Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:31

Жонли блог: Картошка тақчил, нархи 7000 сўмгача чиқди. Картошкани қиммат сотганлар жазоланди (ВИДЕО)


Қўшкўпир бозорида картошка устида жанжал келиб чиқди
Қўшкўпир бозорида картошка устида жанжал келиб чиқди

Ўтган шанба - якшанба кунлари мамлакатнинг деярли барча худудидаги бозорларда картошка тақчиллиги кузатилди.

Картошканинг бир килоси нархи 3500 сўмдан 7000 сўмгача қимматлагани хабар қилинди.

Бу ҳақда Озодликка йўлланган ўнлаб фото-видеоларда картошка расталари олдида узундан-узоқ навбатлар юзага келгани, картошка устида талашиш ўзаро жанжалларга сабаб бўлгани акс этган.

Тасвирларда карантин бўлишига қарамай бир жойга ўнлаб одамнинг йиғилганини кўриш мумкин.

Расмийларга кўра, мамлакат бозорларида нархларнинг кескин кўтарилиб, кетишига, асосан, тадбиркорлар сабабчи бўлган.

Нархларни асоссиз оширган ўнлаб тадбиркорга нисбатан маъмурий жазо қўлланилган.

Ушбу жонли блогда мамлакатнинг турли бурчагидан келаётган хабарлар ўрин олган.

Картошка можароси: Нарх икки баравар ошгани сабаб сотувчи ва харидорлар жанжаллашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:25 0:00

Картошка нархини асоссиз оширган савдогарлар жазоланди

28-29 март кунлари мамлакат бозорларида нархларни асоссиз оширган тадбиркорлар жазога тортилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва солиқ ходимларидан иборат ишчи гуруҳ расмийларидан олинган маълумотга кўра, шанба ва якшанба кунлари мамлакат бозорларида нархларнинг кескин кўтарилиб, кетишига, асосан, тадбиркорлар сабабчи бўлган:

“Ишчи гуруҳнинг жойлардаги бўлимлари бозорлардаги нарх-навони назоратда ушлаб туришга ҳаракат қиляпти. Лекин ўтган икки кун ичида бозорлар жуда гавжум бўлгани ва талабнинг катта бўлганидан фойдаланган айрим тадбиркорлар асоссиз равишда нархни оширган. Бугун мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида аҳолидан тушган шикоятлар ўрганилди. Огоҳлантиришларга қарамай нархларни асоссиз оширган тадбиркорларга нисбатан маъмурий иш очилиб, уларга маъмурий чоралар кўрилди”, деди матбуотга гапириш ҳуқуқи йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган ишчи гурух расмийси.

Жумладан, Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги деҳқон бозорида картошка 5000 сўмдан сотилгани учун келиб чиққан жанжалга сабабчи бўлган тадбиркорга ҳам маъмурий чора қўлланилди.

Ишчи гуруҳнинг Хоразмдаги бўлимидан олинган маълумотга кўра, қўшкўпирлик тадбиркор бозорда солиқчилар йўқ пайтини пойлаб, нархни кўтарган.

“Машина ҳайдашга тақиқ сабаб, одамлар қоплаб картошка олди”

Тошкентнинг “Фарҳод” бозорига бориб, картошка ололмаган муштарийнинг айтишича, машина ҳайдашга тақиқ қўйилгани сабаб одамлар қоплаб картошка ғамлаган:

“Хабарингиз бор, бугундан бошлаб машина ҳайдашга тақиқ қўйилди. Шунинг учун 2 кун ичида одамлар бозорга ёпирилишди. Ҳеч ким карантинга ҳам қарамади. Икки метр масофа сақла, деган гапга ҳам ҳеч ким амал қилгани йўқ. Одамлар машина ҳайдамасак, қандай қилиб, бозорлик қиламиз деб, тақиқдан аввал озиқ- овқатини ғамлаб олишди. Бозорда ҳамма нарсанинг нархи кўтарилиб кетибди. Айниқса, картошка масаласи чатоқ бўлди. Кеча “Фарҳод” бозорида картошка 7000 сўмдан сотилган”.

Чора: 5 килодан кўп картошка олманг!

Тошкентнинг Юнусобод туманида яшовчи муштарийдан келган хабарга кўра, тумандаги супермаркетда ҳар-бир мижозга 5 килодан кўп картошка берилмаяпти.

Ҳокимлик: Тошкентда етарли даражада озиқ-овқат заҳираси мавжуд

Пойтахт бозорларида икки кун давом этган тақчиллик ва нарх-навонинг қимматлашгани ортидан 29 март куни кечқурин Тошкент шаҳар ҳокимлиги баёнот билан чиқди.

Баёнотда айтилишича, Тошкентда шаҳар аҳолисини таъминлаш учун етарли даражада озиқ-овқат заҳираси мавжуд:

“Маълумки, 30 мартдан Тошкент шаҳрига фақат махсус рухсатномага эга машиналар кириб чиқиши ва ҳаракатланишига рухсат берилди.

Аммо бу шаҳримизга озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиб кирилмайди дегани эмас.

Бугун шаҳримизнинг кўплаб бозорлари ва дўконларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига навбат кузатилди. Бу эса карантин талабларига зиддир.

Шу сабаб аҳолимизга мурожаат қилиб, захирада қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етарли эканлигини, бозор ва дўконлар бундай маҳсулотлар билан мунтазам таъминланишини маълум қиламиз".

"Нурободда картошка учун одамлар бир-бирини итариб ташлади"

Олмалиқлик қиз: “Ойдин” бозорида картошка устида жанжал бўлди

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги “Ойдин” бозоридаги вазиятни Озодликка тасвирлаган олмалиқлик қиз картошка устида одамлар бир-бири билан талашиб, жанжал ҳам чиққани ҳақида ёзди:

“Ойдин” бозорида картошка устида уруш-жанжал. Картошка анқонинг уруғимиди, топилмайдиган? Бозорчиларга тарқатиб берса, бўладику, одамларни тўпланишига мажбур қилишмасдан. Ички ишлар ходимлари ҳам одамларни тартибга чақираман деб, жуда қўпол муносабатда бўлишди”.

"Попда картошка 5500 сўмдан сотилаяпти"

Наманган вилоятининг Поп туманидан Озодликка келган хабарда Поп шаҳридаги деҳқон бозорида картошка нархи 5000 дан 5500 гача сотилаётгани айтилган:

"Картошка учун навбатлар пайдо бўлди"

Қашқадарёнинг Қамаши туманидаги бозордан видео хабар йўллаган йигит ҳам картошка нархи ошганидан шикоят қилди:

"Қизилтепа маҳалласидаги бозор бу. Ўтган ҳафта 3500 сўм бўлган картошка 5000га чиқиб кетди. Одамлар картошка олиш учун навбатга турибди. Масъуллар ҳолатни назорат қилмайдими?”.

"Музработда ҳам қимматчилик"

Сурхондарё вилояти Музработ туманидан жўнатилган видеода туман бозорида нафақат картошка, балки бошқа маҳсулотлар нархи ҳам ошиб кетгани акс этган:

"Вирусдан эмас, очликдан ўламиз"

Самарқанд вилояти Пахтачи тумани “Шамс Назар” маҳалласидан Озодликка хабар йўллаган аёл картошка нархи 5500 сўмга чиққанини айтди:

““Шамс Назар” маҳалласидаги бозорда картошка 5500сўм, пиёз 3500 сўмдан сотилмоқда. Ун эса йўқ. Аҳоли ун излаб юрибди. Савдогарлар ўзларича сунъий равишда нархни кўтариб юборишди. Бу кетишда оддий халқ қандай қозонини қайнатади? Эрталаб нон йўқлигидан болаларимга нонушта қилиб бера олмадим. Бу карантинда вирусдан эмас, очликдан ўламизку”, дея пахтачилик муштарий бозорда олган видеоларини ҳам Озодликка жўнатди.

Чорсудаги вазият: Карантинга қарамай одамлар картошкага навбатга турибди

“Фарғонада картошка нархи сунъий равишда оширилмоқда”

Фарғона вилояти Учкўприк тумани бозорида 28 март куни ўзи гувоҳи бўлган воқеа ҳақида Озодликка хабар берган учкўприклик йигитнинг айтишича, савдогарлар картошка нархини сунъий равишда кўтармоқда:

"Савдогарлар "Картошкани 5000 сўмдан сотаман" деб, картошкани сотмай, машинани ёпиб қўйишмоқда. Нарх-наво назоратимизда дея ҳисобот бераётган масъуллар қаерда?”.

Учкўприклик йигит жўнатган видеода савдогарлар картошкани арзон сотилишини талаб қилган харидорларни ҳайдаётгани акс этган.

"Картошка деб, карантин қоидалари бузилмоқда"

Тошкентнинг Чилонзор савдо мажмуасидаги картошка учун йиғилган навбат.

“Карманада картошка фақат таниш-билишга сотилаяпти”

Карманадаги бозорда олинган сурат
Карманадаги бозорда олинган сурат

Навоий вилояти Кармана тумани деҳқон бозоридаги вазият ҳақида Озодликка хабар йўллаган карманалик муштарий картошка фақат таниш-билишга сотилаётганини айтади:

“Навоий вилояти Кармана туманидаги деҳқон бозорида фақат бир жойда майда картошка бор, у ҳам фақат таниш-билишга сотиляпти, оддий халққа эса картошка йўқ!”.

XS
SM
MD
LG