Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:36

Грузия мухолифати россиялик депутат "жиноят"и туғдирган намойишлар давом этишини билдирди


Аксар грузияликлар Россияни "агрессор" давлат деб билади ва Дума депутатининг мустақил Грузия парламенти спикери ўрнига ўтқазилишини ўзлари учун ҳақорат сифатида қабул қилди.
Аксар грузияликлар Россияни "агрессор" давлат деб билади ва Дума депутатининг мустақил Грузия парламенти спикери ўрнига ўтқазилишини ўзлари учун ҳақорат сифатида қабул қилди.

Грузия мухолифати 21 июнь куни норозилик намойишларини давом эттиришни ваъда қилди. “Бирлашган миллий ҳаракат” партияси раиси Григол Вашадзе маҳаллий вақт билан соат 7 дан бошлаб намойишчилар парламент яқинида тўпланишини маълум қилди.

20 июнь куни Тбилисида ўтган Православ парламентлараро анжуманида Россия депутати Сергей Гаврилов ташкилот раиси сифатида Грузия парламенти раиси ўрнида ўтириб сўзлади.

Бу ҳолат протоколнинг қўпол бузилиши ўлароқ талқин қилиниб, минглаб грузияликларнинг норозиликка чиқишига сабаб бўлди. Намойишчилар Гаврилов ҳаракатларини қоралаб, навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилиши ҳамда парламент спикери ва Ички ишлари вазири истеъфосини талаб қилди. Тунга бориб парламент биносига киришга уринган намойишчилар полиция вакиллари билан тўқнашди.

Россия депутатининг Грузия парламенти спикери ўрнида туриб сўзлагани кўплаб сиёсатчи, жумладан, президент, ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси ҳамда мухолифат вакилларига хуш келмади.

20 июнь куни Православ анжумани давомидаги танаффусдан кейин мухолифатчи депутатлар Гавриловнинг спикер ўрнига қайтишига тўсқинлик қилди. Натижада Гаврилов ва Россия делегацияси тансоқчилар қуршовида парламент биносини тарк этди.

Москва 2008 йилда Грузия билан қисқа муддатли уруш ўтказиб, Жанубий Осетия, кейинроқ Абхазияга ҳарбий кучларини киритган эди. Москва Грузиянинг бу икки айирмачи минтақасини мустақил давлатлар сифатида тан олган.

Грузияликлар Гавриловни президент Владимир Путиннинг яқин ҳамкори деб билади ва сиёсатчи Жанубий Осетия ва Абхазияда айирмачиларни қўллайди, деб ишонади.

20 июнь куни кеч бошланган норозилик намойишлари 21 июнь эрталабга қадар давом этди. Ҳодисани ёритган Озодлик мухбирлари полиция билан тўқнашувларда бир неча журналист ҳам жароҳат олганини маълум қилди.

Озодлик мухбирларига кўра, мухолифат етакчиси Вашадзе парламент спикери Иракли Кобахидзе ҳамда Ички ишлар вазири Георгий Гахария истеъфосини талаб қилганидан кейин, полиция билан зиддият кескин тус олган.

Соат 10:30 ларда намойишчилар парламентга киришга урина бошлаши ортидан полиция уларга қарата резина ўқларни отган ва кўзни ёшлантирувчи газдан фойдаланган.

Тбилиси шифохоналаридан бири намойишчиларнинг бири кўзидан айрилганини айтди.

Парламент спикери ўринбосари содир бўлган ҳодисалар учун полиция эмас, балки “провокаторлар” айбдор эканлигини билдирди.

Кунчиқарга яқин полиция вазиятни тўлиғича назоратга олди ва намойишчилар уйига тарқала бошлади.

Маҳаллий матбуот бир неча намойишчи қўлга олинганини хабар қилди, уларнинг аниқ сони ҳозирча номаълум

Грузия президенти Саломе Зурабишвили аҳолини ҳиссиётга берилмасликка чорлади.

Президент, шунингдек, Гаврилов ҳаракатларини “йирик жиноят” дея баҳолаб, унинг мамлакат обрўсига путур етказганини таъкидлади.

Айни пайтда президент Гаврилов ҳаракатлари намойишлар ва ҳукумат истеъфосини талаб қилишга асос бўла олмаслигини айтди.

Тбилисида бошланган норозиликлар ортидан Зурабишвили ва спикер Кобахидзе Беларусь президенти Александр Лукашенко билан белгиланган учрашувни бекор қилди.

Гавриловнинг ўзи эса “Россия-24” телеканалига берган интервьюсида Грузиядаги намойишлар “Россия ва Грузия халқи ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган уринишларга путур етказишни кўзловчи провокация” эканлигини таъкидлади.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Григорий Карасин эса Грузиядаги “радикал сиёсий кучларнинг” бу ишидан хавотир билдирди.

АҚШнинг Грузиядаги элчихонаси Гавриловнинг ҳаракатлари грузияликларга ëқмагани тушунарли ҳолат эканлигини билдирар экан¸ барча тарафларни ҳис-туйғуга берилмай, конституцияга асосланиб иш тутишга чорлади.

Аксар грузияликлар мустақил мамлакатнинг икки минтақаси - Жанубий Осетия ва Абхазияни Грузия таркибидан ажратиб олган Россияни "агрессор" давлат деб билади ва Дума депутатининг мустақил Грузия парламенти спикери ўрнига ўтқазилишини ўзлари учун ҳақорат сифатида қабул қилди.

XS
SM
MD
LG