Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:40

АҚШ Россия билан ҳарбий ҳамкорлик қилган айрим мамлакатларга нисбатан санкцияларни бекор қилмоқчи


АҚШ мудофаа вазири Жим Мэттис Россия билан боғлиқ санкцияларни бекор қилиш учун парламентга сўров киритди (архив сурати)
АҚШ мудофаа вазири Жим Мэттис Россия билан боғлиқ санкцияларни бекор қилиш учун парламентга сўров киритди (архив сурати)

АҚШ Сенати президентга Россиянинг санкцияга тушган мудофаа компанияларидан қурол-яроғ сотиб олган, аммо Вашингтон билан қалин муносабатлар ўрнатишга интилаётган мамлакатларни жаримага тортмаслик ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Сенатда 87 та ёқлаб ва 10 та қарши овоз берилган қонун лойиҳаси Оқ Уйга юборилди. Ўтган ҳафтада Вакиллар палатаси қабул қилган қонун лойиҳасини Доналд Трапм имзолаши кутилмоқда.

АҚШ мудофаа вазири Жим Мэттис Россия билан боғлиқ санкцияларни бекор қилиш учун парламентга сўров киритди.

Айни сўров мудофаа бўйича кенг қамровли қонун лойиҳасининг бир қисми сифатида тасдиқланди.

Ушбу қонунда Россия билан ўтмишдаги муносабатлари қалин бўлган, аммо айни дамда “унинг орбитасидан чиқиб кетишга ҳаракат қилаётган” Ҳиндистон сингари мамлакатларга ёрдам бериш мўлжалланмоқда.

Мэттис ўтган ойда Конгрессга ёзган хатида ушбу қонундан йирик қурол-яроғ экспортёрларидан бири бўлган Россияга манфаат етмаслигини баён қилди.

Унинг таъкидлашича, “қонундан фақат АҚШ ва у билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилишга интилаётган мамлакатлар фойда кўради”.

Трамп ўтган йили имзолаган ва Россия билан боғлиқ санкцияларга оид қонунга кўра, ушбу мамлакатнинг санкцияга тушган мудофаа ва разведка ташкилотларидан қурол-яроғ харид қилган ҳар қандай мамлакатни Қўшма Штатлар жаримага тортиши мумкин.

Қонунда Россия президенти Владимир Путинни 2014 йили Украинага қарашли Қрим ярим оролини босиб олгани, Суриядаги фуқаролар урушига аралашаётгани ва 2016 йилги АҚШ президент сайловига аралашгани учун жазолаш кўзда тутилади.

Қонун лойиҳаси Сенатда муҳокама қилинаётган пайтда юқори палатанинг Хорижий алоқалар қўмитаси вакили, сенатор Роберт Менендес ўз хавотирини изҳор қилди.

Оқсоқол сенаторга кўра, санкцияни бекор қилиш тўғрисидаги қонун моддалари АҚШнинг Россияни жазолаш борасидаги саъй-ҳаракатларини чиппакка чиқариши мумкин.

Вашингтон аъёнлари орасида сенаторнинг фикрини қўллаб-қувватловчилар ва Россиянинг хатти-ҳаракатларига шубҳа билан қаровчи кишилар кўп. Улар сирасига Маълумотлар таҳлили билан шуғулланувчи Graphika Inc. компанияси бош ижрочи директори ва ҳаммуассиси Жон Келли ҳам киради:

Русларнинг узоқни кўзлаган стратегик мақсадлари бор. Улар Ғарбдаги демократия институтлари ва демократияга, анъанавий ахборот манбалари ва ҳокимиятга ишончни сусайтиришни кўзлайди. Стратегик мақсад – мана шу. Яна уларнинг муайян тадбир ёки сайловга таъсир кўрсатиш учун ҳакерлик йўли билан олинган ахборотдан фойдаланиш сингари кўплаб тактик мақсадлари ҳам бор. Улар бу ишни ўз атрофидаги мамлакатларда, энди эса бу ерда ҳам қилмоқда.- деди Жон Келли.

Ҳиндистондан ташқари, Вьетнам, Индонезия ва бошқа мамлакатлар ҳам ушбу қонунга кўра, Россияга нисбатан қўлланаётган санкциялардан озод бўлиши мумкин.

Мэттиснинг таъкидлашича, санкциялар бекор қилинса, бундай мамлакатлар Россияда ишлаб чиқарилган ва илгари харид қилган ҳарбий учоқ, танк ва бошқа қурол-яроғлар учун эҳтиёт қисмларни сотиб олавериш имконига, шунинг баробарида Қўшма Штатлар билан мудофаа соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш имкониятига ҳам эга бўлади.

Қонунга кўра, президент ўша мамлакат Россиядан қурол-яроғ импортини камайтираётгани ва Қўшма Штатлар билан мудофаа соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантираётганини тақдиқлаши керак бўлади.

Мудофаа тўғрисидаги санкцияларни бекор қилиш кўзда тутилган қонунда Ҳиндистонга ёрдам бериш, Туркияни жазолаш сингари моддалар бор. Бунга расмий Анқаранинг яқинда Россиядан S-400 ракетадан мудофаа тизимини сотиб олиш бўйича шартнома тузгани сабаб бўлди.

Ушбу қонунда жами ҳарбий харажатлар келгуси молия йилида 716 миллиард доллар бўлиши белгилаб берилди.

Вашингтон АҚШ ва НАТОнинг узоқ йиллардан бери иттифоқчиси бўлган Туркияни Россия ракети тизимлари Шимоилй Атлантика блокининг ҳаво ва ракета мудофааси тизимларига тўғри келмаслигидан қайта-қайта огоҳлантириб келади.

Сенат қабул қилган қонун лойиҳасида Туркияга пули олдиндан тўлаб қўйилган энг замонавий F-35 ҳарбий қирувчи учоқларини етказиб беришни тақиқланади. Анқара ушбу тақиқ бекор бўлиши учун Россиядан S-400 ракетадан мудофаа тизимини сотиб олмаслиги керак.

Туркия президенти Ражап Тоййип Эрдўған, агар Қўшма Штатлар пули тўлаб қўйилган F-35 қирувчи учоқларини етказиб бермаса, халқаро арбитражга мурожаат қилиш билан огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG