Петербургда 58 яшар таносил касалликлардан даволанаётган ўзбекистонлик муҳожир шифокорни тўппончадан яралади, кейин ўзини отиб ўлдирди. Яраланган врач ҳам ўзбекистонлик экани аниқланди.
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган “Инсам” Шарқ табобати марказига келган шахс пистолетидан уни даволовчи врачни уч еридан яралаб, ўзини отиб ўлдирди.
Санкт-Петербург вилояти бўйича Тергов қўмитаси Озодликка тасдиқлаган маълумотларга кўра, шу йилнинг 25 декабр куни кундузги 15:40-ларда игна санчиш терапиясига келган 58 ёшли шахс даволаниш учун келганини билдирган, аммо врач хулосасини тингламасдан ўқ отишни бошлаган.
- Шаҳарнинг Марказий туманида жойлашган тиббий клиникага ёрдам сўраб келган номаълум шахс иккита травматика пистолетидан шифокорга жароҳат етказган, ундан сўнг ўзини отиб ўлдирган. Тергов органлари томонидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 30 моддаси 3 қисми ва 105 моддаси 1 қисми, яъни “қотилликка уриниш” асосида жиноий иш қўзғатилди, деди ҳодиса сабаблари ўрганилаётганини билдирганСанкт-Петербург Тергов қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Сергей Капитонов Озодликка.
Озодлик ўз манбаларидан “Инсам” марказида ўзини отиб ўлдирган шахс 58 ёшли Сергей исмли Ўзбекистон ватандоши экани, унда руҳий касалликлар аломатлари борлигини аниқлади.
“Инсам” клиникасида мазкур масала юзасидан изоҳ берилмаслигини маълум қилишди.
Қорнининг икки жойидан ва оёғидан енгил яраланган врач Оксана Ким ҳам Ўзбекистондан экани аниқланди.
Оксана Ким 2003 йилда Тошкент Давлат биринчи тиббиёт институтининг Урганч филиалини тамомлагани ва марказда игна ва зулук билан даволовчи терапевт экани, шунингдек таносил касалликларни ноанъанавий услублар ёрдамида даволовчи врач экани маълум бўлди.
Журналистларга берган интервьюсида даволовчи врач Сергей жинсий касалликлардан даволаниб келгани ва антидепрессант моддаларини қабул қилиб келганини билдирди.
- У қабулга келди. Мен унинг шикоятларини тингладим. У бирдан ортга қайтиб, ўқ узишни бошлади. Мен мутлақо кутмаган эдим! Кейин мен у ердан қочиб чиқдим. У билан суҳбатдан у антидепрессантлар қабул қилаётганини билдим. У таблеткаларсиз ухлай олмас экан, деди ҳозирда ўзи даволанаётганини гапирган Оксана Ким.
“Инсам” марказида асосан корейс миллатига мансуб шифокорлар ишлаётганини ҳисобга олиб, терговчилар ҳужумчининг экстремистик ва миллатчилик мотивлар асосида отишма бошлагани тахминлари ҳам текширилаётганини аниқланди.
Айни пайтда, Москвада йўловчиларга ташланиб, ўзини ноадекват ҳатти-ҳаракатлари билан бошқалар эътиборини ўзига қаратган яна бир ўзбекистонлик муҳожир ушлангани хабар қилинди. 38 яшар ўзбек муҳожири уни ҳибс этмоқчи бўлган икки полиция ходимига ташланиб, бирини юзига тарсаки туширгани, иккинчисининг қўлини енгил жароҳатлагани хабари чиқди.
Экспертиза натижасида ғирт маст ҳолатда экани аниқланган ўзбекистонликка нисбатан “Ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик ишлатиш” моддаси асосида жиноят иши очилди.