Ўзбекистон хабарлари
Ақтўбедаги автоҳалокатда яна икки ўзбекистонлик нобуд бўлди
5 март куни Қозоғистоннинг Ақтўбе областидан ўтувчи Самара-Чимкент йўлининг 778-километрида рўй берган автоҳалокат оқибатида яна икки ўзбекистонлик нобуд бўлди.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича¸ Санкт-Петербургдан Тошкентга келаëтган Opel Astra енгил автомашинаси КАМАЗ билан тўқнашгани оқибатида 40 яшар ҳайдовчи Зоҳиджон Исоқов ва 43 яшар йўловчи Қодиржон Йўлдошев ўлган.
Россиядаги меҳнат муҳожиратидан қайтаëтган қурбонларнинг иккаласи ҳам Андижоннинг Асака туманидан бўлган¸ улар жасади Ақтўбега етказилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эълон қилган баëнотда¸ Ташқи ишлар¸ Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ўлганлар жасадини яқинларига етказиб бериш устида иш бораëтгани айтилади.
1 март куни Ақтау-Бейнау магистраль йўлида йўловчи ташувчи машина билан юк машинаси тўқнашиб кетиши оқибатида 7 нафар ўзбекистонлик муҳожир нобуд бўлди.
18 январь куни айни "Самара-Чимкент" автомобиль йўлида автобус ёниб кетиши оқибатида 52 ўзбекистонлик нобуд бўлди.
Кун янгиликлари
Ўзбекистонга пул ўтказмалари қарийб 15 млрд долларга етди
2024 йилда Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари 14,8 миллиард долларни ташкил қилди.
Марказий банк эълон қилган жисмоний шахслар валюта операциялари бўйича шарҳга мувофиқ, мамлакатга пул ўтказмалари 2023 йилга нисбатан 30 фоизга ёки 3,4 миллиард долларга кўпайган.
Маблағларнинг 77 фоизи Россиядан (11,5 миллиард доллар) юборилган. Шу тариқа РФдан ўтказмалар 2023 йилга нисбатан 29 фоизга ортган. Йиллик трансфертларнинг қолган қисми Қозоғистон (795 миллион доллар), АҚШ (577 миллион доллар), Жанубий Корея (534 миллион доллар), Туркия (405 миллион доллар), Буюк Британия (135 миллион доллар) ва бошқа мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.
2023 йил билан солиштирганда, ўтган йилда Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми Буюк Британиядан 83 фоизга, Жанубий Кореядан 56 фоизга, АҚШдан 35 фоизга ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларидан 32 фоизга ўсган.
Регулятор 2024 йили Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари ҳажмининг 2023 йилга нисбатан ўсишини меҳнат миграцияси йўналишида кузатилган ижобий тенденциялар, хусусан, мигрантларни қабул қилувчи мамлакатларда иқтисодий фаоллик, ишчи кучига талаб ва иш ҳақининг ошиши ҳамда миграция географияси таркибида юқори даромадли мамлакатлар улушининг ортиши билан изоҳланган.
Бир муддат олдин МБ раҳбарияти трансчегаравий пул ўтказмаларини Ўзбекистонда аҳоли даромади ўсиши ҳамда ички валюта бозорида мувозанатни таъминловчи асосий омилларидан бири деб баҳоланганди.
Озодлик аввалроқ Россияда меҳнат муҳожирларига нисбатан босимлар кучаяётган пайтда Марказий Осиё мигрантларининг Ғарб давлатларида ишлаш имконияти ошаётганига эътибор қаратган эди.
COSCOM (Ucell) ширкати жаримага тортилди
Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси COSCOM (Ucell) компаниясини жаримага тортди.
Қўмита матбуот хизмати қайдича, мониторингларда COSCOM ширкати томонидан оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилган рекламаларда бўрттирувчи маъно ифодалангани ҳолатлари аниқланган.
Шунга кўра қўмита махсус комиссияси томонидан компанияга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши аломатлари билан иш қўзғатилган ва молиявий жарима қўллаш хақида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, уяли алоқа операторига қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилган.
Қўмита хабарномасида қарордан норози бўлган томон апелляция кенгаши ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга экани эслатилгани ҳолда, рекламалардаги “бўрттирувчи маъно” айнан нима эканига ойдинлик киритилмаган.
Озодлик аввал хабар қилганидек, 2021 йил февраль ойида келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмонов 70,32% улушига эгалик қилувчи Россиянинг “Мегафон” ва USM Telecom операторлари Digital Holding қўшма корхонасини ташкил этиш борасида ўзбек томони билан келишувга эришганди. Янги корхонага Ucell компанияси ҳамда USMнинг Ўзбекистондаги активлари – CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan капиталининг 100 фоизи ўтказилган.
Ўшанда 100 миллион долларлик сармоя эвазига 8 миллион абонентга эга уяли телефон операторининг назорат пакети рус ширкатига ҳеч қандай тендерсиз берилиши бир қатор саволларни пайдо қилганди.
Агентлик: Ўзбекистонга ўтган йили 500 чоғли мигрант жасади қайтди
2024 йили Ўзбекистонга бошқа давлатлардан қонуний асосда ишлаётган 483 нафар меҳнат муҳожирининг жасади олиб келинган. Маҳаллий матбуот хабарига кўра, бу ҳақда Миграция агентлиги раҳбарияти иштирокида ўтган ҳафта АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида айтилган.
Агентлик вакиллари қайдича, жасадларнинг катта қисми (474 та жасад) Россиядан қайтариб олиб келинган. Шунингдек, ўтган йили Туркиядан беш нафар, Жанубий Корея ва Қозоғистондан тўрт нафар ўзбекистонликнинг жасади қайтарилган.
Миграция агентлиги бошқарма бошлиғи Нигора Исроилова жасадларни қайтариш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қоплангани, жасад қайси мамлакатдан қайтарилаётганига қараб бу харажатлар тақрибан 1000 доллардан (Россия) 9000 минг долларгача (Жанубий Корея, Япония) бўлиши мумкинлигини айтган.
Агентлик масъулларига кўра, 2024 йилда хорижий ўлкаларда қийин вазиятга тушиб қолган 775 нафар ҳамда жиддий жароҳат олган 182 нафар ўзбекистонлик ҳам ватанига қайтарилган.
Уч юздан зиёд ҳоким ёрдамчиси коррупцияга қўл урган
Ўзбекистонда 2024 йилда жами 6898 нафар шахс томонидан 5716 та коррупцияга оид жиноят содир этилган. Бу ҳақда Коррупция қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Коррупцияга оид 309 та жиноят ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан боғлиқ ҳолда содир этилган.
2023 йилга нисбатан коррупцияга оид жиноятлар “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, сув хўжалиги, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда банк соҳасида камайган. Бироқ олий таълим, транспорт ҳамда қишлоқ хўжалигида ошган.
Агентликка кўра, мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳаларида коррупцияга оид жиноятлар салмоғи юқорилигича қолмоқда.
Ҳудудлар кесимида коррупцияга оид жиноятлар Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида энг кўп, Бухоро ҳамда Хоразм вилоятларида эса энг кам содир этилган.
Агентликка 2024 йил давомида жами 4176 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тегишли вазирлик ва идораларга, ҳокимликларга 55 та сўровнома юборилган, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 41 та тақдимнома киритилган, 6 та жиноят иши, 10 та маъмурий иш қўзғатилган.
“Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза”да аввал қайд этилганидек, 2023 йилда республика бўйича 6535 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликка тортилган эди. Ушбу ҳуқуқбузарликлар оқибатида давлат манфаатларига 1,4 триллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳужжатсиз машина бошқарган ўсмир ЙПХ инспектори ўлимига сабаб бўлди
Навоий шаҳрида йўл-патрул хизмати инспектори Жасуржон Муҳаммадов хизмат олиб бораётган вақтида машина уриб кетиши оқибатида вафот этди.
Gazeta.uz нашрининг Республика Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот хизматига таяниб ёзишича, ҳодиса 19 январь куни соат 01:45 да шаҳарнинг Ислом Каримов кўчасида содир бўлган.
Ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган ЙҲХБ инспектори Жасуржон Муҳаммадов давлат рақамисиз, йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланаётган Kia Sonet машинасига тўхташ ишорасини кўрсатган.
Ҳайдовчи тўхташ ишорасига бўйсунмай, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ҳамда инспекторни уриб юборган. Сўнгра воқеа жойидан қочиб кетган. Инспектор ўша жойда ҳалок бўлган.
Тезкор суриштирув жараёнида Kia Sonet уловини 2008 йилда туғилган С.М. бошқаргани, машина унинг отасига тегишли бўлгани аниқланган. Автомобиль яшириб қўйилган жойидан топилиб, жарима майдонига жойлаштирилган.
“Навоий шаҳридаги 8-умумтаълим мактабининг ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган, йўл ҳаракати қоидаларини билмайдиган 10-синф ўқувчиси йўлда бошқа фуқарони уриб юбориши ҳам мумкин эди. Афсуски, ватан олдидаги бурчига садоқат билан кўрсатиб хизмат қилаётган ЙПХ инспектори қоидабузарлик қурбони бўлди”, деган ЙҲХХ матбуот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев.
31 ёшли Жасуржон Муҳаммадов 2017 йилдан буён ички ишлар органлари тизимида ишлаб келган. Марҳумдан икки фарзанд қолган.
Навоий шаҳри прокуратураси ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатларини бошлаган.
ЙҲХХ вакили таъкидича, кейинги вақтларда катталар томонидан вояга етмаган болаларга машина бошқарувини бериш ҳолатлари кўп учрамоқда.
Ички ишлар идораси бир неча кун аввал маълум қилганидек, Самарқанд шаҳрида ҳам вояга етмаган ўсмир томонидан ЙТҲ содир этилган. Шаҳардаги 5-мактабнинг 10-синф ўқувчиси уйда турган Spark машинасини сўроқсиз миниб чиқиб кетиб йўлда пиёдани уриб юборган. 51 ёшли эркак жароҳатлардан вафот этган.
Абдуқодир Ҳусанов расман “Манчестер Сити”да фаолият бошлади
Англия премьер лигасининг “Манчестер Сити” клуби ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусановни ўз таркибига қабул қилганини расман эълон қилди.
Инглиз клуби истеъдодли ҳимоячини Франциянинг “Ланс” жамоасидан 40 миллион еврога сотиб олган. Бу қиймат бонуслар ҳисобига яна ортиши кутилмоқда.
Шу тариқа 20 ёшли Абдуқодир Ҳусанов АПЛда ўйнайдиган илк ўзбек футболчисига айланди.
Спорт нашрлари хабарига кўра, Абдуқодир “Манчестер Сити” клуби билан 2029 йил июнига қадар шартнома имзолаган. Келишувни яна бир йилга узайтириш имконияти мавжуд.
Абдуқодир Ҳусанов футболчилик фаолиятини Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби академиясида бошлаган. 2022 йилда Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубига ўтган. 2023 йилдан эса “Ланс” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келган.
Жаҳондаги истиқболи порлоқ ҳимоячилар рўйхатига киритилган Абдуқодирнинг трансфери ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида оламшумул ҳодиса сифатида муҳокама қилинганини кузатиш мумкин.
Маҳаллий матбуот хабарига кўра, ўзбек футболчисининг инглиз клуби сафига ўтишига президент Шавкат Мирзиёев ҳам муносабат билдирган.
Мирзиёев БААда Абу Даби валиаҳд шаҳзодаси Шайх Холид ибн Муҳаммад Ол Наҳаён билан суҳбатда Абдуқодирнинг “Манчестер Сити” клуби сафига ўтаётганидан “жуда хурсанд бўлгани”ни айтган.
Ол Наҳаён сулоласининг бошқа бир вакили, БАА вице-президенти Шайх Мансур “Манчестер Сити” клубининг хўжайини ҳисобланади.
Ўзбекистонда “GAB Airlines” авиаширкати иш бошлагани рад этилди
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги Ўзбекистонда “GAB Airlines” авиаширкати ташкил этилганига оид хабарни рад қилиб чиқди.
Агентлик қайдича, оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда янги “GAB Airlines” авиакомпанияси ташкил этилгани ҳамда Airbus-320 ва Airbus-330 ҳаво кемаларида парвозларни амалга ошириши ҳақидаги хабарлар “ҳақиқатга тўғри келмайди”.
Хабарномада фуқаро авиациясида ҳаво кемаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодекси ва Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида қонун талабларига мувофиқ ҳар қандай юридик шахс “Ўзавиация” агентлигидан белгиланган тартибда ҳаво кемаси эксплуатанти сертификатини олиши шартлиги эслатилган.
Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, ҳаво кемаси эксплуатанти сертификат олгандан кейингина авиакомпания мақомини олиш мумкин ва ҳаво кемаларида ҳаво ташувларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.
“Ўзини “GAB Airlines” авиакомпанияси деб атаётган ташкилот бугунги кунга қадар “Ўзавиация” агентлигига ҳаво кемаси эксплуатанти сертификатини олиш учун ариза ва ҳаво кемасини сотиб олгани ёки ижарага (лизингга) олгани ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этмаган”, дейилган Фуқаро авиацияси агентлиги хабарномасида.
