Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:43

Халқаро ташкилотлар Европа Иттифоқини Азимжон Асқаров масаласида қатъий бўлишга чақирди


Азимжон Асқаров суд залида.
Азимжон Асқаров суд залида.

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Қирғизистон пойтахти Бишкекда 7 июль куни ўтадиган Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашуви арафасида саккизта халқаро ташкилот Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Федерико Могеринига ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни зудликда қамоқдан озод қилиш масаласида мурожаат қилди.

Халқаро ташкилотлар Европа Иттифоқини Азимжон Асқаров масаласида қатъий бўлишга чақирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:58 0:00

Amnesty International, Фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Хьюман Райтс Вотч, Front Line Defenders, Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ва Норвегия Хельсинки қўмитаси каби саккизта нуфузли ташкилот 1 июль куни эълон қилган баёнотда Азимжон Асқаров ноқонуний, адолатсиз ва ноҳолис судлов ортидан 9 йилдан бери қамоқда ўтиргани алоҳида таъкидланган.

Баёнотда айтилишича, 68 ёшли Азимжон Асқаровнинг саломатлиги қамоқда кескин ёмонлашган. Ташкилотлар “адолатсиз судлов оқибатида қамоқда сақланаётган” Азимжон Асқаровни зудликда қамоқдан озод этиш масаласини қирғиз ҳукумати билан музокаралар чоғида кўтаришни ҳамда Асқаровни даволаниш учун хориж давлатларидан бирига олиб чиқилишини талаб этмоқда.

Бишкеклик Ҳуқуқ фаоли Тўлайкан Исмаилова бу баёнотга муносабат билдирар экан:

-Унинг аҳволи оғир, қаттиқ касал. У соғлиғи ва ёши жиҳатидан алоҳида эътибордаги маҳбуслар тоифасига киради. Бундай одамларни қамоқдан озод қилиш лозим. Негаки, у қамоқда вафот этса, суд ҳукмисиз ўлимга маҳкум этилган шахс қаторида тилга олинади,-деб фикр билдирди.

Бироқ Қирғизистон Жазони ўташ Бош бошқармаси ҳуқуқ фаоллари фикрига қўшилмади:

-Судланган Азимжон Асқаровнинг саломатлиги қониқарли. Унинг касалликлари ёши кексайиб қолгани билан боғлиқ. У бизнинг тиббий хизматимиз назоратига олинган. Шифокорлар уни “Касалхонага ётқизмаса бўлмайди” деган хулосага келган эмас, - деди Жазони ўташ Бош бошқармаси расмий вакили Эленора Сабатарова.

Сиёсатчи Равшан Жээнбеков эса Азимжон Асқаров адолатсиз судлов қурбони бўлганига ишонишини билдирди:

-Унинг иши келажакда, албатта, қайта кўриб чиқилиши лозим. Бугунги кунда ҳуқуқ-тартибот тизимларига ишонч деярли йўқ. Бугунги ҳокимиятнинг уни оқлашга кучи етмайди. Фақат халқ чиндан эътироф этган кучли ҳокимият ва парламент мавжуд бўлган тақдирдагина Асқаров оқланади. Бугунги кунда халқаро ташкилотлар босим ўтказаверади, лекин ҳукумат гўёки бундай муаммо йўқлигини баҳона қилиб, қутилиб қолишга ҳаракат қилаверади, - деди Равшан Жээнбеков.

2016 йил апрелида БМТ Қирғизистон Асқаровни озод қилиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилган, аммо қирғиз суди ҳукмни ўзгартирмаган.

Азимжон Асқаровга 2015 йили АҚШ Давлат департаментининг “Инсон ҳуқуқлари фаоли” мукофоти топиширилган. Шундан сўнг Бишкек ҳукумати норозилик сифатида Вашингтон билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини бекор қилган эди.

Қирғизистон ҳукумати наздида Азимжон Асқаров Ўшда 2010 йилда юз берган қирғинга алоқадордир.

Ўш қирғинида 500га яқин одам ҳалок бўлган. Расмий маълумотларда ҳалоқ бўлганларнингг 70 фоизи ўзбек, 29 фоизи қирғиз. 1 фоизи бошқа миллат вакиллари экани айтилади.

Айни пайтда қирғинда айбланиб қамалган 545 кишининг 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.

XS
SM
MD
LG