Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:40

Туз ёмғиридан куйган деҳқонларга маҳаллий препарат таклиф қилинди (ВИДЕО)


Инновация вазирлиги экспертлари Хоразмда, 2-июнь, 2018 йил
Инновация вазирлиги экспертлари Хоразмда, 2-июнь, 2018 йил

Инновацион ривожланиш вазирлиги махсус гуруҳи Хоразм вилоятига сафарбар этилди. Айтилишича, вилоятнинг Хонқа туманида маҳаллий фермерлар билан учрашган экспертлар уларга ўзлари ишлаб чиққан "Биосолвент" ва "ДАГ-1" номли препаратларни таклиф қилган.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар қилишича, бир гуруҳ эксперт ва олимлари ўтган ҳафта вилоятда юз берган қум ва туз бўрони зарарини йўқотиш учун синов ўтказишни бошлаган.

"Таъкидлаш лозимки, мазкур препаратлар ўзбек олимлари томонидан яратилган. Полимер композицияли «Биосолвент» кам миқдорда сувдан фойдаланган ҳолда тупроқни зарарли ионлар ва заҳарли ва эриши қийин бўлган тузлардан тозалаш хусусиятига эга. Ўсимликларга пуркаладиган ДАГ-1 препарати эса биологик фаол модда бўлиб, ўсимликларнинг иммун механизмларини рағбатлантириш ва бошқариш орқали патогенларга чидамлилигини оширади", деб хабар қилди вазирлик.

Маълум қилинишича, фермерларга ўз препалартлари афзаллигини баён қилган экспертлар махсус аралашмани сув пурковчи трактор билан 2 гектар ердаги экинларга сочиб, кўрсатиб берган.

Сўнгра, қум-туз бўрондан зарар кўрган тупроқ ва ўсимликлардан тадиқоқот учун намуналар олиб, янги препарат ишлаб чиқиш ваъда қилишган.

Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятида 27 май куни ёққан туз ёмғирининг одамлар саломатлигига ва қишлоқ хўжалик экинларига ёмон таъсири сезила бошлаганидан Озодликка шикоятлар келди.

Озодлик суҳбатлашган деҳқонларнинг айтишларича, томорқалардаги экинлар қовжираб, ўсишдан тўхтаб қолган.

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги бу табиий офатга расмийлар етарли эътибор бермаётгани, маҳаллий ҳокимиятларнинг зарар кўрганларга ёрдам бермаётгани ва бу ҳолатни яширишга уринаётгани ҳақида ёзмоқдалар.

Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш бошқармаси бошлиғи Одилбек Ражапов ҳам, Озодлик билан суҳбатда, республикада чанг-туз табиий офатидан кейин ҳеч қандай фавқулодда ҳолат кузатилмаган, одамларнинг шифкорларга мурожаат қилиш ҳолати кўпаймаган, деб таъкидлади.

Аммо, Қорақалпоғистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ўзини таништирмаган мулозими, табиий офатдан зарар кўрилганини тан олган:

“Ҳозир бу билан махсус гуруҳ мутахассислари шуғулланяпти. Уч-тўрт кун ичида ҳисоб-китоб қилиб, кейин натижасини айтамиз”, деган мулозим.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими мутахассиси, химия фанлари номзоди Шарбай Тўрамуродов ҳам ёққан тузнинг кимёвий таркиби ўрганиб чиқилаётганини билдирганди:

- Биринчи текширувдан бу тузнинг таркибида радиоактив моддалар, оғир металлар, заҳарли химикатлар йўқ эканлиги аниқланди. Лаборатория текширувлари ҳали давом этяпти, - деган эди Шарбай Тўрамуродов 30 май куни Озодлик билан суҳбатда.

XS
SM
MD
LG