Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:51

Айрим диндорлар муфтиятнинг Жума ҳутбаси қирғиз ва рус тилида ўқилиши шартлиги тўғрисидаги қароридан норози


Қирғизистон муфтиятининг масжидларда Жума кунги маърузаларни қирғиз ёки рус тилидагина олиб бориш кераклиги тўғрисидаги қарори диндорлар орасида турли қарама-қарши фикрларни пайдо қилди.

Қирғизистон муфтийси Мақсатбек Тўқтўмушев томонидан имзоланган қарорга асосан, қирғиз бўлмаган бошқа миллатдаги аҳоли яшовчи ҳудудлардаги масжидларда ҳам жума маърузалари қирғизча, зарур ҳолларда эса рус тилида айтилиши шарт.

Муфтиятнинг Фатво бўлими раҳбари Равшан Эратов бу қарор давлат тилини қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинганини айтди:

-Жума намозида намозхонлар орасида турли миллат вакиллари бўлади. Қирғизистонда қирғиз тили миллатлараро алоқа тили бўлиб ҳисобланади. Имомлар тилни билмаса, энди билади, ўрганади. Шу туртки бўлади, - деди муфтият ходими.

Мазкур қарор диндорлар орасида турли қарама-қарши фикрларни пайдо қилди. Ижтимоий тармоқларда ушбу қарорни тўғри деб ҳисоблаганлар ҳамда муфтиятни миллатчиликда айблаганлар ўртасида қизғин баҳслар бўлмоқда

-Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатух мусулмон биродарлар. Мен қозиятда, муфтиятда, дин бошқармасида ишловчиларга бир сўзим бор эди. Эртага Оллоҳ Субҳанаҳу Ва Таоло “Дин бу омонат, омонатни етказиш учун нима қилдинглар?” деса нима дейсизлар?. “Йўқ биз динни эмас, тилни етказдик”, дейсизларми?Жамоатчиликнинг ўзига қўйиб беринглар, қайси имомни қўйиш, қайси тилда масала қилишни жамоатчилик ўзи ҳал қилиб олади, - дейди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

Айни пайтда бошқа миллатдаги имомлар ҳам бу талабга норозилик билдирмоқда. Исмини айтишимизни истамаган ўзбек имомларидан бирининг айтишича, бундай талаб қўйишдан аввал бошқа ишлар қилиниши керак эди:

-Бундай буйруқ чиқаришга ҳали эртароқ эди. Чунки диний сўзларни гапиришда, етказишда, тушунишда муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун биз ўзбек имомлари – қирғиз тилини ҳали яхши билмаган имомлар диний сўзларни етказаётганда, тўғри етказа оламизми, буни эштаётган одамлар тўғри тушунадим йўқми? Шу жойида бироз ўйлантириб қўядиган жойлари бўлаяпти. Бу ишни босқичма-босқич амалга ошириш керак эди, деб ўйлайман. Бу менинг шахсий фикрим.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулова эса муфтиятнинг қарори қайта кўриб чиқилиши керак, деб ҳисоблайди:

-Дин билан давлат бир -биридан ажратилган. Қирғизистонда масжидларга бораётган намозхонлар орасида турклар бор, уйғурлар бор, дунганлар, ўзбеклар, татарлар бор. Улар зич яшайдиган ҳудудларда жойлашган масжидларда ўз тилида маъруза эшитиш ҳуқуқига эга. Мамалакатимизда Миллатлараро муносабатлар давлат агентлиги бор. Мана шу агентлик Давлат дин ишлари бўйича комиссия, муфтият, президент қошидаги махсус диний масалалар билан шуғулланувчи бўлим билан ҳамкорликда бу масалани қайта кўриб чиқиши керак. Бу масалани қайта кўрилиб, қарор ўзгартирилади, деб ўйлайман,- дейди ҳуқуқ фаоли.

XS
SM
MD
LG