Халқаро хабарлар
Техасдаги довул ва тошқин оқибатида беш одам нобуд бўлди
"Харви" довули билан бошланган кучли ëғингарчилик оқибатида АҚШнинг тўртинчи йирик шаҳри Ҳьюстонда минглаб одам эвакуация қилинди. Сув тошқини оқибатида ҳозирга қадар беш одам нобуд бўлди¸ ўнлаб одам бедарак йўқолди.
Довул ва сув тошқини муносабати билан Техас штатида фавқулодда ҳолат эълон қилинди – мактаб¸ аэропорт ва заводлар ўз ишини тўхтатди. Дунëнинг йирик нефть компаниялари жойлашган штатдаги табиий офат оқибатида АҚШ бўйлаб бензин тақчиллиги бошланиши тахмин қилинмоқда.
Метеорологлар прогнозига кўра¸ ҳафта охирига қадар Техаснинг айрим ҳудудларига ëққан ëмғир сатҳи бир метргача боради. Буэса мазкур ҳудудда бир йилда ëғадиган ëмғир нормасига тенгдир.
Табиий офат оқибатида етказилган зарарнинг 40 миллиард долларга етгани тахмин қилинмоқда.
"Харви" довули кейинги 12 йил ичида АҚШда кузатилган энг ҳалокатли офат деб баҳоланмоқда.
2005 йили Нью Орлеанга ëпирилган Катрин довули оқибатида 1800 одам нобуд бўлган эди.
Кун янгиликлари
WP: АҚШ Сурияга ИД таҳдидига оид разведка маълумотларини тақдим этди
АҚШ Суриянинг янги ҳокимияти вакиллари бўлмиш “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” (ҲТШ - бу тузилманинг ўзи дунёдаги кўплаб мамлакатлар томонидан террор ташкилоти деб ҳисобланади - таҳр.) гуруҳи аъзоларига “Ислом давлати” террор гуруҳи томонидан бўлажак таҳдидлар тўғрисидаги махфий разведка маълумотларини топширди. Бу ҳақда The Washington Post нашри америкалик мулозимлардан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди. Вашингтон ИДни ҳам, ҲТШни ҳам террор ташкилоти деб билади.
Нашр манбаларига кўра, ҲТШ вакиллари билан алоқалар ўтган йилнинг декабрь ойида Сурия президенти Башар Асад режими қулатилганидан икки ҳафта ўтиб бошланган. Ўша пайтда “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” бошчилигидаги аксилҳукумат гуруҳлари Дамашқни эгаллаб олган, Асад эса Россияга қочган эди.
ҲТШга маълумотлар воситачиларсиз тақдим этилган, дейилган The Washington Post мақоласида. Иддаога кўра, бу маълумотлардан бири ҲТШга январь ойида Дамашқ яқинидаги шиа қадамжоларидан бирига ҳужумнинг олдини олишга ёрдам берган.
Разведка маълумотларини алмашиш “Ислом давлати”ни тийиб туриш бўйича муштарак манфаатлар билан боғлиқ бўлиб, бу АҚШ томонидан “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” тан олинганини англатмайди. Америкалик собиқ мулозимларга кўра, бу ҳолат, агар разведка манбаларини хатар остига қўймайдиган бўлса, хорижий давлатлар дохил тайёргарлик кўрилаётган таҳдидлар ҳақида огоҳлантириш бўйича АҚШ сиёсатига мувофиқ келади.
Марказий разведка бошқармаси бу борада изоҳ беришдан бош тортган, бироқ собиқ мулозимлардан бири маълумотлар тақдим этилиши ўринли бўлганини айтиб, алоҳида таҳдидлар туғилган тақдирда бу каби маълумот алмашувлар жумладан Россия ва Эрон билан ҳам амалга оширилиши мумкинлигини таъкидлаган.
Беларусь МСК Лукашенкони президент сайлови ғолиби деб эълон қилди
Беларусь Марказий сайлов комиссияси президент сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилди. Иддаога кўра, сайловда сайловчиларнинг 86,82 фоизи Александр Лукашенко учун овоз берган.
