Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Самара вилоятида заҳарланган ва шифохонада қолаётган 69 ўзбекистонлик, шу жумладан 1 бола тиббий ҳамда ҳуқуқий ёрдам билан таъминланганини маълум қилди.
21 июль куни тарқатилган расмий маълумотга кўра, 3 муҳожир жонлантириш бўлимида барқарор-оғир аҳволда қолмоқда.
Муҳожирларнинг ёппасига заҳарланиши сабаблари эса ҳануз номаълум.
Озодлик Самарада қишлоқ хўжалигидаги ишларни бажариб, пул ишлаётган муҳожирлар заҳарлангани ҳақида 18 июль куни хабар қилган эди.
Ташқи ишлар вазирлиги сайтида берилган хабарга кўра, 19 июль куни Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консули Фариддин Насриев ва Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари Саиднўмон Мансуров Самарага борган.
Натижада, бу вилоятдаги “Кошелевский посад” корхонасида ишлаган ва заҳарланган фуқаролар сони аввал айтилгани каби 68 эмас, 69 киши экани ва булардан бирининг вояга етмаган бола экани аниқланган.
Айтилишича, заҳарланган муҳожирлар ҳануз В.Д.Середавина номидаги Самара вилояти клиник касалхонаси ва 1-сонли Тольятти шаҳар клиник касалхонасида қолмоқда.
Аввалроқ Самара вилояти Тергов қўмитаси Тергов бошқармаси матбуот хизмати Сизрань туманининг Кошелевка қишлоғида ишлаётган ўзбекистонликлар “номаълум моддадан заҳарланиш” ташхиси билан касалхонага ётқизилганини билдирган эди.
Айтилишича, қишлоқ хўжалик ишларини қилиб юрган ўзбекистонликлар ўзларига ажратилган уйда яшаган ва овқатни ҳам ўзлари пиширган. Ҳанузгача ҳар икки давлат расмийлари бу муҳожирлар овқатдан заҳарланган бўлиши мумкин, деган эҳтимолни тилга олмади.
Россия тергов бошқармаси ҳодиса юзасидан суриштирув бораётганини маълум қилган.
Ўзбекистон расмийлари мазкур ҳудуд, вилоят соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари, тиббиёт муассасалари бошлиқлари ва “Кошелевский посад” корхонаси директори билан учрашганини маълум қилди.
Расмий хабардан кўринишича, бу ўзбекистонликлар Россияда қонуний яшаган ва ишлаган, аммо уларнинг шахсига доир ҳужжатлари ҳамда ишлаш учун рухсатномалари маҳаллий иш берувчилар томонидан олиб қўйилган.
Ташқи ишлар вазирлиги учрашув ва музокаралар натижасида муҳожирларга ҳужжатларини қайтариб бериш ва уларнинг ойлик маошини оширишга келишилгани, шунингдек, даволаниш учун кетган ҳаражатлар ҳам иш берувчилар томонидан қопланишини маълум қилди.
Россия Мигрантлар федерациясига таяниб, рус нашрлари берган маълумотга кўра, ўтган йил давомида бу давлатга 3 ярим миллионга яқин ўзбекистонлик борган ва булардан 1 ярим миллионга яқини меҳнат шартномасига эга бўлган.
Россия Ички ишлар вазирлиги 2019 йил бошига келиб бу давлатда қолаётган ноқонуний муҳожирлар сони 2 миллионга яқин эканини билдирганди.
Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган фаолларнинг ишонишича, буларнинг ҳам каттагина қисмини ўзбекистонликлар ташкил қилади ва уларнинг аксари, маҳаллий иш берувчилар томонидан ҳаракати ва ҳақлари чекланган ҳолда, ўта оғир шароитда яшаб-ишлайди.