Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:55

"Олимлар бизга шамчироқда ишлайдиган телевизор ва телефон яратиб берсин"


Навоий вилоятидан Озодликка мактуб йўллаган муштарий ўзи яшаган жойда электр ва газ таъминотида кузатилаётган муаммолар ҳақида киноя билан ҳикоя қилади.

Мактуб жузъий (орфографик) тузатишлар билан эълон қилинмоқда.

......................................................................................................................

Салом, Озодлик радиоси. Мен сизларга Навоий вилояти Хатирчи тумани эски Москва колхозидан ёзаяпман. Бизда ҳаммани бир муаммо қийнайди. Бу - свет ака. Қиш фасли яқинлашиб келиши билан свет акамиз иссиқ ўлкаларга учиб кетиб қоляпти.

Биз бу йил бошидан свет акамизга роса ялиндик, “пулини олдинда тўлаганмиз, кўп ишлатмаймиз, фақат футбол кўришга биз билан қолинг”, дегандик. Аммо мана совуқ кунлар келиши билан яна жўнаворди.

Газ опамизни кетиб қолганига 5 йил бўлди. Уни роса қидириб, ҳатто ҳидини ҳам тополмадик. Кейин тақдирга тан бериб, тарихдан намуна олиб таппи ва ўтин ишлатишга қарор қилдик.

Ўтин билан таппи жуда вафодор, бизни ташлаб кетмайди. Энди свет акамизнинг ўрнига нима ишлатишга ҳайронмиз. Тарихга мурожат қилсак, “шамчироқ ёқинглар”, деяпти. Лекин шамчироқда футбол кўриб бўлмаяпди.

Шунинг учун сизлардан илтимос, шу хатни дунё олимларига етказинг. Бизга шамчироқда ишлайдиган телевизор ва телефон яратиб берсин. Колхозимиздаги ҳамма оилалар ўша телевизордан сотиб олади, 100 фоиз ҳамма олади. Олимларга ҳам даромад, ҳам савоб.

Қолган барча шароитлар зўр. Пенсиялар вақтида келади, сув бор, тинчлик-тотувлик бор, еримиз унумдор. Энди жуда мақтаб юбормай - кўз тегиб қолмасин.

Камчиликлар ҳам бор, арзимасгина. Масалан, йўлларимизда озгина чуқурчалар бор ( ҳар 1 метрда 5 ёки 6 дона ). Мактабимиз сал совуқроқ (+2 ёки -1 градус). Бошқа ҳаммаси майда-чуйда нарсалар. Майли, нима бўлганда ҳам муаммолар бизники, ўзимиз ҳал қилишимиз керак, чунки бу ерда ўзимиз яшаймиз.

......................................................................................................................

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Озодлик бу мулоҳазалар учун масъул эмас.

XS
SM
MD
LG