Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:31

OzodMaktub: "Мирзиёев ҳукумати ҳам бизни ўгай санашда давом этмоқда"


Ўш шаҳридаги собиқ Қирғиз-ўзбек университети
Ўш шаҳридаги собиқ Қирғиз-ўзбек университети

OzodMaktub рукнимизга келган мактуб эгаси 37 яшар Фарғоналик йигит. Муаллиф Ўшдаги Қирғиз-ўзбек университетида таълим олган эса-да, иш топа олмаётганидан, олган дипломи Ўзбекистонда эътироф этилмаётганидан шикоят қилган. Мактубни​ таҳрирсиз бераяпмиз.

Тақдир тақозоси билан 1998 йилда Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида жойлашган Қирғиз-ўзбек университетини тарих факультетига ўқишга кириб, 2003 йилда тамомладим.

Ҳозирда ушбу олий ўқув юрти Ўш давлат социал университети деб қайта номланган. Ўқишни тамомлагач, умумтаълим мактаблари, нодавлат-нотижорат ташкилотларида фаолият олиб бордим. Лекин 2005 йилдан бошлаб менга ўхшаган "ўгай диплом соҳиблари" ишсиз қолдик.

Эмишки, чет элда тарих ва бошланғич таълим йўналишини тамомлаган фуқароларнинг дипломи нострификация қилинмас экан.

Ваҳоланки, ушбу Олий ўқув юрти икки давлат ўртасидаги халқаро шартномага асосан ташкил этилган эди. Каримовнинг муросасиз сиёсати даврида жим яшаб келдик. Чунки, у даврда арз дод қилишдан фойда йўқ эди.

Каримов вафотидан кейин вазият ўзгаришига умид қилган эдик, лекин, афсуски, Мирзиёев ҳукумати ҳам биз кабиларни ўгай санашда давом этмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, ўша даврда Ўшдаги Қирғиз-ўзбек университетида Ўзбекистоннинг энг нуфузли олий ўқув юртлари профессор ўқитувчилари, яъни Ўзбекистон Миллий университети, Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети, Андижон Давлат университетининг домлалари дарс берган, маъруза қилган.

Бунинг сабаби ўша даврларда Ўзбекистон олий ўқув юртларида маошлар кам бўлиб Қирғиз-ўзбек университетининг ўша даврдаги ректори академик Мамасаидов уларга яхши ҳақ тўлар эди.

Шундай қилиб бизни авлод вакиллари дипломи бор саводсизларга чиқиб қолдик.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бишкекка амалга оширган расмий ташрифи давомида ушбу масала кўтарилишига умид қилган эдим.

Лекин афсус ундай бўлмади.

Бироқ Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаевнинг жорий йил октябрь ойига режалаштирилган Тошкент ташрифи давомида ушбу масала ҳам кўтарилишини истардим.

Баъзан Ўзбекистон олий ўқув юртларини енгил елпи тамомлаб юқори лавозимларда ишлаётган чаласаводларни кўриб энсам қотади.

Мен кўтараётган масала Фарғона водийсида истиқомат қилаётган кўплаб фуқароларнинг тақдирига дахлдор.

Шу масалани муҳокама қилиш имкони бўлса радиода кўтариб чиқсанглар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

"Озодлик" радиоси аралашуви билан кўп масалалар ижобий ечим топмоқда.

Интернет тармоғи орқали "Озодлик" хабарларини ҳатто Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи кузатиб бораётгани ушбу масала кўтарилса ечимга йўл очилишидан далолатдир.

Сизлардан илтимосим ушбу масалани "Озодлик" ўзбек ва қирғиз хизматлари орқали кўтариб чиқсангиз.

Ўзбек ва қирғиз тилларида ижтимоий тармоқларда муҳокамага қўйиб берсангиз. Зора яқинлашиб бораётган икки давлат раҳбарлари масалани ижобий томонга ҳал қилишармиди.

Озодлик таҳририятидан: OzodMaktub-да баён этилган қарашлар Озодлик таҳририяти нуқтаи назари ёки позициясини акс эттирмайди. Барча фикрлар мактуб муаллифига оид

XS
SM
MD
LG