Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 14 йилдан бери ўқитувчилик қилаётган математик Исроил Тиллабоев айрим коллежларнинг ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатга айлантирилишини олқишлади. Озодлик билан суҳбатда Исроил Ўзбекистонда ихтисослаштирилган мактаблар тажрибаси кучли ва муваффақиятлидир, деб таъкидлади.
14 йилдан бери математика фанидан дарс бериб келаётган Тиллабоев Яйпан туманидаги 65-ихтисослаштирилган мактабда ишламоқда.
Озодлик билан суҳбатда ўқитувчи коллежлар тизимининг ҳозирги кўринишидан воз кечилиб, уларнинг бир қисми 11 йиллик махсус мактабларга айлантирилишини жуда тўғри қарор, деб баҳолади.
- Бизда ихтисослаштирилган мактаблар тажрибаси жуда муваффақиятли, деб ҳисоблайман мен. Буни президентимиз билгани учун шундай қарор бердилар, деб ўйлайман. Кўринг, халқаро олимпиадаларда, мусобақаларда ғолиб чиқаётган болаларнинг ҳаммаси махсус мактабларни битирган. Шунинг учун, буни ота-оналар учун ҳам жуда тўғри қарор бўлди, дейман мен. Бу тизимга ўтилгандан кейин кўрасиз - ота-оналар болаларини махсус мактабларга талашиб-тортишиб бера бошлашади, - дейди Тиллабоев.
Айни пайтда бу ўқитувчи бу соҳадаги айрим таклифларини ҳам тилга олди. Жумладан, 9-синфгача бўлган мактабларни битирган ўқитувчиларга ўзлари яшаб турган ҳудудларда қолиш имкони берилиши, яъни махсус мактабларни шунга кўра очишни таклиф қилди.
Қуйида Исроил Тиллабоев билан суҳбатни тингланг:
Ўтган йили президент Мирзиёев таълим тизимининг "ўзбек модели", яъни умумий таълим мактабида 9 йил + 3 йиллик профессионал таълим формуласидан воз вечиб, 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этилишини маълум қилганди.
ЎзА агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, 3 февраль куни президент Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорни имзолаган.
Президент қарорида айтилишича, Ўзбекистон Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази негизида Касб-ҳунар таълими маркази очилади, ўрта-махсус касб-ҳунар таълим тизими эса қайта ташкил қилинади.
Қарорга биноан, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус таълим умумтаълим мактабларида, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактабларда, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатларида, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида ҳамда академик лицейларда узлуксиз ва 11 йиллик муддатда амалга оширилади.
Бундан ташқари, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар коллежларига мактабларнинг 11-синфлари битирганлар ихтиёрий асосда қабул қилинади ва тегишли мутахассисликка (касбга) эга бўлиш учун 6 ойдан 2 йилгача ўқийди.
Муҳими, касб-ҳунар коллежларидаги таълим контракт-тўлов тизимида жорий этилади. Аммо, ҳозир коллежда ўқиётган талабаларга эса ўқишининг охиригача давлат бюджети ҳисобидан ўқиш имкони берилади.
Президент қарорида, шунингдек, коллежлар йўналишларига кўра, вазирлик, бошқарма, банк, хўжалик бирлашмалари тасарруфига ўтказилиши, уларнинг молиялаштирилиши эса контракт-тўлов пуллари, ташкилотларнинг ўз ҳисобидаги маблағлари ва қонунда тақиқланмаган бошқа манбалардан таъминланиши айтилган.
2016-2017 ўқув йилида бутун Ўзбекистон бўйлаб 144 академик лицей, 1411 касб-ҳунар коллежи бор эди ва уларда жами 1 миллион 500 мингга яқин ўқувчи таҳсил олган.
Norma.uz ахборот-ҳуқуқий портали 5 февраль куни маълум қилишича, мамлакат бўйича жами 39та коллеж ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларига айланади.