Овоз бериш бюллетенига яна тўрт нафар номзоднинг исм-фамилияси киритилган эди. Маълумотларга кўра, Беларусь Коммунистик партияси Марказий қўмитаси биринчи котиби Сергей Сиранков 3,21 фоиз, Беларусь Либерал-демократик партияси раиси Олег Гайдукевич 2,02 фоиз, парламент собиқ депутати Анна Канопацкая 1,86 фоиз, Беларусь Меҳнат ва адолат партияси раиси Александр Хижняк эса 1,74 фоиз овоз йиғишга муваффақ бўлган. Сайловчиларнинг 3,6 фоизи номзодларнинг ҳаммасига қарши овоз берган.
Президент сайловининг якуний натижаси 3 февраль куни очиқланади.
Беларусь МСК иддаосича, сайловда давомат 85,7 фоизни ташкил этган.
Бу галги сайловда хорижда сайлов участкалари очилмаган. Сайловда ЕХҲТдан ва ғарб мамлакатларидан расман кузатувчи қатнашмаган. Лукашенко мамлакат расмийлари ЕХҲТ кузатувчиларини таклиф қилишгани, бироқ улар келишдан бош тортишганини билдирган. ЕХҲТ вакиллари таклифнома овоз беришга 10 кун қолганда етиб келгани ва ўша пайтга келиб кузатувчиликни уюштириш имконсиз бўлиб қолганини маълум қилишган.
Айни пайтда Беларусь МСК масъуллари президент сайловини 52 та мамлакатдан келган 486 нафар кузатувчи ва 44 минг 361 нафар маҳаллий кузатувчи кузатиб борганини иддао қилган.
Беларусь ИИВ раҳбари Иван Кубраков “сайлов кампанияси ўтказилган жойларда жамоат тартиби бузилиши ҳолатлари қайд этилмаган”ини билдирган.
Беларуснинг 70 ёшли авторитар раҳбари Александр Лукашенко президентликка еттинча марта қайта сайланмоқда. У 1994 йилдан буён мамлакатни бошқариб келади.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев 27 январь куни Александр Лукашенко билан бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда якшанба куни ўтказилган "президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан" табриклаган.
Европа Иттифоқи ва кўплаб ғарб мамлакатлари расмийлари фикрича, Лукашенко 2020 йилда оммавий сохталаштиришлар ва мухолифат норозилигининг аёвсиз бостирилиши кузатилган сайловдан кейин легитимлилигини йўқотган.
Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас 26 январь кунги баёнотида Беларусдаги сайлов натижаларига ишонч йўқлигини қайд этган, сайловнинг ўзини эса у “сохта, эркин бўлмаган ва адолатсиз” деб атаган. Баёнотда ЕИ Беларусь расмийларига қарши санкциялар жорий этишда давом этиши, айни пайтда Беларусдаги фуқаролик жамияти ва қувғиндаги демократик кучларни дастаклашни тўхтатмаслиги таъкидланган.
Александр Лукашенко хорижий ўлкаларга чиқиб кетишга мажбур бўлган мухолифлари ва Беларусь диаспораси 26 январь куни Варшава, Вильнюс, Прага, Стокҳолм ва бошқа шаҳарларда акциялар ташкил этишган. Польша пойтахти Варшавада мухолифат лидери Светлана Тихановская иштирокида “Белоруслар бундан яхшироғига муносиб” деб номланган форум бўлиб ўтган. Киевда эса ўнлаб одам Украина учун ҳалок бўлган белоруслар хотирасига уюштирилган юришда иштирок этишган.
Жанубий Корея президентига расман айблов билдирилди
Жанубий Корея прокуратураси Юн Сок Ёлга исён уюштирганлик бўйича айблов эълон қилди, дея хабар қилди Yonhap агентлиги.
Юн мамлакат конституциясига ва қонунларига зид равишда ҳарбий ҳолат эълон қилиш йўли билан одамларни исёнга туртиш мақсадида собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хён ва бошқалар билан тил бириктирганлик айблови қўйилмоқда.
Лавозимидан вақтинча четлатилган президенти Юн Сок Ёль 15 январь куни сўроққа келган пайтда ҳибсга олинган. Уни ҳибсга олиш учун икки марта ордер берилган. Илк марта ордер берилган пайтда аксилкоррупция агентлиги терговчилари ва полициячилардан иборат 150 чоғли киши президентнинг тарафдорлари ва қўриқчилик хизмати қаршилиги туфайли Юн Сок Ёлни ҳибсга ололмаганди.
