Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:42

Максим Шевченко:"Ўрхон - ҳақиқат арслони эди!" (ФОТО-ВИДЕО)


Ўрхон Жамолни сўнгги йўлга кузатишмоқда
Ўрхон Жамолни сўнгги йўлга кузатишмоқда

7 августда Москва Жоме масжидида россиялик таниқли журналист Ўрхон Жамолнинг жаноза маросими бўлиб ўтди. Ўрхон Хованское қабристонига дафн этилди.

Шу куниёқ Москванинг бошқа икки қабристонига 30 июл куни Марказий Африка Республикасида Ўрхон Жамол билан бирга отиб ўлдирилган я на икки журналист - Александр Расторгуев ва Кирилл Радченко кўмилди.

Ўрхон билан видошув маросими Москванинг жоме масжидида бўлиб ўтди

30 июл куни Марказий Африка республикасида отиб ўлдирилган россиялик журналистлар Ўрхон Жамол, Александр Расторгуев ва Кирилл Радченколар 7 август куни Москвада дафн этилди.

Кундуз куни Москва шаҳар Жоме масжидида таниқли журналист Ўрхон Жамол билан видолашув маросими бўлиб ўтди. Жаноза намозига мингдан зиёд одам, жумладан унинг яқин дўстлари ва яқинлари йиғилди.

Маросим бошловчиси журналист Максим Шевченко Ўрхонни шерга қиёслади.

- Ўрхон адолатсизлик пайдо бўлган жойга ўзини мардларча ташлаган шер эди, деди Шевченко.

Африкада ўлдирилган Ўрхон Жамол Москвада дафн этилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:53 0:00

Шарқшунос ва сиёсий таҳлилчи Рустам Қурбонов Ўрхон Жамолни “мусулмонларга хос мардлик ва камтаринлик тимсоли” бўлганини эслатди.

- Унинг ҳаётдан кўз юмиши - Ўрхонга илиқ ва самимий муносабатда бўлган турли қарашлар ва қарамақаршиликларга эга барча мусулмонлар учун катта йўқотишдир. У бу мусулмонларни бирлаштириб келганди. Россия мусулмонлар жамоаси орасида у ўта тўғрисўз ва самимий журналист эди. Мен ўйлайманки, бу бутун Россия учун катта йўқотишдир, чунки бу каби журналистик, гражданлик ва сиёсий қахрамонликни биз анчагача кўра олмаймиз, деди шарҳловчи Рустам Қурбонов.

Сўзга чиққанлар орасида, жумладан, марҳумнинг 12 яшар ўғли Мансур ҳам бор эди.

- Мен отамдек буюк бўлишни ваъда бераман, деди Ўрхоннинг ўғли Мансур.

Сўнгги йўлга кузатишдан олдин сўзга чиққан диний фаол ва собиқ Дума депутати Абдулвоҳид Ниёзовнинг Ўрхонни “романтик ҳиссиётларга берилган ва адолатга интилган катта бола” деб атагани бошловчи Максим Шевченко томонидан инкор этилди ва у жанозага йиғилганларга қарата:

- Ўрхон бола эмас эди, у ҳақиқий эркак, ҳақиқий жангчи ва ҳақиқий шер эди, дея жавоб қайтарди.

Жаноза намозидан кейин Ўрхон Жамол жасади унинг энг яқинлари ҳамроҳлигида Москванинг Хованское қабристонига юборилди.

Дафн маросими тугагач, журналистнинг яқин дўсти Максим Шевченко Озодлик Радиосига Ўрхон Жамол ҳақида буларни гапирди:

- У ўзбек халқини жуда яхши кўрарди. Андижоннинг фожеали кунларида у пистирмалардан ўтиб, Андижондаги жанозада иштирок этганди. Ўзбек халқи бошига тушган яна бир кулфат - Ўш воқеалари давомида уша ерда бўлди. У ўшдаги жоҳилликка гувоҳ бўлди. Биз “ҳақиқат арслони ва ҳақиқат жангчисини” йўқотдик. Демак, биз унинг йўлидан боришимиз ва ҳаётлигида бошлаган ишларни давом эттиришимиз керак, деди Максим Шевченко.

Журналистларни ким отиб ўлдирди?

