Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:44

Хитойдаги мусулмонларни ҳимоя қилаётган қозоқ фаоли "миллатлараро низо"да айбланмоқда


Серикжан Биляш аввалроқ Олмаота суди томонидан жаримага тортилган.
Серикжан Биляш аввалроқ Олмаота суди томонидан жаримага тортилган.

Қозоғистонда Хитойда таъқиб қилинаётган мусулмонлар ҳуқуқини ҳимоя қилаётгани билан танилган “Атажурт” ҳаракати раҳбари Серикжан Биляш 11 март куни тергов якунлангунига қадар уй қамоғига чиқарилди.

Хитойдаги мусулмонларни ҳимоя қилаётган қозоқ фаоли "миллатлараро низо"да айбланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:55 0:00

Полиция Биляшни 10 март куни Олмаотада қўлга олган ва Астанага олиб кетган эди. Астана полиция департаменти Биляш “ижтимоий ва миллатлараро низо чиқаришга уриниш”да гумонланиб қўлга олинганини тасдиқлади. Бу борада полиция бошқа маълумот бермади.

Серикжан Биляш Астанада сўроқ бераётган бир пайтда, Хитой яна бир бор АҚШнинг Хитойда мусулмонлар ҳуқуқлари бузилаётгани тўғрисидаги баёнотини инкор қилди.

-Хитой АҚШ расмийсининг асоссиз айбловларидан жуда норози эканини ва бу айбловларга қарши эканини таъкидлайди. Биз бу масалада АҚШга расман норозилик нотаси топширдик, - деди Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Лу Канг.

АҚШ Давлат департаментининг диний эркинликлар бўйича махсус элчиси Сэм Браунбек 8 март куни Ҳонконгдаги хорижий мухбирлар клубида сўзлаган нутқида Хитойни мусулмонлар ҳуқуқларини бузаётганликда айблаган эди.

-2017 йилнинг апрелидан бошлаб Хитой ҳукумати 1 миллиондан ортиқ этник мусулмонни қўлга олди. Уларга нисбатан куч ишлатилиб,уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар ва бошқа мусулмон миллатлар мажбурий равишда қайта тарбиялаш лагерларига жойлаштирилди. Уларнинг оила аъзолари яқинлари ҳатто ўлик ёки тирик эканлигини ҳам билмайди. АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти бу ҳолатдан қаттиқ ташвишда ва Бейжиннинг бу ҳаракатларини мусулмонларнинг ўзлигини, маданиятини ва эътиқодини назоратга олиш уруниши сифатида баҳолайди,-деган эди Браунбек.

Ўзи ҳам Хитойда туғилиб-ўсган ва кейинроқ Қозоғистонга кўчиб ўтган Серикжан Биляш Шинжон-Уйғур мухториятидаги “қайта тарбиялаш лагерлари”га қамалаётган этник қозоқлар ва бошқа мусулмонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб Олмаотада қатор тадбирларни ўтказган эди.

Биляшнинг хотини Лейла Адилжан AP агентлигига берган интервьюсида Қозоғистон ҳукумати эрини Хиттойга топшириб юборишидан қўрқаётганини айтди.

“Атажурт” ташкилоти юристи Айман Умарова эса Серикжан Биляшнинг қўлга олинишини сиёсий мотивлар билан изоҳлади.

“Биляшнинг қўлга олиниши унинг Хитойдаги лагерларга қарши ҳаракатлари ва лагердаги қозоқлар ҳамда бошқа мусулмонларни қўллаб-қувватлаётгани билан боғлиқдир. Ҳукуматимиз Хитой ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар бузилишидан қўрқмоқда”,-деди Айман Умарова.

Февраль ойи бошларида Олмаота суди Серикжан Биляшни ноқонуний тарзда Хитойдаги қозоқлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи “Атажурт” ташкилотига асос солганликда айблаб, 252 минг танга, яъни 670 доллар жаримага тортган эди.

XS
SM
MD
LG