Юн Сок Ёль 2024 йилнинг 3 декабрида “КХДРнинг тарафдорларига қарши кураш учун” ҳарбий ҳолат жорий этилганини эълон қилган. Олти соат давомида амалда бўлган фармон сиёсий партиялар фаолияти, норозилик чиқишлари, иш ташлашларга тақиқ қўйиб, унда цензурани ҳамда ўлим жазоси чиқариш ҳуқуқига эга бўлган ҳарбий-дала трибуналларини жорий қилиш кўзда тутилганди.
Бу ҳолат Сеул кўчаларида ҳам, парламентда ҳам кенг кўламли норозилик чиқишларига сабаб бўлган. Депутатлар ҳарбийлар томонидан парламент биноси штурм қилинаётган пайтда президент қарори бекор қилиниши учун овоз беришган. Шундан сўнг у қонунга мувофиқ равишда фармонни бекор қилишга мажбур бўлган. 7 декабрь куни президенти телевидение орқали қилган чиқишида ўз хатти-ҳаракатлари учун узр сўраган. Бироқ 14 декабрь куни Жанубий Корея парламенти овоз бериш натижасида Юнга нисбатан импичмент эълон қилиш қарорини дастаклаган.
Трамп араб давлатларига Ғазодаги фаластинликларни олиб кетишни таклиф қилди
АҚШ президенти Дональд Трамп Иордания, Миср лидерлари билан музокаралар олиб бориб, уларни Ғазо секторидаги фаластинликларни ўз мамлакатларига олиб кетишга кўндиришга уринаётгани айтди, дея хабар қилди Reuters агентлиги.
АҚШнинг янги ҳукумати тикланиш ишлари олиб борилаётган пайтда бир ярим миллионга яқин фаластинликни кўчиришни таклиф қилмоқда. Бироқ, Трампга кўра, Ғазодагилар вақтинчаликка кўчирилиши ҳам мумкин, узоқроқ муддатга ҳам.
Трамп уруш Ғазони вайрон қилгани ва ҳозирда у ерда яшаш шунчаки имконсиз ҳолга келганини урғулади.
Аввалроқ Трампнинг Яқин Шарқ минтақасидаги вакиши Стив Виткофф ҳам фаластинликларни Ғазодан Индонезия дохил бошқа мамлакатларга кўчириш имконияти кўриб чиқилаётганини айтган эди.
Жакарта Оқ уй режасидан мутлақо бехабарлигини билдирган. Индонезия ТИВ мамлакат секторни урушдан кейинги тиклаш ишларида ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилган.
Шунингдек, Трамп Исроилга оғирлиги 2000 фунт (тақрибан 900 килограмм) бўлган авиабомбаларни етказиб бериш бўйича салафи Жо Байден томонидан жорий этилган тақиқ бекор қилинганини эълон қилди.
Axios нашрининг ёзишича, ўтган йилнинг май ойида киритилган тақиқ 2023 йил 7 октябридан кейин АҚШ ва Исроил муносабатларидаги энг жиддий инқирозлардан бирига сабаб бўлган. Ўша пайтда АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳи Исроил жанубига ҳужум уюштирганди. Ҳужум чоғида мингдан зиёд одам ўлган, 250 чоғли одам гаровга олиниб, Ғазо секторига олиб чиқиб кетилган эди.
Қирғизистонда ширкат номларида ишлатиш тақиқланган атамалар рўйхати эълон қилинди
Қирғизистон ҳукумати юридик шахслар номларида ишлатиш тақиқланган диний атамалар рўйхатини тасдиқлаган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.
Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Адилбек Қасималиев томонидан имзоланган рўйхатда қатор диний калима ва атамалар дохил 120 га яқин сўз келтирилган. Улар орасида, масалан, “Абу Ҳанифа”, “вақф”, “жиҳод”, “ихлос”, “эҳсон”, “маҳр”, “муборак”, “муслим”, “сажда”, “ирфон” ва бошқа сўзлар бўлиб, уларни бундан буён ширкат номларида ишлатишга йўл қўйилмайди.
Рўйхатга бошқа динлар билан боғлиқ атамалар ҳам киритилган. “Ахриман”, “Библия”, “Будда”, “Иегова”, “миллениум”, “монах” (“роҳиб”), “Тора” (“Таврот”) кабилар шулар жумласидандир.
Ўз номларида мазкур рўйхатга киритилган сўзлардан фойдаланганларга нисбатан қандай чора кўрилишига ҳозирча аниқлик киритилган эмас.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2024 йил 24 июлида корхона ва фирмалар номларида диний характердаги сўз, атама ва иборалар қўлланишини тақиқловчи қонунни имзолаган эди.
Қонун лойиҳаси ташаббуси билан чиққан депутат Марлен Маматалиев бу масалани асосан молия ташкилотлари ва тураржой-қурилиш кооперативларига нисбатан кўтарган. У “тураржой кооперативлари жамоатчилик ишончини қозониш учун диний номларидан фойдаланаётгани”, “бу фаолиятда диний арбоблар ҳам иштирок этаётгани” ҳақида билдирган эди.
Нетаняху танқидга учраган Илон Маскни дастаклаб чиқди
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Х ижтимоий тармоғи эгаси, нацистик саломлашувни эслатувчи ҳаракат учун танқид қилинаётган Илон Маскка қўллов кўрсатди.
Нетаняху ўз постида Маскка қарши айбловларни уйдирма деб атаб, унинг Исроил олдидаги хизматларига урғу берди.
“Илон Исроилнинг азим дўстидир. У ҲАМАС террорчилари Холокост давридан буён яҳудий халқига қарши энг шафқатсиз жиноятни содир этган 7 октябрь қирғинидан кейин мамлакатимизга келган”, деб ёзган Исроил бош вазири X ижтимоий тармоғида.
Нетаняху Маск Исроилнинг террорчилардан ҳамда ягона яҳудий давлати мавжудиятига таҳдид солувчи режимлардан ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини бир неча бор дастаклаганини қайд этган.
“Бунинг учун мен ундан миннатдорман”, дея қўшимча қилган Исроил бош вазири. Маск Нетаняхунинг хабарини репост қилиб, унга ташаккур изҳор қилган.
Илон Маск 20 январь куни АҚШ президенти Дональд Трампнинг инаугурация маросимидан кейин нутқ сўзлаб, сайловдаги ғалаба учун тарафдорларга миннатдорлик билдирган эди. Шундан сўнг тадбиркор ўнг қўлини юраги устига қўйиб, кейин уни кескин ҳаракат билан юқорига кўтарган. У залнинг бошқа қисмига ўгириларкан, ушбу ҳаракатни такрорлаган ва “Қалбим сизлар билан” деган.
Бу ҳаракатнинг нацистик саломлашув билан қиёсланишини Маск "жирканч найранглар", деб атаган.
ХЖС прокурори “Толибон” лидерларини ҳибсга олиш учун ордер сўради
Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди прокурори Карим Хон жинсий мансубият асосида одамлар таъқиб этилаётгани муносабати билан инсонийликка қарши жиноятлар содир қилганлик гумони билан Афғонистонда ҳукмронлик қилаётган “Толибон” радикал ҳаракати лидерларини ҳибсга олиш учун ордер бериш илтимоси билан судга мурожаат қилди.
Карим Хоннинг суд сайтида ёйинланган баёнотида айтилишича, прокурор суддан “Толибон” олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода ҳамда толиблар томонидан Олий суд раиси этиб тайинланган Абдул Ҳаким Ҳаққонийни ҳибсга олиш учун ордер беришни сўрамоқда. Уларга нисбатан аёл-қизларни, уларнинг тарафини олаётганларни ҳамда гендер ўзига хослик ва унинг ифодаси соҳасида толиблар истагига мувофиқ келмайдиган шахсларни таъқиб қилганлик бўйича айблов илгари сурилган.
Бу ерда гап Афғонистонда аёллар ҳуқуқларининг кўплаб марта бузилгани ҳамда қотиллик, қийноқ, қамаш ва жинсий зўравонлик дохил бунга алоқадор қатағонлар ҳақида кетмоқда.
Ҳибсга олиш-олмасликка оид қарор Халқаро жиноят суди томонидан қабул қилиниши лозим.
Афғонистонда 2021 йили ҳокимият тепасига қайтган “Толибон” ҳаракати шариат талабларини бажараётганини иддао қилиб, аёллар ҳақ-ҳуқуқларни кескин чеклаб қўйган.
Афғонистон Рим статути иштирокчиси бўлиб ҳисобланади, яъни у ХЖС юрисдикциясига бўйсуниши керак. Бироқ Халқаро суд ишида толиблар томонидан қулатилган ва ҳозирда амалда бўлмаган аввалги ҳукумат иштирок этган. Толиблар Карим Хон баёноти юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.
