Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:28

"Ўзбек тилида гапирса "авторитет"и тўкилар эмиш…"


Ассалому алайкум азиз ватандош!

Мен матбуот соҳаси одами эмасман. Лекин бугун катта ўзгаришлар, қайта қурилишлар олиб борилаётган бир замонда мен ҳам қўл қовуштириб ўтиришни ўзимга эп кўрмадим. Узоқ вақт давомида бу мавзу ҳақида қайта-қайта мулоҳаза юритганимдан сўнг бу мақолани ёздим.

Тошкент кўчаларида тунда сайрга чиқишни ҳар биримиз бирдай хуш кўрамиз. Чароғон кўчалар, сўлим хиёбонлар, гўзал фавворалар... Худди шу вақтда бир нарсага гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Бир тўда болалар ўзи ёқтирган ҳар хил ўйинлар билан банд. Энди эътибор бериб кузатинг: Бундай болаларнинг рус тилида сўзлашаётган гуруҳлари асосан ўзбек болаларидан ташкил топган ёки нисбат 50/50.

Қойил ўзбек болалари икки тилда бемалол сўзлашади дейишингиз мумкин, бу танганинг бир томони.

Энди бошқа томондан назар ташлаймиз, бу ўзбек болалари Ўзбекистонда иккинчи тил ҳисобланган рус тилини мукаммал ўзлаштирган бир вақтда русзабонлар эса Ўзбекистон дея аталмиш диёрда, давлат тили ўзбек тили бўлган заминда ўзбек тилида лоақал бир жуфт сўзни эплаб гапира олмайди.

- Йўқ ўзбек тилида яхши гаплаша оладиган русзабон танишим бор дейишингиз мумкин. Тўғри, бундайлар ҳам топилади лекин бундай танишингиз нечта? Ишончим комилки, кўз олдингизда бир неча киши гавдаланди холос.

Энди рус тилини биладиган ўзбек танишларингизни ҳисобланг, сизни билмадимку аммо мен ҳисобдан адашиб кетдим.

Мақолани аввалини ўқибоқ мени миллатчиликда ёки тил билмасликда айблаётгандирсиз. Бироқ мен рус ва турк тилларини етарли даражада билган ҳолда инглиз тилини мукаммал ўзлаштириш мақсадида ИЕЛТС имтиҳонига тайёргарлик кўрмоқдаман, зеро ўзим умуман бошқа соҳада фаолият юритсам ҳам.

Келинг биргаликда ҳисоблайлик, битта тилни ўрганишга қанча вақт кетади. Тилшунослар айтадики, интилиш ва ҳаракат бўлса чет тилини етарли даражада ўзлаштиришга олти ой кифоя. Ичингизда олимлар айтаверади дегандирсиз, унда ўзимиздан келиб чиқиб гапирсак, дейлик бир йилда чет тилини тушунадиган даражага чиқсангиз, иккинчи йили оддий гапларни гапира бошласангиз, учинчи йили эса бемалол бу тилда сўзлаша бошлайсиз.

Тасаввур қилинг Ўзбекистонда 10, 20, 30 йилдан буён яшаётган одам ўзбек тилини билмайди. Буни нима деб аташ мумкин, дангасаликми ёки тилга, халққа, давлатга беҳурматликми?

Менимча иккинчиси ҳақиқатга яқинроқ. Чунки сизу мен Ўзбекистонда туриб инглиз ва рус тилларини керак бўлса мукаммал даражада ўрганмоқдамиз. Агар сиз ёки мен Франсияда яшовчи ва шу давлат фуқороси бўлган оилада таваллуд топганимизда эди франсуз тилини ўз она тилимиздек билган бўлар эдик.

Балиқ бошидан сасийди, бу гапни халқимиз бекорга айтмаган. Йирик муассаса ташкилотларда ҳам ўзбек тилини билмайдиганлар топилмоқда ёки давлат ҳужжатлари рус тилида юритиладиган жойларни ҳам кўрдим. Бу ҳолни эса нима деб аташни ҳам билмайман.

Бу демократия ҳамма хоҳлаган тилида суҳбатлашади дейишингиз мумкин, бироқ ўзини демократия ватани деб атовчи АҚСҲда инглиз тилини билмасангизу испан тилини билсангиз бориб инглиз тилини ўрган қаерда эканлигингни унутиб қўйдингми "амиго" дейишади. Ёки Россияда рус тилини билмасангиз айтарлик бирон тузукроқ ишга жойлашиш тугул, яхшигина "ширин" сўзлар билан сийланишингиз ҳам ҳеч гап эмас.

Айтишларича бир халқни, миллатни йўқ қилиш учун шу халқни тилини ўлдиришни ўзи кифоя эмиш.

Келинг бунга ҳам бир қанча мисолларни кўриб чиқамиз. 2015-йил статистик маълумотларга кўра, Татаристонда 62 фоиз ёшлар рус тилида сўзлашар экан. Татар тилини эса бор ёъғи 32-38 фоиз ёшларгина билар экан.

Ҳаёлингиздан ўтдики, Татаристон Россия Федеарациясининг республикаси ҳисоблангани учун вазият шундай.

Энди эътиборингизни Қозоғистонга қаратаман. Бу ерда вазият янада ачинарли, 2009-йилда ўтказилган сўровнома бўйича рус тилида эркин ёзиб, ўқий оладиганлар 84,8 фоиз, қозоқ тилида эса 62 фоизни ташкил қилмоқда!!!

Оғзаки нутқ фоизлари эса бунданда йирик рақамлар билан келтириган. Бу сўровнома Россияда ўтказилмаганмикан деб шубҳага ҳам бориб қолдим) Аслида бу рақамлар ҳеч бўлмаганда тескари ҳолда жойлашган бўлганида ҳам бунчалик ачинмас эдим.

Лекин бу маълумотлар барчаси кундек равшанлигини бу давлатга бориб келган одам мендан яхши билади. Латвияда эса латиш тилини ёшлар деярли ишлатмай қўйганлиги туфайли, ҳукумат латиш тилини обрўсини тиклаш мақсадида жамоат жойларида тил чекловларини ёълга қўйди.

Бу тадбирлар энди фойда берадими ёки ёъқ, бунинг ўзи ҳам бир катта масала. Буни ҳайитдан кейинги хина деб атасак ҳам бўлаверади. Ҳа бизда бу даражада эмас, лекин "тома-тома кўл бўлур" деган иборани унутмайлик.

Энг ачинарлиси, шундай ўзбеклар борки ўзбек тилида гаплаша олмайди ёки била туриб ўзбекча гапиришга уялади, нима эмиш рус тилида гапирса "авторитет" ини сақлаб турар эканда, ота-боболари гапирган ўзбек тилида гапирса шу тушмагур "авторитет"и тўкилар эмиш (афсуски бундай инсонлар йилдан йилга кўпаймоқда).

Ўзбек тилида икки оғиз гапни эплаб гапира олмаса ҳам қўша-қўша ўзбекча албомлар чиқарадиган "ўзбек" санъаткорлари эса кулгингизни қистатади.

Ҳа ўз она тилингни ўзинг ҳурмат қилмасанг бошқалардан нима ҳам кутардинг. Ахир санъаткор дегани халқига ўрнак бўлиш учун саҳнага чиқмайдими?

Шу десангиз бир куни радиода бир машҳур аёл санъаткор интервю берди (исмини келтириш ножоиз деб ўйладим бироқ бу санъаткорни миллион одам ичидан ҳеч иккиланмасдан ажратиб оласиз).

Мухлислар санъаткорга бераётган саволларини таржимон рус тилига таржима қилмоқда, санъаткор эса рус тилида жавоб қайтармоқда.

Наҳот ўзи 10-15 йиллардан буён ижод қиладиган тилни тушуниш даражасида ўрганмаган бўлса, бу миллионлаб мухлисларига бўлган "ҳурмат"дан дарак бўлса керак!

Бизнинг тарих бугун ёки кеча ёзилиб қолмаган, бу тарих минг йилликларга бориб тақалади. Тилимиз шунча минг йилликларни босиб ўтибди демак яна олдинда бу тилни буюк келажак кутмоқда.

Унутманг доно халқимиз айтадики, касалликни даволагандан кўра уни олдини олган афзал деб. Сўзимни охирида хулоса қилмоқчи эмасман, чунки хулосани ҳар бир инсон ўзи учун ўзи чиқаради.

Келинг биз ўзлигимизни, тарихимизни, ота-боболаримизни ва ўзбек халқи келажагини ҳурмат қилган ҳолда қолганларга ҳам ҳурмат қилишни ўргатайлик. Зеро, биз ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз, кам бўлмаймиз ҳам!

Ўзбек тили келажаги ҳақида қайғурган ватандош

XS
SM
MD
LG