Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:32

Exit poll: Зеленскийнинг партияси қарийб 44 фоиз овоз олди (ВИДЕО)


Дастлабки натижаларга кўра, Украинадаги навбатдан ташқари парламент сайловида президент Зеленский етакчилигидаги партия қарийб 44 фоиз овоз тўплаган.

Мазкур натижаларга кўра, Украина парламентига 5 фоизлик тўсиқдан ўтган беш партия кириши мумкин.

21 июль куни Украина муддатидан аввалги парламент сайлови бўлиб ўтди. Депутатликка қарийб 6 минг номзод даъвогарлик қилмоқда. Дастлабки натижаларга кўра, овоз беришда сайловчиларнинг 50 фоиздан камроғи иштирок этган.

Демократик ташаббус жамғармаси, Киев халқаро социология институти ҳамда Украина иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар марказини ўз ичига олган консорциум мамлакатда бўлиб ўтган сайловдан кейин миллий экзит-пол натижаларини эълон қилди.

Натижаларга кўра, 44,2 фоиз овоз олиши кутилаётган “Халқ хизматкори” (президент Зеленский партияси), 11,4 фоиз овоз йиғиши мумкин “Мухолифат платформаси – Ҳаёт учун” (россияпарастлар партияси), 8,8 фоиз овоз олиши мумкин бўлган "Европача бирдамлик" (собиқ президент Порошенко партияси), 7,4 фоиз овоз йиғиш эҳтимоли бўлган "Батькившина" (собиқ бош вазир Юлия Тимошенко партияси) ҳамда 6,5 фоиз овоз олиши тахмин қилинаётган “Голос” (раҳбари таниқли рок-қўшиқчи Святослав Вакарчук ) партиялари парламентдан жой олиши мумкин.

Володимир Зеленский президент этиб сайланганидан кейин парламентни тарқатган, янги таркиб учун сайловни муддатдан 3 ой олдин ўтказишга қарор қилган.

Бугунги сайловда Зеленский асос солган “Халқ хизматкори” партияси ҳукмронликни қўлга киритса, Зеленский ўз ислоҳотларини давом эттириши учун замин яратилади.

21 июль кунги сайловда Зеленский, парламент спикери Андрий Парубий, собиқ президент Петро Порошенко ҳамда собиқ бош вазир Юлия Тимошенко кун ярмигача овоз берди.

Овоз берганидан кейин жустналистларга интервью берган Зеленский, ҳукумат етакчиси ҳокимият ёки сиёсатга аралашмаган профессионал иқтисодчи бўлиши керак, деб ҳисоблашини айтди.

Украиналиклар орасида ўтказилган сўровлар Зеленский рейтинги юқори бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Зеленский эртароқ сайлов ўтказиш қарори сабабини мамлакат парламенти унга қарши сиёсатчилар бошқарувида бўлгани билан изоҳлаган.

Киевдаги “Разумков” сўров маркази 18 июль куни эълон қилган натижалари “Халқ хизматкори” партияси 40,2 фоиз овоз тўплаши мумкинлигини кўрсатган эди. Аммо бу натижа ҳам партияга автоматик тарзда ҳукмронликни қўлга киритиш имконини бермайди. Зеленский партияси бошқа партия билан коалиция тузишга мажбур бўлиши мумкин.

Айни сўров натижаларига кўра, собиқ президент Петро Порошенко бошчилигидаги "Европача бирдамлик" партияси, собиқ бош вазир Юлия Тимошенко бошқарадиган "Батькившина" партияси ҳамда таниқли рок-қўшиқчи Святослав Вакарчук бошчилигидаги "Голос" партиялари сайловда 5 фоиздан кўп овоз тўплаши мумкин.

Украина парламентида 450 ўрин бор. Аммо Россия 2014 йилда Қримни аннексия қилиб олгани учун бугунги сайловда 424 ўрин учун кураш кетмоқда.

Украина қонунларига биноан, парламент ўринларининг ярми партиялар тузган рўйхатлар асосида тўлдирилади. Ўринларнинг иккинчи ярмини эса бирмандатли сайлов округларида ғалаба қозонганлар эгаллайди.

Мутахассислар фикрига кўра, Зеленский ғалаба қозонишида муҳим ўрин тутган ёш сайловчилар парламент сайловларида озроқ овоз бериши мумкин. Бу эса ўз навбатида Зеленский партияси озроқ овоз олишига сабаб бўлиши мумкин.

Айни пайтда Украина иқтисоди оқсоқланишига сабаб бўлаётган йирик муаммолар орасида эскирган газ ва электр энергияси инфратузилмалари, чуқур илдиз отган коррупция ҳамда олигархлар бошқарувидаги сиёсий тизим каби масалалар бор.

Зеленский президент сайловида ғалаба қозонганидан бир ой ўтиб, Жаҳон банки, мамлакатда бир текис кетмаётган ислоҳотлар ҳамда сайловлар билан боғлиқ ноаниқликлар туфайли сармоячилар ишончи озайиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди.

Банк ҳисобларига кўра, кутилаётган йирик ислоҳотларга тўсиқ қўйилса, Украина иқтисодий ўсиши 2 фоиздан паст бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG