Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:04

UZ/Коронавирус: камида 1214 кишига юқди. "Ўзкомназорат" аҳолини фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди


Пандемияга қарши кураш доирасида пенсия пулларини нақд кўринишда беришни тўхтатиш режаланди
Пандемияга қарши кураш доирасида пенсия пулларини нақд кўринишда беришни тўхтатиш режаланди

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг давоми. Аввалги қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

15 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра:

- Ўзбекистонда камида 1214 кишида вирус аниқланди, 99 бемор соғайди. 4 бемор вафот этди. Беморлар 8 вилоят ва пойтахтдаги шифохоналарда даволанмоқда.

- 6 апрелдан мамлакат бўйлаб "ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи мажбурий равишда жорий этилди, мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш ҳам вақтинча чекланди.

- 25 мартдан кўчада ниқобсиз юриш тақиқланди. 30 мартдан автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома билан ҳаракатланиш чеклови қўйилди.

- Вирус юқтирганлар расмий сони дунё бўйича қарйиб 2 миллионга етди, ўлганлар сони эса 119 мингдан зиёд, тузалганлар 453 минг атрофида.

“Ўзкомназорат”: Фирибгарлар SMS жўнатиб, карантиндагилардан жарима тўлашни талаб қилмоқда

“Ўзкомназорат” карантин тартиби бузилганини иддао қилиб, жарима тўлаш талаби билан юборилаётган SMSларга ишонмасликка чақирди.

Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси -“Ўзкомназорат”нинг 14 апрелда билдиришича, “ўзини яккалаш” тартибига ўтган фуқароларнинг уйда ўтирганидан, шунингдек, одамларда коронавирус пандемияси сабаб хавотир кучли эканидан фойдаланиб қолаётган фирибгарлар турли усулларда кишиларни чалғитиб, уларнинг электрон ҳисобдаги маблағларини ўзлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

“Масалан, фуқароларга муайян сана ёки геожойлашув нуқтаси координатларини кўрсатиб, “Сиз карантин қоидасини буздингиз, энди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима тўлайсиз”, деган мазмунда жаримани уйдан тўлаш ҳам мумкинлигини таъкидлаб, тўлов учун карта рақами кўрсатилган SMS хабарнома жўнатиш ҳолатлари ҳам учраб турибди”, дейилади расмий билдирувда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, “Ўзкомназорат” ўзбекистонликларни бу каби SMSларга алданиб қолмасликка ва ҳеч қачон электрон ҳисобдаги маблағлар ёхуд турли махфий кодлар ҳақида бегона шахсларга маълумот бермасликка чақирган.

Шунингдек, бу каби ҳолатлар кузатилганда SMS хабарномани ўчириб ташлаш, телефон қўнғироғи бўлганлиги ҳақида 102 рақами орқали ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар бериш тавсия этилади.

Расман: Коронавирусга чалинганлар сони 1214 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 15 апрель соат 10:00 даги маълумотида қайд этилишича, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони расман 1214 нафарни ташкил қилмоқда.

15 апрелга ўтар кечаси коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1165га етгани хабар қилинган эди. Бу билан ўтган 12 соат мобайнида беморлар сони 49 нафарга кўпайган.

14 апрелга ўтар кечаси беморлар сони 998 нафар эди. 14 апрель соат 23гача коронавирус юқтирганлар 167 кишига кўпайган. Бу кунлик зарарланиш ҳолатлари бўйича рекорд натижа бўлди.

11-12 апрель кунлари коронавирус аниқланганлар рўйхатига 100 кишидан қўшилган бўлса, 13 апрелда 133та янги ҳолат аниқланди.

Шу кунгача Ўзбекистонда коронавирусдан 99 бемор соғайди. 4 бемор вафот этди. Вафот этганларнинг икки нафари эркак, икки нафари аёл.

Йирик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва қурилишларга ишлашга рухсат берилди

Фаолиятини давом эттиришига рухсат берилган ташкилотларда санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиши шарт.

Республика махсус комиссияси ва Махсус штабнинг 2020 йил 14 апрелдаги қўшма йиғилиши қарорига асосан “иқтисодиёт тармоқларининг муҳим йўналишлари ва йирик ишлаб чиқариш ташкилотларини фаолиятини давом эттириш, шунингдек, йирик қурилиш объектларида қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини давом эттириш (бошлаш)га Республика махсус комиссиясининг ҳудудий штаблари раҳбарларининг қарорига (йиғилиш баёни) мувофиқ рухсат берилиши” белгиланди

Фаолиятини давом эттиришига рухсат берилган ташкилотларда санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиши шарт. Бундан ташқари улар ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этиши лозим. Ишчиларни овқатлантириш ҳам объект ҳудудида ташкил этилади. Бунинг учун корхоналар раҳбарларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига шахсий жавогарлик юкланади.

Қўшма қарорда Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида жорий этилган коронавирус инфекциясига қарши чекловлар Тошкент вилоятининг Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарларида ҳам амал қилиши белгиланди.