Ўрхон Жамол ва унинг икки ҳамкасби - Александр Расторгуев ва Кирилл Радченко 30 июлда Марказий Африка Республикасининг Сибут шаҳри шимолидаги пойтахт Бангуига элтувчи трассада отиб ўлдирилган эди.

Тахминларга кўра, ушбу гуруҳ ЖАРда хизмат қилаётган ҳарбийлашган гуруҳ – “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) фаолияти ҳақида суриштирув материали тайёрлашга борган. Компания минглаб аскарларни ёллаш билан шуғулланади ва унинг эгаси президент Владимир Путинга яқин одам Евгений Пригожин экани айтилмоқда.

Бироқ, Россия ҳокимият идоралари “Вагнер” ХҲК дунёнинг бирор жойида топшириқларини бажараётганини инкор этиб келади. Расмий Кремл “журналистларга талон-тарож мақсадида ҳужум қилинган бўлишлари мумкин” деган тахминни илгари сурмоқда.

Журналистларга қилинган ҳужумда тирик қолган ҳайдовчи Ўрхон ва унинг шериклари “ниқобда бўлганлар тилини бемалол тушунгани ва мулоқот қилгани”ни билдирди.

Россиялик бизнесмен, "ЮКОС" компанияси собиқ эгаси диссидент Михаил Ходорковский ўлдирилган журналистлар у бошқараётган "Суриштирувларни бошқариш маркази" (ЦУР) билан ҳамкорликда "Рус ёлланма жангчилари" журналистик лойиҳаси устида иш олиб бораётганини ўз саҳифаларидан бирида тасдиқлади.

Рус ёлланма жанггариларининг Марказий Африка Республикасида пайдо бўлиб қолгани тўғрисида биринчи бўлибфранцузларнинг Le Mondе нашрига таяниб “Новая газета” нашри хабар қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги “ноҳарбий инструкторлар” деб атовчи шахсларни газета “рус ёлланма жангчилари” деб атади. Таъкидлаш жойизки, “Вагнер Хусусий ҳарбий кампанияси” (“ЧВК Вагнер”) Африканинг Судан каби бошқа “қайноқ” нуқталарида “фаолият” юритаётгани маълум.

Жорий йилнинг май ойида Россия ҳукумати МАРга “беминнат ҳарбий-техник ёрдам” кўрсатаётганини билдирганди.

“БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши 2127 розилиги асосида Россия Мудофаа вазирлиги ҳисобидан Марказий Африка армияси талабларига мувофиқ январ охири - феврал бошида ўқотар қурол ва ўқ-дори етказиб берилди. Қўмита рухсати билан, шунингдек, у ерга МАР ҳарбий аскарларини тайёрлашга 5 ҳарбий ва 170 нафар ноҳарбий инструктор жўнатилди”, деди Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Артём Кожин.

Марҳум журналистларга вафотидан кейинги мукофотлар берилди

Журналист Ўрхон Жамол, кинорежиссёр Александр Расторгуев ва оператор Кирилл Радченколарга вафотидан кейин “Редколлегия” мукофоти берилди.

Бундан олдинроқ Александр Расторгуевга “Дафна япроғи” ҳужжатли кино мукофоти топширилганди.

Ўрхон Жамол - ҳарбий ҳаракатлар бораётган минтақалар ва мусулмон мамлакатлари бўйича мутахассислашган таниқли россиялик журналист, ҳарбий таҳлилчи. Россия Ислом қўмитаси марҳум раиси, таниқли сиёсий арбоб Ҳайдар Жамолнинг ўғли.

У Шимолий Кавказ, Ироқ, Ливан, Сурия ва бошқа ҳарбий тўқнашувлар юз берган мамлакатларда ишлаган. 2008 йилнинг 8 август куни содир бўлган Россия-Грузия можароси борасида “Беш кунлик уруш хроникаси” китобини ёзган.

2011 йилда Ливияга қилган командировкаси давомида оёғидан оғир яраланган эди.

Ўрхон Жамол 2005 йилда Андижоннинг қонли воқеалар ва 2010 йилда Ўшдаги можароларни ёритиш учун етиб борган журналистларнинг биринчи қаторида бўлган.

XS
SM
MD
LG