Халқаро жиноят суди прокурор таклифига кўра аввалроқ бошқа давлат раҳбарлари, жумладан Россия президенти Владимир Путин ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҳибсга олишга ҳам ордер берган. Суд ишида дунёдаги мамлакатларнинг аксарияти иштирок этади, бироқ анчагина мамлакат унинг юрисдикциясини тан олмай, суд ишини танқид қилиб келади. Бу танқидчи давлатлар орасида Қўшма Штатлар, Россия, Хитой, Исроил кабилар бор.
Сайёҳдан пул олган ИИБ ходимлари ишдан бўшатилди
Кореялик сайёҳдан тарихий объектга кириш учун ноқонуний равишда пул талаб қилган ички ишлар органларининг икки нафар ходими ишдан бўшатилди.
“Мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, патрул-пост хизмати батальонининг икки нафар ходими ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этгани учун хизматдан бўшатилган”, дея иқтибос келтирган Kun.uz нашри Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати раҳбаридан .
Хабарда ходимлар шунчаки бўшатилганми ёки уларга нисбатан иш қўзғатилганми деган масалага ойдинлик киритилмаган.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ички ишлар ходимларининг кореялик сайёҳдан тамагирлик билан пул ундиргани акс этган видеолавҳа танқидий муҳокама қилинмоқда.
Парк Жун Ҳеи исмли сайёҳ YouTube платформасидаги “Deno trip” каналига Самарқандга сафари ҳақида видео жойлаган.
Унда Регистонда хизмат олиб бораётган икки нафар ички ишлар ходими тарихий объектга кириш учун чипта қидириб юрган сайёҳдан 50 минг сўм ундирганини кўриш мумкин. Ходимлар ўз хавфсизлиги важидан бўлса керак, пулни четдаги чиқинди қутисига қўйиб кетишни тайинлайди. Муаллиф корейс тилида ички ишлар ходимлари пора олганини қайд этади.
2024 йилнинг 14 сентябрида жойланган видеолавҳа тўрт ой ўтиб ўзбек жамоатчилиги эътиборига тушган.
Озодлик аввал хабар қилганидек, 2024 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 4-сонли ИИБ бошлиғи ўринбосари фоҳишахона ташкил қилган аёлдан пора олгани ортидан икки йилга қамалганди.
2024 йил октябрь ойида эса “муҳтожлик важидан” пора олган Cамарқанд вилояти Пахтачи тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакилига ҳукм ўқилганди.
Ҳусийлар 2023 йилда эгаллаб олинган кема командасини озод қилишди
Яман ҳудудининг бир қисмини назорат қилувчи “Ансоруллоҳ” (ҳусийлар) эронпараст гуруҳи 2023 ноябрида эгаллаб олинган “Гэлэкси Лидер” кемасида ишлаган денгизчилар озод қилинганини билдирди. Гуруҳ баёнотига мувофиқ, кема командасининг 25 нафар аъзоси Уммон воситачилигида озод қилинган. Улар орасида Украина, Филиппин, Болгария, Руминия ва Мексика фуқаролари бор.
Ҳусийлар Ғазо секторида ҲАМАС гуруҳига (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) қарши амалиёт олиб бораётган Исроил билан курашиш мақсадида Исроилга алоқадор бўлган ёки бу мамлакатга кетаётган кемаларни эгаллаб олиши ёки чўктириши ҳақида эълон қилганларидан кейин кўп ўтмай Қизил денгизда “Гэлэкси Лидер” юк ташувчи кемасини эгаллаб олишган эди. Улар Багама ороллари байроғи остида сузиб юрувчи мазкур кема исроиллик миллиардер Абрахам Унгарга алоқадорлигини иддао қилишган. Кема вертолёт билан десант туширилганидан кейин ҳусийлар томонидан эгаллаб олинган ва ўшандан буён тутиб турилибди.
Ўшандан буён Яман соҳилларида жами юзга яқин тижорат кемаси ҳусийлар ҳужумига учраган. Шу туфайли дунёдаги йирик савдо ширкатлари ўз кемаларининг ҳаракат йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлишган. 20 январь куни ҳусийлар Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилгани муносабати билан бундан буён фақат Исроил кемаларини ҳадаф олиб, қолган кемаларга ҳужумни чеклашлари мумкинлигини билдиришган.
Қозоғистон банклари яшаш учун рухсатномаси бўлмаган россияликларга ҳисобрақам очишдан бош торта бошлади
Қозоғистоннинг камида икки банки — Home Credit Bank ва Kaspi Bank — мамлакатда яшаш учун рухсатномаси бўлмаган россияликларга дебет карталарни чиқаришни тўхтатиб қўйган. Бу ҳақда РБК нашри хабар қилди.
