Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:21

Журналистни "юзингиз менга ёқмаяпти" деб ҳақоратлаган вилоят ҳокими ишдан олинди (ВИДЕО)


Туйгунали Абдраимов, 6 июнь,2019
Туйгунали Абдраимов, 6 июнь,2019

Қирғизистонда Чуй вилоятининг раҳбари Туйгунали Абдраимов журналистга қўпол муомалада бўлгани оқибатида лавозимидан бўшатилди. Бу борадаги буйруқни 10 июнь куни Бош вазир Муҳаммедкалий Абилгазиев имзолади.

Туйгунали Абдраимов 5 июнь куни Сўқулуқ туманидаги Ўрўқ қишлоғида содир этилган оммавий муштлашув ортидан воқеа жойига борган аёл журналистлардан бирига қўпол муомалада бўлиб: “Сизнинг юзингиз менга ёқмаяпти”, деб айтган эди.

Вилоят раҳбари журналистнинг: «Сиз вилоятга масъул одам сифатида нимага воқеа жойига жуда кеч етиб келдингиз? Шу вақтгача қаерда юрдингиз?” деган саволига мана шундай жавоб берган.

Ўрўқ қишлоғида оммавий муштлашув 5 июнь куни Рамазон ҳайит намозидан кейин содир бўлган. Туйгунали Абдраимов эса қишлоққа тушдан кейин борган.

Бу воқеа интернетда тезда ёйилиб кетди ва журналистлар орасида ижтимоий тармоқларда “Мен журналистман. Менинг юзим ўзимга ёқади. Менга ҳукуматимизнинг юзи ёқмайди” деб номланган тадбир бошланиб кетган эди. Юзлаб одамлар Чуй вилояти раҳбарини ишдан бўшатилишини талаб қилиб чиқди.

6 июнь куни вилоят ҳокимиятига норозилик билдириб борган ўнлаб журналистларга Туйгунали Абдраимов ўз ҳаракатидан уялмаслигини ва журналист аёлдан кечирим сўрамаслигини айтганди.

-Журналист менга тўғри савол берди, аммо унинг бу саволни бергандаги оҳанги нотўғри эди. Саломат бўлинглар, - деган Туйгунали Абдраимовни мухбирлар “Шарманда, шармандагарчилик” деган ҳайқириқлар билан кузатиб қолган эдилар.

Сиёсатшунос Акилбек Сариев воқеани шарҳлар экан:

-Бош вазир ўз командаси билан ҳокимиятга келганидан кейин ўз ходимларининг ҳаракатларига ҳам жавобгардир. У ҳукумат обрўсини сақлаб қолишни истаган ҳолда, вилоят раҳбарини ишдан бўшатди,-деб фикр билдирди.

Блогер Элан Абдикеримов фикрича, ҳукуматнинг Чуй вилояти бўйича мухтор вакили Туйгунали Абдраимов билан бўлиб ўтган воқеа бугунги ҳукуматга аҳоли қандай муносабатда эканини кўрсатувчи ёрқин далил бўлди:

-Ҳукумат вакили нотўғри гапларни айтди, аммо у хатосини тан олишни истамади. Аммо бу ерда гап бошқа нарсада. Бу воқеа жамоатчиликнинг ҳукуматга нисбатан нафратини ошкор қилди. Воқеа ортидан халқ истеъфони талаб қила бошлади. Абдраимов воқеаси хайпка айланиб кетди. Журналистлар ҳукумат вакилининг ҳаракатига баҳо берибгина қолмай, ҳукумат вакилининг қўрқмасдан мана шундай ҳаракатлар қилишига нималар сабаб бўлди, деган савол атрофида таҳлил ўтказишлари зарур ,- деди блогер.

Қирғизистон Конституциясида ҳеч бир шахс жинси, тили ва бошқа ўзгачаликлари учун таъқиб қилинмаслиги кафолатланган.

Конституция ҳар бир одамга ахборот олиш ҳуқуқини кафолатлайди. Аммо мамлакатнинг ҳеч бир қонунида “журналистнинг афти-ангори ёқмай қолса, ҳукумат расмийси унга маълумот бермасликка ҳаққи бор”, деган модда мавжуд эмас.

XS
SM
MD
LG