РАСМАН: Коронавирус юқтирганлар сони 1165 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 14 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1165 нафарни ташкил қилмоқда.​

14 апрелга ўтар кечаси беморлар сони 998 нафар эди. Шундан бери коронавирус юқтирганлар 167 кишига кўпайган. Бу кунлик зарарланиш ҳолатлари бўйича рекорд натижа бўлди.

11-12 апрель кунлари коронавирус аниқланганлар рўйхатига 100 кишидан қўшилган бўлса, 13 апрелда 133та янги ҳолат аниқланди.

Шу кунгача Ўзбекистонда коронавирусдан 99 бемор соғайди. 4 бемор вафот этди. Вафот этганларнинг икки нафари эркак, икки нафари аёл.

Мирзиёев: Ўзбекистонда бирорта ҳам тизим тўхтаб қолмади

Президент Шавкат Мирзиёев 14 апрель кунги видеоселекторда коронавирусга қарши кураш тўғри йўлга қўйилгани сабаб мамлакатда фаолият юритаётган бирор-бир тизим тўхтаб қолмаганини билдирди:

“Биз вазиятдан келиб чиқиб, халқимизнинг соғлиғини ўйлаб, ишимизни бошқа шаклда ташкил этяпмиз”.

Мириёев ақлий меҳнат, таълим-тарбия билан боғлиқ фаолият турлари масофадан туриб, «онлайн» режимда олиб борилаётганини таъкидлаб ўтди.

Айни пайтда президент қишлоқ хўжалигида, саноат ва қурилиш, иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида, тадбиркорлик субъектларида ишларни самарали давом эттириш лозимлигига эътибор қаратди:

“Бизнинг олдимизда 34 миллионлик азиз халқимизни боқиш баробарида қанчадан-қанча етиштирган маҳсулотларимизни четга экспорт қилиш вазифалари ҳам турибди”.​

Мирзиёев: Пандемияни енгиш учун халқаро ҳамкорликни кучайтириш лозим

Президент Шавкат Мирзиёев 14 апрель кунги видеоселекторда коронавирусни енгиш учун барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлигини таъкидлади:

“Хитой, Жанубий Корея, Россия, Исроил, Буюк Британия, Германия ва Япониянинг етакчи мутахассислари билан беморларни даволаш бўйича телемедицина орқали олиб бораётган мулоқотларимизни бошқа илғор давлатлар билан ҳам кенгайтиришимиз, уларнинг тавсияларини ўзимизда фаол жорий этишимиз шарт”.

Пенсия пуллари тўла пластик картага ўтказилади

Май ойидан бошлаб мамлакат бўйича барча ҳудудларда пенсия пуллари пластик карталарга ўтказилади.

Бу ҳақда пандемияга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси ва Махсус штабнинг 14 апрель кунги қўшма қарорида таъкидланган.

Олдин пенсия пулларини босқичма-босқич пластик картага ўтказиш режаланганди.

Эндиликда май ойидан бошлаб пенсионер ва нафақахўрларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар пенсия ва нафақаларни тўлиқлигича пластик карталарга ўтказиш орқали амалга оширилади.

Барча ҳудудларга нақд пул олиш имконини берувчи банкоматлар ўрнатилиши ваъда қилиняпти.

Ўзбекистонликларни Covid-19га оммавий текшириш учун тест аппаратлари етишмайди

Мамлакатда бугунги кунда аҳолидан Covid-19га тест олиш учун жами 200та ПЦР аппаратлари мавжуд бўлиб, ушбу аппаратнинг биттаси бир кунда кўпи билан 400 кишини тестдан ўтказа олади холос.

Бу ҳақда Бош санитария инспектори Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистон аҳолиси нега оммавий тест қилинмаётганига оид саволга жавоб берган пайти маълум қилди:

«Ўзбекистон аҳолисини бир кунда тўлиқ тестдан ўтказиш учун 85 мингта ПЦР аппарати керак бўлади. Яна шунча вирусолог шифокорлар жалб этилиши керак бўлади. Ўзбекистонда эса барча врачларнинг умумий сони 75 минг нафарга етмайди».

Covid-19 бўйича аҳолини ёппасига тестдан ўтказиш бирор бир давлат амалиётида қўлланилмаяпти.

Отабековга кўра, Ўзбекистонда ҳам хавф ости гуруҳига мансуб бўлганларгина тест қилинмоқда.

Ҳозирда ҳар куни 8-9 минг киши текширилмоқда, шу пайтгача жами 100 мингдан зиёд киши тест қилинган.

Коронавирус юқтирганлар сони 1113 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 2020 йил 14 апрель соат 15:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1113 нафарни ташкил қилмоқда.

14 апрелга ўтар кечаси беморлар сони 998 нафар эди. Шундан бери коронавирус юқтирганлар 115 кишига кўпайган.

11-12 апрель кунлари коронавирус аниқланганлар рўйхатига 100 кишидан қўшилган бўлса, 13 апрелда 133та янги ҳолат аниқланди. Бу кунлик зарарланиш ҳолатлари бўйича рекорд натижа бўлди.

Шу кунгача Ўзбекистонда коронавирусдан 99 бемор соғайди. 4 бемор вафот этди. Вафот этганларнинг икки нафари эркак, икки нафари аёл.