Kaspi Bank йўқ деганда 3 февралгача банк карталарини беришни тўхтатган. Мазкур санадан кейин карта бериш қайта тикланиши ваъда қилинган. Янги тартиб-қоидаларга кўра, улар фақат бир йил муддатга берилади. Home Credit Bank эса карта беришни номаълум муддатга тўхтатиб қўйган. Банкларнинг бу қарори аввалроқ Қозоғистон молия бозорини бошқариш ва ривожлантириш агентлиги яшаш рухсатномаси бўлмаган хорижликларга бир йилдан кўп муддатга карта очишни тақиқлаб қўйгани билан боғлиқ. Мазкур чора, иддаога кўра, “наркотиклар ва рақамли активлар ноқонуний айланмаси соҳасида банк хизматларидан фойдаланиш хатарини камайтириш” учун қабул қилинган.
Украинада уруш бошланганидан кейин россияликлар Қозоғистон банкларида тез-тез ҳисобрақам очишни бошлашган. Бунга россияликларнинг Қозоғистонга оммавий равишда кўчгани ҳамда Россияга қарши жорий этилган санкциялар сабаб бўлган.
Чекловлар туфайли россияликлар эндиликда фақат банк картасини очиш учунгина Қозоғистонга келолмайди: ҳисобрақам очиш учун улар мамлакатнинг солиқ резидентига айланиб, солиқ тўлашлари лозим бўлади (Қозоғистонда яшаш учун рухсатнома олган хорижликлар автоматик равишда солиқ резидентига айланади).
Россия томонидан Украинага қарши кенг кўламли босқин бошлангани ва Путин томонидан қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин Қозоғистон ўз мамлакатини тарк этишга қарор қилган россияликлар энг кўп келган мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади.
Қозоғистон ҳукумати маълумотига кўра, 2022 йилдан 2024 йилгача маҳаллий банклар томонидан Россия фуқароларига қарийб 695 мингта карта чиқариб берилган. Қозоғистон ИИВ маълумотларига кўра эса 2024 йилда 233 минг нафар россиялик Қозоғистонда шахсий индентификация рақамига эга бўлган. Айни пайтда Қозоғистонда қанча россиялик ҳақиқатдан ҳам яшаётгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Чехияда Россия паспортидан воз кечмаганларга фуқаролик бериш тақиқланади
Россия Федерацияси паспортидан воз кечмаган россияликларга Чехия фуқаролигини бериш тақиқланиши кутиляпти. Мазкур тақиқ Чехия Сенати томонидан куни кеча маъқулланган Lex Ukrajinа қонунида кўзда тутилган. Мазкур ҳужжат учун палата мажлисида иштирок этаётган 73 нафар депутатдан 21 нафари овоз берган ва расмиятчилик нуқтаи назаридан у қабул қилинган эмас. Бироқ у имзо учун президентга йўлланади.
Қонун муаллифлари ва тарафдорлари россияликларга ЕИга аъзо мамлакат паспортини олиш жараёнини қийинлаштириш ҳозирги шароитда ўзини оқлайди. Биринчидан, Россия қарийб уч йилдан буён Украинага қарши уруш олиб бормоқда, иккинчидан, Чехиядаги рус диаспораси ичида Кремль тарафдорлари ва Россия махсус хизматлари билан боғлиқ одамлар кўп.
Lex Ukrajinа қонунининг амал қилиш муддати тугагунича 15 ёшдан катта бўлган россияликлардан Чехия фуқаролигини олиш бўйича барча аризаларни кўриб чиқиш тўхтатилади – янги қонунда эса унинг амал қилиш муддати белгиланган эмас. Қонунга киритилаётган тузатишлар фақат озчилик одамлар учун дахлдор бўлмайди. Улар орасида қочқинлар, ёши 15 дан кичик бўлган болалар ҳамда Чехия иқтисодиёти ва маданиятига алоҳида ҳисса қўшган кишиларни санаш мумкин.
Қонун лойиҳаси Россия фуқароларидан Чехия паспортини олишдан аввал Россия паспортидан воз кечишни талаб қилади. Бироқ шундай бўлган ҳолда ҳам аризалар фақат Украинага қарши уруш тугаганидан кейингина кўриб чиқилади.
Чехияда яшовчи россияликлар ва айрим депутатлар қабул қилинган қонунни дискриминацион ҳужжат, деб ҳисоблашмоқда. Чехия омбудсмени аввалроқ мамлакат ички ишлар вазири Вит Ракушанга хат йўллаган эди. Қонунчиликка тузатиш киритиш ташаббуси айнан Ракушан партиясидан чиққан. Омбудсмен қонун лойиҳасини танқид қилиб, у дискриминация соҳасида кўплаб саволлларни юзага чиқараётганини билдирган.
Чехиядаги россияликларнинг ташаббускор гуруҳи қонун устидан судга мурожаат қилишини билдирган.
Аввалроқ мамлакат президенти Петр Павел қонунга эътирози йўқлигини ва уни имзолашни режалаётганини маълум қилгган.
Трамп “Россия товарларининг барчасига” солиқ, бож ва санкция киритиш билан таҳдид қилди
АҚШ президенти Дональд Трамп Россия Қўшма Штатлар ва бошқа “[санкция чораларига] рози мамлакатлар” билан савдо қиладиган товарларнинг барчасига солиқ, бож ва санкциялар жорий қилишга тайёрлигини билдирди. Трамп, агар Москва Украинада тинчлик битими тузишдан бош тортса, чекловлар жорий қилишни ваъда қилди.
Дональд Трамп Truth ижтимоий тармоғида урушни якунлаш таклифи Россияга ва унинг президенти Владимир Путинга “катта илтифот” бўлиши ҳақида ёзган.
“Ҳозир ўзаро келишиб, бу бемаъни урушни тўхтатинг! У [бунинг буёғига] фақат ёмон томонга қараб кетади”, дея билдирган у.
Трамп Путин билан доим яхши муносабатда бўлганини қайд этган.
“Биз Россия қарийб 60 миллион қурбон берган ҳолда, Иккинчи жаҳон урушида ғолиб келишимизга ёрдам берганини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак”, дея билдирган у.
Иккинчи жаҳон уруши чоғида Совет Иттифоқи томонидан урушда қурбон берилганлар расман 27 миллион киши ўлароқ кўрсатилган, айни пайтда тарихчиларнинг мақолаларида бошқа рақамлар ҳам келтирилади.
АҚШ президентига кўра, ҳозирда Россия иқтисодиёти синиш арафасида турибди.
“Келинг, бу урушни тўхтатамиз − агар мен президент бўлганимда бу уруш ҳеч қачон бошланмаган бўларди! Биз бу ишни осон ёки қийин йўл билан амалга оширишимиз мумкин — осон йўлдан юриш доим яхшироқдир”, дея хулоса қилган АҚШ президенти.
Сайловолди кампанияси чоғида Трамп Украинада “бир кеча-кундуз”да Украинада тинчликка эришишни ваъда қилган эди. Президентлик лавозимига киришганидан бир неча соат ўтгач, мухбирлар саволига жавоб бераркан, Дональд Трамп музокаралардан бош тортиш билан Путин Россияни хонавайрон қилаётгани ҳақида билдирган. Москва тинчликка эришиш бўйича музокараларга тайёр эканини айтмоқда.
Миллий терма жамоа бош мураббийи ўзгарди
Сречко Катанец футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигидан кетди. Унинг ўрнини мамлакат олимпия терма жамоаси мураббийи вазифасида ишлаб келган Тимур Кападзе эгаллади.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) матбуот хизматининг маълум қилишича, Катанец соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли ассоциация билан тузилган шартномани ўзаро розилик асосида бекор қилишга қарор қилган.
Словениялик мураббий ўз мурожаатида ҳозирги ҳолатида вазифаларини тўлақонли, профессионал тарзда бажара олмаслигини афсус билан қайд этаркан, доимий қўллаб-қувватлагани ва самарали ҳамкорлик учун ЎФАга миннатдорлик билдирган.
Ўз навбатида, ЎФА Катанецга саломатлигини тиклаб, мураббийлик фаолиятини муваффақиятли давом эттиришни тилаган.
Сречко Катанец 2021 йил августидан буён Ўзбекистон миллий терма жамоасига мураббийлик қилиб келди. Унинг қўл остида терма жамоа 20 та расмий ўйин ўтказиб, 13 марта ғалаба қозонган, 5 марта дуранг ўйнаган ва 2 бор мағлубиятга учраган.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Катанецнинг бетоблиги сабаб терма жамоа ЖЧ-2026 саралаш доирасидаги бир қатор ўйинларни бош мураббийсиз ўтказишга мажбур бўлган.
