Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:25

Нукус туманидаги Шортанбой қишлоғи аҳолиси газ йўқлигига норозилик билдириб йўл тўсди (ВИДЕО)


Шортанбай овулида йўл тўсган одамлар (видеодан скриншот)
Шортанбай овулида йўл тўсган одамлар (видеодан скриншот)

Қорақалпоғистоннинг Нукус туманида яшовчи 70га яқин одам табиий газ берилмай қўйилганига норозилик билдириб, автомобил йўлини тўсиб қўйди. Бу воқеа тўғрисидаги видео 27 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.

Нукус туман ҳокими А.Сейтахов ва туман прокурори Ш. Алламбергенов норозилар билан воқеа жойида учрашган. Қишлоқ аҳолисининг кўмирга бўлган талаби ўрганиб чиқилиб, шу куннинг ўзида 116 тонна кўмир етказилган.

«Ҳозирги вақтда мазкур ҳудудга суюлтирилган газ ва кўмир етказиб берилмоқда. Лекин, қишлоқ аҳолиси кўмир сифати паст эканлигини таъкидлаб, кўмир сотиб олишдан бош тортган ва ҳудудни табиий газ билан таъминлаб беришни талаб қилган», дейилади ЎзА хабарида.

Хабарда айтилишича, “Ўзтрансгаз” ширкатининг“Қарақалпақстангаз” филиали бошлиғи Х.Айманов ва Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири А.Темирханов норози аҳоли билан учрашиб, табиий газ етишмовчилиги сабабларини ва бу норозилик намойишлари қонунга зид эканлигини тушунтирди.

Расмийларга кўра, қишлоққа газ етказиб берувчи 16 километр қувур яроқсиз ҳолатга келган ва юқори босимдаги газга бардош бера олмайди. Мазкур қувур янгисига алмаштирилганидан кейингина қишлоқ яна газ таъминотига босқичма-босқич уланади.

Бугунги кунда ҳудуддаги 1541 хонадондан 420таси ёрдамга муҳтож оилалар экани аниқланган ва уларнинг ҳар бирига 500 килодан кўмир, 2 донадан газ баллонлари ва 10 арава қуруқ ўтин бепул берилган.

Ўзбекистонда куз-қиш мавсумида электр ва газ таъминотидаги узилишлар тез-тез кузатилади.

27 ноябрь куни Сирдарё вилоят, Сирдарё туман марказидаги Оҳунбобоев маҳалласи ҳудудида 50 дан зиёд ҳайдовчи АЁҚШларда метан гази йўқлигидан норозилик билдириб, Гулистон-Тошкент йўлини тўсиб қўйган эди.

Аввалроқ Озодлик радиоси Сурхондарë вилояти маркази Термиз шаҳридаги ўнлаб ресторан ва кафе эгаларига 1 апрелга қадар табиий газ тармоғидан узилиш ҳақидаги огоҳлантириш хати тарқатилгани ҳақида хабар берганди.

Озодлик радиосига бу борада гапирган мутахассислардан бири¸ “муаммонинг биринчи илдизи¸ Ўзбекистонда ички эҳтиëжни қоплайдиган даражадаги табиий газнинг йўқлиги бўлса¸ иккинчиси¸ газ қувурларининг авария ҳолатида экани билан боғлиқ”, деб айтган эди.

XS
SM
MD
LG