Аввалроқ Instagram ижтимоий тармоғида “GAB Airlines” авиакомпанияси номидан очилган саҳифада учувчи ва стюардессалар ишга таклиф қилинишига оид эълон берилгани кузатилган эди.
Қўшмачиликда гумонланган аёл Туркиядан Ўзбекистонга йўлланди
Одам савдоси жиноятини содир этганликда гумонланиб, халқаро қидирувга берилган 35 ёшли Ўғилхон Солиева куни кеча Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинган.
Бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси аёл бошқа бир ўзбекистонликнинг ҳужжатларини қонунга хилоф равишда олиб қўйиб, “шаҳвоний мақсадларда сотиб юборган”ини билдирган.
Қўшмачиликда гумонланаётган Солиева Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилган амалиёт чоғида қўлга олингани айтилмоқда.
Дипломатик идора ушбу шахс хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ёхуд ИИОнинг қуйи ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилишни сўраган.
Қўшмачилик айблови билан Туркияда қўлга олинган шахслар Ўзбекистонга илк бора депортация қилинаётгани йўқ. Дейлик, 2024 йилнинг май ойида одам савдосида айбланиб, қидирувга берилган ва жиноят оламида “Моня” лақаби билан танилган Мунисахон Алижонова қўлга олингани ҳақида хабар қилинган. Шунингдек, ўтган йилнинг январь ойи охирида қўшмачиликда гумонланган уч нафар ўзбекистонлик аёл Тошкентга депортация қилингани маълум.
Қозоғистон ёзгача Ўзбекистонга картошка сотмайди
Қозоғистонда бош вазир топшириғи билан учинчи мамлакатларга картошка олиб чиқиб кетилишига олти ойлик чеклов жорий қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири сайти маълумот тарқатди.
“Қўшни мамлакатлар, айниқса, Ўзбекистон томонидан талаб ортгани ва экспорт нархлари юқорилаб кетгани туфайли жорий йилда картошка экспорти 1,5 бараварга − 411 минг тоннадан 605 тоннагача ошиб кетди. Қайд этилишича, талабнинг ўта ошиши ички бозорга таъсир кўрсатди. Дейлик, сўнгги ҳафтада экспортга йўналган ишлаб чиқарувчиларда нарх кескин кўтарилиб кетгани (170 тенгедан 270 тенгега) қайд этилган”, дейилган хабарномада.
Мазкур чеклов Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари учун тааллуқли эмас, бироқ бу йўналишдаги экспорт ҳам назорат остида бўлади.
Шундан келиб чиққан ҳолда, ўтган ҳафтадан бошлаб Қозоғистонда картошка экспорти учун фитосанитария сертификатлар берилиши тўлиқ тўхтатилган.
Қозоғистонликлар Enter Engineering’дан ойлигини ололмаяпти
Ўзбекистоннинг Enter Engineering Pte.Ltd ва UZLITI Engineering МЧЖда ишлаётган қозоғистонлик ходимлар ўтган йилнинг май ойидан буён ойлик маошларини ололмаяпти. Бу ҳақда улар томонидан Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамқулов номига ёзилган жамоавий мурожаатида айтилган.
Нусхаси Озодликда бўлган мурожаатномада қозоғистонликлар ўзларига 2024 йилнинг май ойидан буён маош тўланмаётгани, шу туфайли улар ва оилалари қийин аҳволда қолганларидан шикоят қилишган. Ўзбекистон ширкатлари билан шартнома асосида ишлаётганларини билдирган қўшни давлат фуқаролари пулсизлик туфайли ўзларининг асосий эҳтиёжларини таъминлаш, кредитлар ва тураржой учун ижара пулларини тўлаш ва бошқа мажбуриятларини бажаришга имкон топа олмай қолганларини маълум қилишган.
“Бизнинг ширкат раҳбариятига қилган қатор мурожаатларимиз натижа бергани йўқ. Раҳбарият маош кечикаётгани ва ойлик тўланадиган муддат юзасидан натижа берадиган ҳеч қанақа изоҳ бермаяпти. Сўнгги 7 ой ичида фақат сентябрь ойида апрель ойи учун ва ноябрь ойида қисман май ойи учун ойлик маош тўланган”, деб ёзган қозоғистонликлар элчидан Enter Engineering Pte.Ltd ва UZLITI Engineering МЧЖ билан юзага келган вазиятни ҳал қилиш, ўзларининг қонунчиликда кўзда тутилган меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат қонунчилигини бузгани учун ширкат раҳбариятини жавобгарликка тортиш бўйича чора кўрилиши бўйича кўмак сўрашган.
