Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:36

Ҳаж мавсуми бошланди: Бу йил зиёратчилар сони 2 миллионни ташкил қилади


 Минода шайтонга тош отиш маросими.
Минода шайтонга тош отиш маросими.

19 август куни Саудия Арабистонида бу йилги Ҳаж мавсуми бошланди. Бу йил 2 миллион мусулмон Ҳаж сафарига бориши кутилмоқда.

Зиёратчилар беш кун мобайнида Каъба атрофини 7 марта айланиш, Арофат тоғида шайтонга тош отиш каби амалларни бажарадилар.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси хабарига кўра, 19 август куни ўзбекистонлик ҳожилар ҳам Мино қишлоғига етиб борган.

Саудия Арабистони ҳар йили Ҳаж давомида хавфсизликни таъминлаш учун миллиардлаб доллар сарфлайди.

Айрим йилларда Ҳаж мавсумида кўплаб одам ҳалок бўлган тартибсизликлар, ёнғинлар ва фавқулодда ҳодисалар юз беради.

Масалан, 2015 йилнинг 24 сентябрида Маккада юз берган тиқилинчда 2300 дан зиёд эронлик зиёратчи ҳалок бўлган, натижада Теҳрон 2016 йилдаги Ҳажни бойкот қилган эди.

Ушбу фожиа ортидан Саурия Арабистони ҳукумати айрим йўлларни кенгайтирди. Натижада 2017 йилги Ҳаж мавсуми жиддий фавқулодда ҳодисаларсиз якунланди.

Ўзбекистонда жорий йилги ҳаж сафари сарф-ҳаражатлари 38 млн. сўм қилиб белгиланди. Бу ўтган йилгидан 14 млн. сўмга кўпдир.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бу ўсишни сафар давомида ҳожиларга кўрсатиладиган хизматларнинг “энг юқори даражада эканлиги” ҳамда хорижий валюталарнинг эркин конвертация қилинаётгани билан изоҳлади.

Айни пайтда қўшни давлат ҳожилари сафар учун ўзбекистонликлардан тақрибан 40 фоиз оз пул тўламоқда.

Жорий йилдан бошлаб ўзбекистонликларга такрор "Ҳаж" зиёратига бориш тақиқланди. Зиёратчи сўнгги 5 йил ичида "Ҳаж"га бормаган бўлиши лозим. Шунингдек, "Умра"га боришни истовчилар ҳам сўнгги 2 йил ичида бу зиёратни қилмаган бўлиши шарт қилиб белгиланди.

Исломий Ҳамкорлик Ташикилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари 1987 йилда имзолаган битимга мувофиқ, ҳар бир мамлакат Ҳажга бир миллион мусулмон аҳолисидан мингтагача зиёратчи юборишга ҳақлидир.

Бу квотага амал қилинса, 33 миллионга яқин аҳолиси бўлган Ўзбекистон йилига 33 минг одамни Ҳажга жўнатиш ҳаққига эга бўлади.

Президент Каримов даврида Ўзбекистон бу имкониятдан фойдаланмади, оқибатда Ҳажга бориш учун йилларга чўзилган навбатлар пайдо бўлди. Бу жараëннинг коррупциялашганига оид кўплаб шикоятлар бор.

Ҳар йили Ўзбекистонлик мусулмонларнинг Ҳаж ва Умра зиёратлари Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тўлиқ назорати ва ташкилотчилиги остида амалга оширилади.

Ўтган йили Ўзбекистондан "Ҳаж" зиёратига борувчилар сони қарийб 40 фоизга оширилиб, 7 минг 200 ўзбекистонлик "Ҳаж"га борди. Ўзбекистон Мусулмонлар идораси бу миқдор йилдан йилга ошириб борилишини билдирган.

XS
SM
MD
LG