ЎФА матбуот хизматининг маълум қилишича, Катанец ўрнига Тимур Кападзе миллий терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланган.
“Жаҳон чемпионати саралашининг ҳал қилувчи ўйинларига оз вақт қолганини ҳисобга олиб, жамоа ва футболчилар билан яқиндан таниш бўлган, узоқ йиллар давомида миллий терма жамоа сафида тўп сурган ҳамда бош мураббий ва ёрдамчи мураббий сифатида фаолият олиб борган, шунингдек, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан тарихий натижага эришган Тимур Кападзе номзоди илгари сурилди”, дея изоҳ берган ЎФА тайинлов юзасидан.
Миллий терма жамоага саралаш ўйинларини муваффақиятли якунлаб, ЖЧ-2028 иштирокчилари сафидан ўрин олиш вазифаси қўйилган.
Туркия: Дам олиш масканида чиққан ёнғинда 66 киши нобуд бўлди
Туркиянинг Болу вилоятида жойлашган Қарталқая чанғи марказида чиққан ёнғинда камида 66 киши ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда Hürriyet нашри ички ишлар вазири Али Ерлиқаядан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Нашр қайдича, ёнғин чоғида 50 дан зиёд одам тан жароҳати олган.
Ёнғин 237 киши яшаётган 12 қаватли меҳмонхонанинг ресторанида кечаси соат 03.30 атрофида бошланган. Бундан саросимага тушган икки киши ўзларини деразадан ташлаб, ҳалок бўлган. Айримлар адёл ва чойшабларга ўралган ҳолда ўз хоналаридан пастга тушишга ҳаракат қилишган.
Ёнғин сабаби ҳозирча маълум эмас – ҳукумат воқеа терговини олти нафар прокурорга топширган. Ҳодиса содир бўлган жойга ўнлаб ўт ўчириш машинаси ва 38 та “тез ёрдам” машинаси йўлланган.
Меҳмонхона тоғ ёнбағрида жойлашгани учун қутқарув ишлари қийин кечган. Ўт ўчирувчилар ёнғинни 10 соатдан кейин ўчиришга муваффақ бўлишган.
Ёнғин сабабларини текшириш чоғида меҳмонхона эгаси дохил тўрт киши қўлга олинган. Суд телеёйин ёпиши мумкин бўлган ОАВга воқеани ёритишни тақиқлаб қўйган, бу содир бўлган ҳодиса учун далил тўплашни таъминлаш зарурлиги билан изоҳланган.
Қарталқаядаги бошқа меҳмонхоналарда яшаётган дам олувчилар эҳтиётан эвакуация қилиниб, воқеа жойидан унча узоқ бўлмаган ердаги меҳмонхоналарга жойлаштирилган.
Хитойда ўнлаб одамни босиб ўлдирган ҳайдовчи қатл этилди
Хитойда ўтган йилнинг ноябрь ойида Чжухай шаҳрида пиёдаларни ўзи минган жип билан қасддан босиб кетган 62 ёшли ҳайдовчи Фань Вэйцю қатл этилган. Ҳодиса чоғида 35 киши ҳалок бўлган, 43 киши турли даражада тан жароҳати олган эди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар қилди.
27 декабрь куни суд Вэйцюни “мудҳиш” ва “шафқатсиз жиноят”да айбдор деб топиб, уни “жамоат хавфсизлиги учун таҳдид туғдириши”ни қайд этиб, ўлим жазосига ҳукм қилган. Хитойлик ҳайдовчи 20 январь куни қатл этилган.
Вэйцю 2024 йилнинг 11 ноябрь куни спорт маркази яқинидаги ҳудудда пиёдаларни босиб кетган эди. Жабрланувчилар орасида қариялар, ўсмирлар ва болалар кўп бўлган. Ҳайдовчи жиноят содир этилган жойдан қочиб кетмоқчи бўлган пайтда полиция томонидан қўлга олинган.
Хитой нашрларининг ёзишларича, пиёдаларни босиб кетганидан сўнг Вэйцю ўзини ўлдиришга уринган. У ўзига етказган жароҳатлар туфайли касалхонага ётқизилган. Иддаога кўра, у бир муддат кома ҳолатида бўлган.