Маълум бўлишича, қозоғистонликларнинг элчига мурожаатидан кейин ҳам муаммони ҳал этилиши бўйича ижобий ўзгариш кузатилган эмас.
Озодлик ўтган йилнинг март ойидан буён Enter Engineering ишларига ойлик берилмаётгани ҳақида бир неча материал ёйинлаган. Бу мавзуда ноябрь ойида ёйинланган сўнгги видеолавҳада ойликсиз қолган минглаб ишчи иш ташлаш билан таҳдид қилгани ҳақида ҳикоя қилинган эди:
Ўзбекистон ҳозирча фазогир учирмоқчи эмас
Ҳозирда Ўзбекистонда космонавт тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмаяпти ва коинотга фазогир учириш ғояси актуал эмас. Бу масалага “Ўзбеккосмос” агентлиги бўлим бошлиғи Муҳиддин Ибрагимов 16 январь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида тўхталган.
“Космонавт учириш жуда ҳам осон нарса. Ҳозирги пайтда айтайлик, шу халқаро космик станцияга, NASAдаги америкалик ҳамкасбларимизга 50-60 миллион доллар пулини тўлаб берсак, ҳозир ҳам учирсак бўлади. Нима учун бу нарсани ҳозир тўхтатиб турибмиз? Чунки учган космонавт бориб, қўпол қилиб айтганда, селфи тушиб келиши керак эмас”, дея иқтибос келтирган “Ўзбеккосмос” вакилидан Kun.uz нашри.
Мулозим таъкидича, катта маблағ эвазига учирилган фазогир коинотда давлат манфаати йўлида тадқиқотлар олиб бориши керак. Мамлакат бундай тадқиқотлар амалга ошириши учун эса вақт зарур.
Муҳиддин Ибрагимов журналистларнинг Ўзбекистон нега ҳамон сунъий йўлдош учирмаётгани борасидаги саволига ҳам жавоб берган.
“Биз сунъий йўлдош гуруҳини учириш бўйича ишлар олиб боряпмиз. Президент қарори бўйича бизга топшириқ берилган. Биз ҳозир шу бўйича турли давлатлар билан ишлаяпмиз. Ҳисоб-китобни жойига қўйганимиздан кейин охирида таклиф киритамиз”, деган агентлик расмийси.
“Ўзбеккосмос” вакилига кўра, Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти доирасида, хусусан, Туркия билан сунъий йўлдошни биргаликда учириш имкониятларини муҳокама қилмоқда.
2019 йил август ойида ташкил этилган “Ўзбеккосмос” агентлигига фазовий тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш вазифаси юкланган.
“Ўзбеккосмос” аввалроқ ўтган йил давомида мамлакатнинг қарийб 721 гектар ер майдонида 1928 та ноқонуний чиқиндихона борлигини аниқлагани ҳақида маълум қилганди.
Урушга борган яна бир ўзбекистонликнинг жазоси енгиллатилди
Россия томонида Украинага қарши курашган Ўзбекистон фуқаросининг жазоси енгиллаштирилди.
Gazeta.uz нашрининг суд ҳужжатларини ўрганган ҳолда ёзишича, жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани суди 2024 йил 31 октябрида ушбу шахсни Жиноят кодексининг 154- (ёлланиш) ва 223-моддалари (Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасини ёриб ўтиш йўли билан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) билан айбдор деб топган. Унга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Аниқланишича, 2024 йил февралда мавсумий ишлаш учун Бухородан Санкт-Петербургга борган судланувчи Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган ва рус қуролли кучларида бир йил давомида пул мукофоти эвазига ҳарбий хизмат ўташ мажбуриятини олган.
Ўн бир кунлик ҳарбий тайёргарликдан кейин эркак 2024 йил 28 март куни тан олинмаган Донецк Халқ Республикасининг Новомихайловка қишлоғидаги жанговар ҳудудга жўнатилган. 31 март куни бўлиб ўтган жангларда у дрон портлаши оқибатида яраланган ва Россиянинг Волгоград вилоятидаги ҳарбий госпиталга даволаниш учун олиб кетилган.
Айбланувчи 12 июль куни Ўзбекистонга қайтиб келган ва ўз ихтиёри билан ДХХнинг Қашқадарё вилояти бошқармасига иқрорлик билан мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти суди апелляция инстанцияси эркакка тайинланган жазони қайта кўриб чиққан ва 6 йил қамоқни икки йиллик синов муддатига алмаштирган. Апелляция инстанцияси судланувчининг соғлиғи (онкологик касаллик ва жароҳатлар), муқаддам судланмагани, айбига иқрорлиги, жиноятни очишдаги ёрдами, шунингдек, унинг оилавий аҳволи (ягона боқувчи, вояга етмаган болалари бор) каби омилларни ҳисобга олгани айтилмоқда.
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда Украина урушида қатнашган ўзбекистонликларга енгил жазо тайинланаётгани хусусидаги муҳокамаларни кузатиш мумкин.
Озодлик аввалроқ жанговар ҳаракатлар мобайнида ўндан ортиқ украиналик ҳарбийни ўлдирган 39 ёшли Т.А.га 4 йилу 2 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани ҳақида хабар қилган эди.
Мирзиёев: Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 115 млрд долларга етди
Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2024 йилда 6,5 фоизга ошиб, 115 миллиард долларга етган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 16 январь куни инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспортни ошириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдиришича, ўтган йили хорижий инвестиция 1,6 баробар ўсган ҳолда 34,9 миллиард долларни ташкил қилган. Қиймати 10 миллиард долларлик 242 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга тушган, экспорт илк бор 27 миллиард долларга чиққан.
Давлатобод, Янги Наманган, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Шайхонтоҳур туманлари, Наманган ва Самарқанд шаҳарларида инвестициялар 300 миллион доллардан ошган.
Ўзбекистон раҳбарияти 2030 йилга бориб ЯИМни 200 миллиард долларга, унинг аҳоли жон бошига тақсимотини эса 5000 долларга етказиш режаcини эълон қилган эди.
Камчиликлар туфайли Қаршидаги ҳибсхона фаолияти тўхтатилди
Мониторинг жараёнида аниқланган бир қатор камчиликлар сабаб Қашқадарё вилояти Қарши тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари 2024 йилда вилоятдаги вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари, жазони ижро этиш муассасалари ҳамда махсус қабулхоналарни мониторингдан ўтказиб бир қатор камчиликлар аниқлаган.
Жумладан, Қарши шаҳри ИИО фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқармаси, Қарши ва Косон туманлари ИИБнинг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида шахсларни сақлаш шароитлари белгиланган меъёрий талабларга жавоб бермаслиги кузатилган.
Шунингдек, камералар таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани, табиий ва сунъий ёруғлик тизими, санитария-гигиена ҳолати, ҳаво алмаштириш тизими талаб даражасида эмаслиги қайд этилган.
Қарши тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси фаолияти тўхтатилиб, сақланаётган шахслар капитал таъмирланган Касби тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасига кўчирилган.
Омбудсман камчиликларни бартараф этиш бўйича Ички ишлар вазирлигига тақдимнома киритган.
Айни пайтда вазирлик ҳибсхоналар шароитларини яхшилаш бўйича амалий чоралар кўраётгани билдирилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили 2024 йилнинг 10 ойи мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлардаги фуқароларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани юзасидан 158 та шикоят келиб тушганини маълум қилганди.
Шикоятларни кўриб чиқиш натижасида 10 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чораси қўлланган. 3 та ҳолатда ходимларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Сирдарё ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ишдан олинди
Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев лавозимидан озод этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 январь куни ўтказилган инвестиция ва экспорт масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинишича, Сирдарё ҳокими инвестицияларни жалб қилиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва бошқа йўналишлардаги фаолиятда жиддий камчиликларга йўл қўйган.
Йиғилишда инвестиция ва экспорт масаласини ўз ҳолига ташлаб қўйгани сабаб Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Пешку, Янгиобод, Қамаши, Хонқа, Шовот, Ромитан, Деҳқонобод, Миришкор, Чироқчи, Нарпай, Нуробод ва Гулистон туманлари ҳамда Оҳангарон шаҳри – жами 16 ҳудуд ҳокимига ҳайфсан эълон қилинган.
50 ёшли Акмалжон Маҳмудалиев 2022 йил 26 ноябридан буён Сирдарё вилоятини бошқариб келаётганди. У бунга қадар Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими, Учкўприк тумани ҳокими, Навоий вилояти ҳокими ўринбосари каби лавозимларда ишлаган.
Маҳаллий матбуотнинг хабар қилишича, икки ҳафта муқаддам Акмалжон Маҳмудалиев бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўрнига янги ҳоким тайинланиши кутилаётгани ҳақида хабар тарқалган, аммо ҳокимлик буни рад этган эди.