Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:50

Москва областида ўлдирилган 5 яшар қизнинг жасади Душанбега келтирилди


Москва область, Серпухово шаҳрида ўлдириб кетилган беш ёшли тожик қизи Хувайдо Тиллозоданинг жасади 25 июль куни эрталаб “Тожик Эйр” авиакомпанияси рейси билан Москвадан Душанбега олиб келинди.

Хувайдо 22 июль куни маҳаллий аҳоли вакили томонидан зўрланиб, сўнгра ўлдириб кетилган. Унинг жасади 23 июль куни тонгда Серпухово шаҳридаги темирйўл бекати яқинида спорт сумкасидан топилган.

Хувайдонинг жасадини Душанбега унинг ота-онаси, шунингдек, Тожикистон меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлиги вакиллари олиб келишди.

Хувайдонинг отаси Абдусалом Саидовнинг айтишича, у бир ҳафтадан сўнг қизининг қотилига энг оғир жазо тайинланишига эришиш учун Россияга қайтиб кетади. “Мен қотилни кўришни ва унинг кўзларига тик боқишни жуда истагандим, лекин менга рухсат беришмади”, - деди у.

Хувайдонинг жасади машинада Кўлоб шаҳрига келтирилди. Дафн маросими бугун Кўлобдаги Шамсиддин Шоҳин маҳалласи қабристонида бўлиб ўтади.

Кеча қизнинг отаси дўконга чиққан, турмуш ўртоғи эса кенжа қизи нима қилаётганини кўриш учун бир неча дақиқага узоқлашган пайтда катта фарзанди ўғирлаб кетилганини айтганди. “Ўша пайт тахминан кечки 5 лар эди. Қизимни 5-10 дақиқа ичида ўғирлаб кетишди... Унинг жасадини эрталаб соат 4 да топишди”, - деди Абдусалом Саидов.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги 5 яшар Хувайдо Тиллозоданинг Серпухово шаҳрида ваҳшийларча ўлдирилиши муносабати билан 24 июль куни нота берди. Тожикистон ташқи сиёсат идорасининг мазкур нотасида Россия Федерацияси тегишли органлари болага нисбатан қилинган ушбу ваҳшиёна жиноятни синчиклаб текшириб чиқишга чақирилган ва бу шафқатсиз қилмишни амалга оширган жиноятчига оғир жазо тайинлаш талаб қилинган.

Тергов қўмитасининг Москва область бўйича бошқармасининг хабар беришича, жиноятни содир этганликда гумон қилинган Александр Семин қўлга олинган. Терговчилар унинг уйидан қиз бола кийимлари қолдиқлари ва бармоқ изларини топишган.

XS
SM
MD
LG