Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:27

OzodMIkrofon: Ўғлимни ноҳақ судлашди


72 ёшни қоралаган андижонлик Обидахон опа Расулова 5 ойдан бери Ўзбекистон Олий суд раиси Козимжон Комилов, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов қабулига кира олмаётганидан Озодликка шикоят қилди.

Унинг айтишича, у вазирларга ўғлига нисбатан чиқарилган суд қароридан норозилик билдирмоқчи.

Андижон вилоятининг Улуғнор туманида истиқомат қилувчи Обидахон опа Расулова 5 ойдан бери Тошкентга қатнаб вазирлар қабулига кира олмай сарсон бўлаётганини айтади. Суҳбатдошга кўра, вазир ўринбосарлари уни қабул қилишган, бироқ улар ҳам қониқарли жавоб қайтармаган.

-Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазири ўринбосарлари билан гаплашиб бўлдим. Лекин булардан қониқмаганим учун вазирга кираман деяпман. Уларга ичимдаги гапларни, хато ва камчиликларни айтгим келяпти,- дейди Обидахон опа.

Сухбатдошга кўра, шу йил 6 январда ўғли Тохиржон Расулов ўз автомашинасини бошқариб кетаётганида йўлидан қандайдир тўсиқ чиққан, машинани олиб қочмоқчи бўлганда эса бир аёлни уриб юборган. 12 кундан кейин аёл касалхонада вафот этган.

Обидахон аяга кўра, мазкур воқеа юзасидан ўтган суд маҳкамаларида далил сифатида кўрилиши керак бўлган касаллик варақалари терговчилар томонидан қабул қилинмагани ортидан ўғли айбдор деб топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

- Авария ҳолатида бўлган касалга биз ўзимиз, ўғилларим билан қараганман. Касал яҳши бўлаётган эди. ўзимиз даволатганмиз, шифохонада ўзимиз турганмиз. Шифокорлар ҳам ҳар икки кунда бизни олиб кириб унинг яхши бўлаётганини кўрсатиб турган. Лекин бошқа сабаб билан ўлган одамни ўғлимга тўнгаб қўйишган. Мен шуни вазирларга кириб аниқлик киритаман деяпман. Пастдагилар нотўғри ишлаганини айтаман, -дейди суҳбатдош.

Обидахон Расулованинг айтишича, ўтган суд махкамаларида уларга сўз берилмаган. Келтирилган шикоят аризалари қаралмаган.

- Бизни гапиртиришмади ҳам. ўзлари суд қилиб, ўзлари айблаб, айбни бизга қўйди. Биз терговчидан ҳам, адвокатдан ҳам бош тортганмиз. Ўзлари уларни олиб келиб айблашди. Бизни вилоят судида ҳам, туман судида ҳам гапиртиришмади, - дейди Обидахон опа.

Унга кўра, ҳозир улар шикоят билан Олий судга мурожат қилган. Бироқ Олий суд ҳам ишни қайта кўришга асос йўқ деган жавоб қайтарган.

Озодликдан: Қирғизистонга бориб, ўша ердаги мухбиримиз билан учрашган Обидахон опа Расулова бундан олдин ҳам бир неча бор Озодликка шикоят қилган. Унинг шикоятларидан сўнггисини Озодлик Бош прокуратурага жўнатган. Бу идоранинг масъул мулозими Расулованинг шикоятига зудлик билан реакция билдириб, уни Улуғнор туман прокурори, эртасига Андижон вилоят прокурори қабул қилишга тайёр эканлигини билдирган. Лекин Обидахон опа Расулова бу таклифларни рад этган эди.

----------------------------------------------------------------------------------------

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG