этилгани хабар қилинди.

НТВнинг бу хабари ортидан Россиянинг барча оммавий ахборот воситалари Зоҳид Аслоновни “жиноятчи”, “террорчи” ва “ИШИДга ёлловчи радикал” деб эълон қилишга тушди.

Хонага судраб киритилган ўзбекистонлик муҳожир эса камера кўтарган журналистлар учун уюштирилган сўроқ давомида бошини кўтариб:

- Мен оддий гражданинман. Ишлайман. Оилавий одамман. Мен бундай ишлар билан ҳеч қачон шуғулланмаганман, - дейди.

Хабарда Зоҳид Аслонов аввалига террорчилик фаолиятига алоқаси йўқлигини айтгани, тергов давомида эса “ўз айбига иқрор бўлгани” маълум қилинди.

Бироқ, лавҳа давомида ўзбекистонликнинг "айбига иқрор бўлаётгани" намойиш этилмади.

Кейин, рус журналистлари Зоҳид квартирасида “радикал исломий ғояларни тарғиб этишга мўлжалланган вербовка маркази” ташкил этгани ва “Сурияга урушга одам жўнатиб турганини” айтади.

Исбот тариқасида фсбчилар камера олдида “диний адабиёт” ва 3 минг доллар мусодара қилинганини кўрсатди.

Бухоронинг Бухоро туманидан бўлган Зоҳид Аслоновдан Россия ва Ўзбекистон ватандошлиги паспортлари мусодара қилинди.

ФСБ Зоҳид Аслонов Ўзбекистонда ҳам экстремизм учун қидирувда экани ва сиртдан ҳибс этилганини очиқлади.

Бироқ, Россия матбуоти ва телевидениеси айбсизлик презумпциясига риоя қилмасдан, ўзбек муҳожирини “жиноятчи” ва “террорчи”га чиқарди, у ҳақда тўлиқ маълумотларни эълон қилди.

Озодлик Санкт-Петербургда содир этилган портлаш ортидан Россиянинг турли минтақаларида “террорчилик”, “экстремизм” ва ИШИДга алоқадорликда гумонланиб ўнлаб марказий осиёлик, хусусан ўзбекистонлик муҳожирлар қўлга олинаётгани тўғрисида хабар бериб келмоқда.

Террорчилик ва экстремизмда айбланиб, қўлга олинган ўзбек, тожик ва қирғиз мигрантларининг аксари уларга қўйилаётган айбловларни рад этиб келмоқда.

Владимирда яна бир муҳожир отиб ўлдирилди

Бу хабар чиқиши баробарида Россиянинг Владимир вилоятидаги Ковров шаҳрида ФСБ ходимлари уларга гўё қаршилик кўрсатган марказий осиёликни отиб ўлдирганини эълон қилди.

Россия ФСБсининг Владимир вилоят бошқармаси матбуот хизмати исми ва аниқ қайси давлат ватандоши экани сир тутилаётган муҳожир пистолетдан фсбчиларга қарата ўқ узганидан кейин ўлдирилганини маълум қилди.

Ўлдирилган мигрант “уйида портловчи мосламаларни ясаш билан шуғулланиб келгани” айтилди.

Жорий йилнинг апрель ойида худди шу Владимир вилоятининг Александров туманида “қаршилик кўрсатган” яна икки муҳожир отиб ўлдирилгани тўғрисида Озодлик хабар берганди.

XS
SM
MD
LG