Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:47

Петербургда меҳнат мигрантлари ўртасида муштлашув: икки киши яраланди (ВИДЕО)


Мигрантлар ўртасидаги оммавий муштлашувлар Россиянинг бошқа қурилиш объектларида ҳам кузатилган
Мигрантлар ўртасидаги оммавий муштлашувлар Россиянинг бошқа қурилиш объектларида ҳам кузатилган

Санкт-Петербургнинг Виборг туманида кетаётган қурилишлардан бирида 26 июн куни меҳнат муҳожирлари орасида оммавий муштлашув бўлиб ўтди. Маҳаллий журналистларга кўра, икки киши оғир жароҳатлар билан маҳаллий шифохонага олиб кетилган. Аммо, қурилиш ширкати жароҳатланганлар борлигини инкор этмоқда.

2018 йилнинг 26 июн куни Петербургнинг Виборг туманидаги “Северная Долина” турар-жой комплекси қурилишида оммавий муштлашув бўлиб ўтди.

Кундузи маҳаллий вақт билан соат 13:00ларда бошланган жанжалда асосан Ўзбекистон ва Тожикистондан келган меҳнат мигрантлари иштирок этгани тўғрисида маҳаллий оммавий ахборот воситаларида хабарлар пайдо бўлди. “Фонтанка” нашри маиший сабабларга кўра бошланган можаро бир нечта пудратчи ташкилотлар ишчилари ўртасида юзага келганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда оммавий жанжал акс этган видеолар ҳам пайдо бўлди.

Error rendering VK.

Улардан бирида юзга яқин ишчининг битмаган қурилиш объектлари орасида югуриб кетаётганини кўриш мумкин.

Видеода бир гуруҳ ишчи бошқа бир гуруҳ ортидан қувиб, улар ортидан тош отаётгани акс этган.

Ҳодиса гувоҳларига кўра, мигрантлар муштлашувда тош ва арматурадан фойдаланган.

Муштлашув жойидан Петербургнинг Елизаветинский шифохонасига оғир аҳволда бўлган 18 яшар Тожикистон, тиззасидан жароҳатланган ва қулоғи йиртилган Ўзбекистон ватандошлари олиб кетилди.

Тожикистонлик муҳожир йигитнинг боши ёрилгани, мияси чайқалгани, танасида жароҳатлар борлиги қайдга олинди.

Қурилиш майдончасига ҳодиса гувоҳлари томонидан чақиртирилган полиция 30 кишини, жумладан 26 нафар ўзбекистонлик, иккита тожикистонлик ва битта озарбайжонликни бўлимга олиб кетди.

Виборг туман полицияси Озодликка мазкур ҳодиса юзасидан 19 киши Россияда истиқомат қилиш қоидаларини бузгани важи билан маъмурий жавобгарликка тортилганини тасдиқлади.

- Яна 11 кишига майда безорилик асосида иш қўзғатилди, деди исмини очиқламаган полиция ходими.

Санкт-Петербург Ички ишлар бошқармасида Озодлик сўровига оммавий тартибсизлик сабабларига оид ҳозирча маълумот йўқлигини билдиришди.

Россияда давом этаётган футбол бўйича Жаҳон чемпионати давомида рус полициясига ўз расмий сайтларида “негатив” хусусиятга эга маълумотларни чоп этмаслик тўғрисида “юқоридан махсус буйруқ” бўлгани ва Россия имиджини кўтаришга қаратилган тавсияномалар тарқатилгани борасида хабар қилинганди. ​

“Медиазона” нашри чемпионат кунлари очилган жиноятлар, қидирув ва ҳибс этишлар билан боғлиқ хабарлар дарҳақиқат чоп этилмай келаётганини маълум қилди.

Жанжални яқиндан ўрганган Озодлик манбасига кўра, можарога пудратчи ташкилотлар ишчиларга маошларини кечиктириб бераётгани сабаб бўлган.

Озодлик манбаси жанжал бир гуруҳ ишчилар 26 июнь куни иш ташлаб, "забастовка" қилишга қарор қилгани ортидан бошланганини маълум қилди.

Норозилик акцияси тарафдорлари ўша куни ишга чиқишга қарор қилган бошқа бир гуруҳни арматура ва тош билан қурилиш иншоотидан қувишга ҳаракат қилган.

Комплекс қурилишини олиб бораётган "Главстрой-СПб" компанияси вакиласи Александра Гольцман Озодликка муштлашув содир бўлганини тасдиқласа-да, жароҳатланганлар ҳақида бирор маълумотга эга эмаслигини айтди:

- Бизда жабрланганлар борлигини тасдиқловчи маълумотлар йўқ. Можаро бўлганини тасдиқлаймиз, аммо муштлашувда пудратчи ташкилотлар ишчилари иштирок этган, чунки "Главстрой"нинг ўзида ишчилари йўқ, ҳаммаси ёлланган. Жанжал маиший сабабларга кўра юзага келганини хабар қилишди, аммо аниқ нима оммавий тартибсизликка олиб келганини бизга айтишмади. Ҳозир ҳаммаси тинч, қурилиш майдонида иш давом этаяпти, - деди Александра Гольцман.

Петербург меҳнат муҳожирларини жалб қиладиган Россиядаги энг йирик минтақалардан саналади.

2017 йилнинг ўзида бу ерда 238 минг ишчига ишга рухсатнома берилган.

Рухсатнома олган муҳожирларнинг 140 мингги Ўзбекистон ватандошларидир.

XS
SM
MD
LG