Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:47

Риштонда халқ кутубхонаси бузиладиган бўлди. К.Алламжонов Дима Қаюмга ёрдам ваъда қилди


Facebook ижтимоий тармоғида Дима Қаюм тахаллуси билан танилган риштонлик тадбиркор, блогер Дилшод Болтабоев халқдан тушган хайрия ҳисобига қурган кутубхона бузиладиган бўлди.

Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов унга янги кутубхона қуришда ёрдам ваъда қилди.

2017 йилда қурилган кичиккина кутубхона ижтимоий тармоқларнинг оддий фойдаланувчилари ва жамоатчилик фаоллари биргаликда қувватлаган, сўнгра реал ҳаётда амалга ошишига эришган ўзига хос рамзий масканга айланганди.

Халқ сақлаган кутубхона

Риштон бозорида печка сотиб, кун кўриш билан бирга Facebook ижтимоий тармоғидаги постлари билан танилган блогер Дима Қаюм (Дилшод Болтабоев) бу гал кутубхонани сақлаб қолишга умиди қолмаганини айтади.

"Аввалги йили бузамиз деганидан сўнг катта шов-шув бўлгандан кейин тўхтаб қолганди. Ҳозирни бозорнинг 80 фоизи бузилиб бўлди. Бу гал бузилиши аниқроқ бўлиб турибди", деди Озодликка.

Тадбиркор ҳозиргача бу кутубхона, шунингдек, айни бозорда жойлашган дўкони учун товон пули тўлаш ёки янги жой берилиши ҳақида бирор маълумот берилмаганини айтмоқда.

Кутубхонани блогер тармоқлар орқали тўплаган пул ҳисобига 2017 йил октябрда қурган ва унга "Рошидоний" халқ кутубхонаси, деб ном берганди. Ҳозирга келиб унинг фондида 2 минг донадан кўпроқ китоб йиғилган, кунига 30-40таси китобхонларга улашилади.

2018 йил давомида бозор маъмурияти кутубхонани, бозор тархига мос келмагани ва ҳужжатларда муаммо борлигини айтиб, бир неча бор бузишга уринганди. Аммо, ижтимоий тармоқларда жамоатчилик жиддий эътироз билдиргач, кутубхона сақлаб қолинганди.

Алламжонов ваъда берди

Дима Қаюм Facebook ижтимоий тармоғи орқали Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжоновдан ёрдам сўради.

Алламжонов бу ҳақда ўз саҳифасида маълум қилди ва блогерга ёрдам ваъда қилди. Унинг жавобида ҳам халқ пули ва риштонлик тадбиркор ташаббуси билан қурилган кутубхонанинг бузилиши муқаррарлиги кўринади.

"Сизга телефон орқали қўнғироқ қилиб айтганимдек, бугунги кунда туманда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бошланган. Биз вилоят ҳокими Шуҳрат Мадаминович билан келишган ҳолда, сизнинг кутубхонангиз ўз фаолиятини давом эттириши учун керакли чораларни кўряпмиз. Кутубхона учун тумандаги энг яхши жойни танласангиз, ўша ерда биргаликда кутубхона қурамиз", деб ваъда қилди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари.

Президентнинг таклифи

Бу кутубхона ҳақида мақола чоп қилган "Халқ сўзи" онлайн нашрининг ёзишича, президент Мирзиёев шу йил 6-7 май кунлари Фарғонага ташрифи чоғида Риштонни намунали туманга айлантириш юзасидан таклиф берган.

Шу кунда Риштон бозорида бораётган бузилишлар ана шу таклиф асосида қилинмоқда ва "кўримсиз, архитектура талабларига жавоб бермайдиган турар жой ва нотурар жой бинолари бузилмоқда".

Эндиликда Дима Қаюм Комилжон Алламжоновнинг янги кутубхона қуришда ёрдам беришига астойдил умид қилаётганини айтди ва кутубхонани бозор ҳудудида қолдиришни сўради.

"Чекка жой бўлса, биров бормайди ўзларига ҳам айтдим. Менга қолса, янги кутубхона бозорнинг кираверишида қурилгани маъқул. Тирикчилигим ҳам ўтаверади. Иложи бўлса, ертўлали бўлса, ўша жойда тирикчилик қиламан. Тепасида хотин китоб тарқатаверади. Китоблар 2000 донадан кўп, кунига 30-40 та китоб кетади ёшларга", дейди тадбиркор.

Таъкидлаш жоиз, тадбиркор Риштон бозорида печка сотиб, тирикчилик қиларкан, кундалик ишларининг орасида кутубхонани ҳам, хотини билан бирга, ҳеч бир хизмат ҳақисиз юргизмоқда.

Рамзий кутубхона

Дима Қаюм кутубхона қуришни ният қилган кунидан бошлаб, Facebook тармоғида ўз ҳаракатларини бирма-бир ёзиб борди.

Унинг айтишича, бозор ичида ўзига ажратилган майдонда хайрия маблағлари эвазига "халқ кутубхонаси" қуриш ташаббусига Риштон туманининг аввалги ҳокими Ғайрат Мамадалиев оғзаки рухсат берган ва бундан туман бош архитектори хабардор қилинган.

Шундан сўнг, ижтимоий тармоғида юзлаб одам Дима Қаюмнинг бу ташаббусини қўллаб, кутубхона учун пул ва китоб етказиб беришга киришганди.

Тадбиркор эса йиғилган сумманинг қанчаси ғиштгаю қанчаси китоб жавонларига кетгани ҳақида ҳисоб бериб борди.

"Президент китобхонликни ривожлантириш ҳақида 2017 йил 13 сентябрида қарор чиқарганларидан сўнг, ўша кундан бошлаб ҳаракат қилдим. Ўзимнинг китобларим ва Халқдан китоб йиғдим. Аввалига 300 китоб билан бошланган кутубхонада ҳозирда 2000 дан ошиқ китоб бор. Президент қарорини амалда бажариб, Ўзбекистон тарихида бозорда кутубхона очган мен опа", деб ҳазиллашади блогер.

Ҳозирга келиб бу кутубхона Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқларнинг оддий фойдаланувчилари ва жамоатчилик фаоллари биргаликда қувватлаган, сўнгра реал ҳаётда амалга ошишига ёрдам берган ўзига хос рамзий лойиҳага айланган.

Фарғона водийсига йўли тушган тармоқ фаоллари эса Дима Қаюмнинг кутубхонасига кириб-ўтишни одат қилган.

XS
SM
MD
LG