Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:36

Песков чемпионатга борганлардан "бола туғиш иши"ни аёлларга қолдирди


Тамара Плетнёва, Давлат Думаси қўмитасида раис
Тамара Плетнёва, Давлат Думаси қўмитасида раис

Россия парламенти депутати Тамара Плетнёва футбол бўйича Жаҳон чемпионатига келган хорижликлар билан жинсий алоқага киришмаслик бўйича берган тавсия ҳануз тармоқларда баҳс бўлмоқда.

Депутат хонимнинг, “айниқса бошқа ирқ вакиллари”дан бола туғиш номақбул экани" ҳақидаги баёноти жиддий эътирозга сабаб бўлди.

Депутатнинг бу баёнотидан ноқулай аҳволга тушган Россия президенти маъмурияти 14 июнь куни бу масалани “россиялик аёллар ўзлари ҳал этсин”, деб баёнот беришга мажбур бўлди.

Россия - олам эътиборида

14 июн куни Москвада Футбол бўйича Жаҳон Чемпионати очилиш маросими бўлиб ўтди.

Шу куниёқ чемпионатнинг биринчи матчи - Россия ва Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Трибунадан уйинни кузатиб турган Владимир Путин ва МДҲ давлатларидан келган юқори лавозимли меҳмонлар кўз олдида руслар жамоаси Рамазон ойининг охирги кунида рўза тутаётган Саудия Арабистони футболчилари устидан йирик 5:0 ҳисобига ғалаба қозонди.

Бу спорт тури бўйича 21 маротаба ўтказилаётган Жаҳон чемпионати ҳам Россия, ҳам парчаланиб кетган Совет Иттифоқи тарихида биринчи чемпионатдир.

Россияга юзлаб давлатдан ташриф буюрган ва Москва кўчаларини шовқин-тўзон ва ўйин-кулгуга тўлдирган футбол ишқибозлари нафақат оддий россияликлар, балки юқори мансабга эга амалдорларни ҳам гангиратиб қўйган кўринади.

(Футбол ишқибозлари Москва кўчаларида)

Жинсий алоқадан тийилиш тавсияси

Россия парламенти – Давлат Думасининг Оила, аёллар ва болалар масалалари бўйича қўмита раисаси Тамара Плетнёва россиялик аёлларни хориждан келаётган ишқибозлар билан жинсий алоқаларга киришмасликни тавсия қилди.

“Говорит Москва” радиостанциясига берган интервьюда хоним Плетнёва бундай алоқалар “тўлиқ бўлмаган оилаларда болалар туғилишига олиб келиши мумкинлиги”дан ўз ҳамюртларини огоҳлантирди.

- Бундай муносабатлардан туғилган болачалар қийналишади, Совет даврида ҳам шундай бўлган. Яхши, агар улар ўз ирқидан туғса, бошқа ирқдан туғса борми... Биз ўз болаларимизни туғишимиз керак. Мен миллатчи эмасманку-я, аммо ҳақиқат шу. Мен болалар қийналишини, уларни ташлаб кетишларини ва бу болакайлар бу ерда қолишларини биламан, деди кўпни кўрганини айтган Тамара Плетнёва.

КПРФнинг Думадаги вакиласи 1980 йилда Москвада бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида хорижликлардан туғиб қўйган жуда кўплаб ёлғиз оналар пайдо бўлганини эслатиб, бунга йўл қўймаслик кераклигини билдирди.

142 миллионлик Россия парламентида қонунларни қабул қилувчи бу Дума депутати фақат россияликлар “миллатидан қатъий назар севги асосида” россияликларга турмушга чиқиши ва бола қилиши кераклигини уқтирди.

2 миллион 400 мингдан зиёд чипта

Ҳақиқатан FIFA мутасаддилари чемпионат давомида биргина Москвага 1 миллиондан зиёд сайёҳ келишини маълум қилди. Ҳозирга қадар FIFA расмий сайти орқали 2 миллион 400 мингдан зиёд чипта сотилгани эълон қилинди.

Коммунист аёлнинг ирқчилик ва миллатчилик ҳиди келаётган бу баёнотидан ноқулай аҳволга тушган унинг ҳамкасбларидан бири, аксинча, рус аёлларини чемпионат давомида “хорижлик меҳмонлар ва футболчилар билан” кўпроқ севишиш ва ишқий муносабатларга киришишга чақирди.

Думанинг Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раҳбари Михаил Дегтярёв бу учрашувлар Жаҳон чемпионати-2018нинг инсоният тараққиётига қўшган “ажойиб натижа, инсонпарварлик ва маданий ҳиссаси” эканига урғу берди.

Интернет депутатнинг бу сўзларига мемлар ва ҳазил-мутойиба билан дарҳол ва шафқатсиз жавоб қайтарди.

Ошиқ-маъшуқлик ишлари

Тармоқларда катта шов-шув кўтариб юборган бу муҳокамаларга Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам қўшилишга мажбур бўлди ва ошиқ-машуқлик ишлар ҳар кимнинг ўз ихтиёри эканини билдириб қўйди:

- Россиялик аёлларимиз масаласига тўхталсак, улар ўзлари бу масалалар ечимини топа олса керак. Улар дунёдаги энг яхши аёллардир, дея таъкидлади Кремл вакили.

Песков бири-биридан ўнгсиз баёнотларни қилаётган ҳамюртларига ҳар бир футбол ишқивози паспорти тагига “Расизмга йўқ дегин!” шиори битилгани ва бу беллашувларнинг энг асосий мақсади эканини маълум қилди.

Тарихдаги илк чемпионат

Футбол бўйича жаҳон чемпионати Россия тарихида биринчи марта бўлиб ўтмоқда. 14 июндан 15 июлгача 32 терма жамоа Москва, Санкт-Петербург, Самара, Саранск, Ростов-Дон, Сочи, Қозон, Калининград, Волгоград, Нижний Новгород ва Екатеринбургда мусобақалар ўтказилади.

Плей-офф ўйинлари: 1/8 —30 июндан 3 июлгача, 1/4 — 6 ва 7 июлда, ярим финаллар Санкт-Петербургда (10 июлда) ва Москвада (11 июлда) ўтказилади. Учинчи ўрин учун ўйин 14 июл куниСанкт-Петербургда, чемпионат финали 15 июль куни Москвада бўлиб ўтади.

XS
SM
MD
LG