Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:07

OzodDayjest: Тошкент ҳокими Ортиқхўжаевнинг қонунни бузаётгани айтилди


Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Ҳукумат идораларида ўзбек тилини билмайдиганлар ишламаслиги лозимлиги таъкидланди. Хоразмда бемор ўлимига сабабчи бўлган шифокорлар жазодан озод этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Тилшунос олим ҳукуматни ўзбек тилини мавқеини ошириш учун амалий ҳаракатга ундади

Тилшунос олим, турколог Бахтиёр Исабек асрлар давомида турли тиллар қисувида яшаб келаётган ўзбек тили ҳали ҳам Ўзбекистонда давлат тили бўлиб улгурмади, деб ҳисоблайди (www.minbar.uz, 20 май).

“Конституцияда белгиланган мақомини амалга ошириш учун ҳукумат чора кўрмаяпти. Ёнимиздаги қўшни-қардошларимиз конституциясига президентликка номзод давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун имтиҳондан ўтиши лозимлиги қоидасининг киритилиши давлат тили мавқеини кўтаришга хизмат қилишини кўрсатиб турибди”, дейди олим.

Олимга кўра, ўзбек тилининг қўлланиш ҳудудини кенгайтириш учун ҳукумат жаҳд қилмоғи керак.

“Сир эмаски, Ўзбекистон мустақил бўлган кунидан бошлаб ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида азалдан яшаб келаётган ўзбеклар ва уларнинг тилни сақлаб қолиши ҳақидаги бурчидан воз кечди. Шунинг учун Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ўзбеклари учун Ўзбекистоннинг барча олий ўқув юртлари тақа-тақ ёпилди. Шунинг учун бу мамлакатлардаги ўзбек мактаблари сони қисқариб бормоқда. Ўзбекча ўқиш керак бўлмай қолди”, дейди тилшунос Бахтиёр Исабек.

Олим давлат идораларида барча ишлар ўзбек тилида олиб борилиши, давлат ва ҳукумат идораларида ўзбек тилини билмайдиганлар бўлмаслиги лозимлигини ҳам таъкидлаган.

Тошкент ҳокими Ортиқхўжаев қонун бузаётгани айтилди

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам давлат ва шахсий бизнесни биргаликда юритишда давом этиб, қонунчилик талабини бузмоқда (Hook.report, 16 май).

Пойтахт раҳбари яқинда ўзбекистонлик блогер Кирилл Альтманга берган интервьюсида эндиликда Akfa компаниялари гуруҳи бенефициари эмаслигини маълум қилган эди.

Hook.report нашрига кўра эса, ҳокимнинг ушбу баёноти ҳақиқатга тўғри келмайди. Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, Ж.Ортиқхўжаев Dream city development, Akfa, Discover invest, Crafers каби брендларга эгалик қилаётган “J-United Group” МЧЖнинг якка таъсисчиси бўлиб қолмоқда.

Қайд этилишича, ҳоким бизнесни давом эттирар экан, энг камида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг “Ҳоким, унинг ўринбосарлари, ҳокимликнинг бошқа ходимлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахслари бошқа ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллашлари мумкин эмас” деган талабини бузмоқда.

Муассислик ҳақ тўланадиган лавозим саналмаса-да, аммо у тадбиркорлик фаолияти ҳисобланади, деб ёзади электрон нашр.

Ж.Ортиқхўжаев блогер Кирилл Альтманга берган интервьюсида ижтимоий тармоқдаги ўзига нисбатан танқидлар хориждаги ва Ўзбекистондаги буюртмачилар томонидан уюштирилаётгани ва бу борада далилларга эга эканини иддао қилган эди. Hook.report нашри ҳокимдан ўша далилларни очиқлашни сўраган.

Бухорода ЎзХДП маблағи ўзлаштирилгани аниқланди

Ўзбекистон халқ-демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши бош ҳисобчиси партия маблағларини талон-тарож этишда айбдор деб топилди (“Ҳуқуқ”, 23 май).

Бу ҳақда прокуратура департаменти вакили Улуғбек Эсонов маълум қилган.

Исми ошкор этилмаган бош ҳисобчи хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланиш мақсадида очилган банк корпоратив картасидаги 71 миллион сўмдан зиёд маблағни ўзлаштирган.

Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган. Шахсий манфаатни ўйлаб, умумманфаатини унутган ҳар қандай киши алалоқибат азият чекиши таъкидланган.

XS
SM
MD
LG