Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:46

Тожикистон: Қамоқхонада маҳбуслар исён кўтарди. 32 одам ҳалок бўлди


Тожикистондаги қамоқхоналардан бири.
Тожикистондаги қамоқхоналардан бири.

Вахдат туманидаги қаттиқ режимли қамоқхонада 19 май куни содир этилган тартибсизликлар пайтида 29 маҳбус ва қамоқхонанинг уч нафар нозири ҳалок бўлди.

Тожикистон: Қамқохонада маҳбуслар исён кўтарди. 32 одам ҳалок бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:31 0:00

Озодлик радиоси тожик хизматининг 20 май куни Адлия вазирлиги Жазони ўташ Бош бошқармасига таяниб хабар беришича, тартибсизликларга алоқадор бўлган 35 одам ҳам қўлга олинди.

Расмий маълумотда айтилишича, Душанбедан 25 километр узоқликдаги Вахдат қамоқхонасида 19 май куни кеч соат 9ларда бошланган исённи террорчи ва экстремист ташкилотларга аъзоликда, жумладан, “Ислом давлати” гуруҳига алоқадорликда айбланиб қамалган маҳбуслар уюштирган.

Расмийлар исёнга раҳбарлик қилган 4 маҳбусдан бири Бехруз Гулмурод эканини айтмоқдалар. Беҳруз Гулмурод Сурияга қочиб “Ислом давлати” сафига қўшилган полковник Гулмурод Ҳалимовнинг ўғлидир. Ҳалимов Сурияга кетгунига қадар Тожикистонда ОМОН қўмондони бўлган.

“Пичоқлар ва ўткир тиғли буюмлар билан қуролланган исёнчилар дастлаб қамоқхонаниниг уч ходими – майор Бурхониддин Муродов, майор Абдужаббор Ҳалимов ва катта лейтенант Маҳмуд Асоевни гаровга олди ҳамда ваҳшийларча ўлдирди. Шундан сўнг 8-жарима изоляторидан “Ислом давлати”га мансубликда айбланиб судланган ўта хавфли жиноятчиларни озод этишди. Кейин ўзларининг ниятларида собит эканликларини намойиш этиш мақсадида бошқа маҳбсулар кўз ўнгида 5 нафар маҳбусни сўйиб ташлашди ва ўнлаб бошқа маҳбусларни яралашди”, - дейилади расмий хабарда.

Айтилишича, исёнчи маҳбуслар қамоқхонанинг тиббиёт қисмига ўт қўйишган ва қатор маҳбусларни гаровга олиб, ўзларини зудликда озод этилишларини талаб қилишган.

“Қонун доирасида ўтказилган исённи бостириш амалиёти чоғида 24 маҳбус жисмонан йўқ қилинди, 35 одам қўлга олинди. Гаровга олинган маҳбуслар гаровдан қутқариб олинди”, дейилади расмий хабарда.

Мазкур воқеа юзасидан Бош прокуратура жиноят иши қўзғатди. Тергов текширув ишлари олиб борилмоқда.

Бундан деярли олти ой муқаддам, яъни 2018 йилнинг 8 ноябрида Хўжанддаги кучайтирилган режимдаги қамоқхонада ҳам маҳбуслар исён кўтарган эди.

Ўшанда, расмий маълумотга қараганда, 21 маҳбус ва қамоқхонаниниг икки ходими ҳалок бўлган, 5 нафар нозир жароҳатланган эди.

XS
SM
MD
LG