Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:59

Қирғизистонда Қодиржон Ботировнинг мусодара қилинган мулки устидаги жанжал давом этмоқда


Қирғизистондаги ўзбек миллий маданий марказининг собиқ лидерларидан бири, йирик тадбиркор Қодиржон Ботиров.
Қирғизистондаги ўзбек миллий маданий марказининг собиқ лидерларидан бири, йирик тадбиркор Қодиржон Ботиров.

Қирғизистон ҳукумати 2010 йилги Ўш воқеаларини уюштирганликда айблагани ортидан ватанини тарк этишга мажбур бўлган тадбиркор Қодиржон Ботировнинг мулклари яна маҳаллий ҳукумат ва бу мулкларни ижарага олган тадбиркорлар ўртасида жанжалга сабаб бўлди.

Қодиржон Ботировнинг Жалолободдаги мулкларини бошқариш “Элдик” давлат ташкилотига топширилган эди. Бу ташкилот Ботировнинг мулкларини бошқа тадбиркорларга ижарага берган. Бироқ бугунги кунда уларни мажбуриятларини бажармаётган ижарачилардан қайтара олмай, улар билан судлашмоқда.

- Ижара ҳақини тўламаймиз деб ваъда беришган, бироқ давлатга 18 миллион сўм атрофида маблағ тўланмаяпти. Судларда ҳам бу ишларни кўриб чиқиш узоқиб кетаяпти. Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбековга бу масалада мурожаат ҳам қилдик, судлар ҳеч қандай сабабларсиз ортга сурилмоқда, -деди “Элдик” давлат ташкилоти раҳбари Алексей Апиев.

Унга кўра, Қодиржон Ботиров қурдирган Жалолободдаги “Халқлaр дўстлиги” университети уч йил аввал “Нур билим ордўсу” жамиятига ижарага берилган. Аммо бу жамият ижара ҳақини тўлашдан бош тортиб келмоқда. Ботиржон Қодировга қарашли бўлган болалар боғчаси эса уларга берилганидан сўнг қаровсиз қолган.

“Элдик" ташкилоти Қодиржон Ботировга мансуб бўлган ва давлат томонидан мусодара қилинган 23та ва собиқ президент Қурмонбек Бакиевга мансуб битта мулкни бошқаради. Бу объектларни ижарага олганлардан олти нафаригина ўз мажбуриятларини бажармоқда.

“Элдик” билан судлашаётганларнинг бири Жалолобод ЖБИ заводи раҳбари Бақит Бўрўшев ишга туширилган корхонага эгалик қилмоқчи бўлганлар пайдо бўлаётганини айтади.

- Биз заводни ишга тушириш учун қанча миллион пул ётқиздик. Энди ҳозир “Элдик” “Ижара муддатинглар тугади”, -деяпти. Биз эса “чиқмаймиз”, деяпмиз. Негаки кўчмас мулкка тегишли барча масалалар фақат суд орқали ҳал қилинади. Ишхона ишлаб, гуллаб, фойда бераётганидан кейин бу ишхонага қизиқувчилар ҳам кўпайиб қолар экан, - деди Бақит Бўрўшев.

Маҳаллий фаол ва ҳуқуқ ҳимоячиси Анарбай Ўрўзов Ботировга тегишли бўлган мулклар аввалдан талон-торож қилиниб келаётганини айтади.

-Ўз даврида Қодиржон бу ишхоналардан катта фойда кўрган. Нега энди бугун улар касод бўлаверади? Бунинг сабаби коррупциядир. 2011 йили Қодиржон Ботиров мулклари ҳибс қилинган. Ўшанда хоҳлаган одам уларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олаверган. Вилоят суди ҳам бинолардан бирига ноқонуний кириб олган. Икки ғишт заводи ҳам хонавайрон қилинди, халққа ҳам, давлатга ҳам фойдаси тегмади, - деди Ўрўзов.

Шу йилнинг май ойида парламент депутатлари Қодиржон Ботировнинг давлат мусодара қилган мулкларини бошқарувчи “Элдик” ташкилоти тузилганидан бери давлатга бир тийин ҳам фойда келтирмаганини танқид қилган эди.

Қирғиз ҳукумати Қодиржон Ботировни 2010 йил июнида Қирғизистон жанубида содир этилган этник тўқнашувларнинг ташкилотчиларидан бири сифатида айблаб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига маҳкум этган.

Қирғизистондаги ўзбек миллий маданий марказининг собиқ лидерларидан бири, йирик тадбиркор Қодиржон Ботиров 2018 йилнинг 4 декабрида Украинанинг Одесса шаҳрида 62 ёшида вафот этган. У 8 декабрь куни Тошкент вилоятининг Зангиота қабристонига дафн этилган.

Ботиров ҳаётлик чоғида қирғиз ҳукумати томонидан ўзига қўйилган айбловларни инкор қилиб келган.

XS
SM
MD
LG