Карантиндагиларни йўлда ташлаб кетган ҳайдовчи жазоланди

10 апрель куни Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган карантин марказидан уйига рухсат берилган 3 кишини йўлда ташлаб кетган автобус ҳайдовчисига нисбатан чора кўрилди.

Бу ҳақда АОКА штабидаги брифингда Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматов маълум қилди:

«Автобус ҳайдовчиси ва йўловчиларнинг ўзаро тушунмовчилиги сабаб ҳақиқатан ҳам 3 нафар фуқарони ўз манзилига (Алгоритм мавзесига) етказмасдан, Фарҳод бозори атрофида тушириб қолдирган. Натижада бу фуқаролар йўлда қолиб кетишган. Ҳайдовчининг бу хатоси сабаб унга нисбатан маъмурий жавобгарлик жазоси қўлланилди».

Бироқ Ашурматов 13 апрель куни тунги соат 01:00да Тошкент вилоятидаги карантин ҳудудидан олиб келинаётган 50 нафар фуқаро йўлда қолдириб кетилгани ҳақида тармоқларда тарқалган хабарларни инкор қилди.

Ашурматовга кўра, шу куни автобус ҳайдовчиси карантин муддати тугаб уйларига қайтаётган барча йўловчиларни ўз манзилларига қадар етказиб қўйган.

Хоразмда ҳарбий қисмдаги карантиндагилардан 7 нафарида Covid-19 аниқланган

Хоразмнинг Шовот туманидаги ҳарбий қисмга карантин учун жойлаштирилган 492 кишидан 7 нафарида коронавирус аниқланган.

Бу ҳақда 14 апрель куни АОКА штабида ўтган брифингда Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди:

“25-27 март кунлари вирусологик текширувлар натижасига асосан, 7 нафар мусбат натижа қайд қилинди ва у ердагилар "Ёшлар" ва "Ҳаёт-НН" меҳмонхоналари, Хонқа санаторийсига, ТТА Урганч филиали клиникасига, ТАТУ Урганч филиали ётоқхонасига кўчирилди”.

Ҳарбий қисмга карантинга жойлаштирилганлар 22 март куни Москва ва Новосибирскдан чартер рейслари орқали олиб келинганди.

Қайд этилишича, ҳозир ҳарбий қисмдаги карантинда ҳеч ким қолмаган.

Россиядан қайтган меҳнат муҳожирлари Озодликка боғланиб¸ ўзларининг шароити оғир ҳарбий казармага жойлаштирилгани ва бу ердаги озиқ-овқат сифатидан шикоят қилганди.

14 апрелда 14 бемор коронавирусдан тузалди

Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида даволанаётган 10 бемор, Бухоро вилоят юқумли касалликлар шифохонасида эса 4 бемор коронавирусдан соғайди.

Бу ҳақда хабар қилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 14 бемор ҳам реабилитация марказига ўтказилган.

Тошкентда соғайган беморларнинг 3 нафари эркак, 7 нафари аёлдир. Улардан 6 нафари Тошкент шаҳридан, 3 нафари Тошкент вилоятидан ва 1 нафари Самарқанд вилоятидан.

Беморлардан иккиси 28 март куни чартер рейс орқали Туркиядан Тошкентга келган. Қолган саккиз нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улар орасида энг ёши каттаси 62 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 5 ёшда.

Бухорода касалликдан тузалганлардан уч нафари (иккиси Тошкент шаҳридан, бири самарқандлик) чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келган. Яна бир нафари эса қашқадарёлик бўлиб, чартер рейс орқали Россиядан Бухорога келган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони жами 99 нафарга етди.

Карантинга қарамай "Tashkent city"да ниқобсиз юрган қиз жазоланди

ЕХҲТ ўзбек маҳкумларига инсонпарварлик ёрдами кўрсатди

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Джон МакГрегор жазони ижро этиш муассасаларига коронавирусга қарши кураш учун 180 миллион сўмлик инсонпарварлик ёрдами берди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, инсонварварлик ёрдами 15 турдаги турли тиббий ҳимоя (юз ниқоблари, тиббий қўлқоплар, химоя костюмлари, боғлов материаллари), кир ювиш ва шахсий гигинена хамда антибактериал воситалардан иборат.

Ушбу воситалар вояга етмаган маҳкумлар ва маҳкума аёллар колонияларига етказилган.

Ўтган ҳафта Ўзбекистондаги ўндан зиёд маҳкумларнинг қариндошлари ва фаоллар "қамоқхоналарда коронавирусни юқтириб олиш хавфи жуда юқорилиги боис" хавфли жиноят этмаган ва кекса ёшдаги маҳбусларни вақтинча уй қамоғига чиқаришни сўраб Ўзбекистон президенти портали ва Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Бош бошқармасига мурожаат қилди.

Жазони ижро этиш Бош бошқармаси расмий сайтида жазо муассасаларида коронавирус холатлари қайд этилмагани, кучли карантин тартиби эълон қилингани, терговчи ва адвокатлар ҳамда маҳкумлар қариндошларининг қамоқхоналарга зиёратлари ва передачалар қабул қилиш вақтинча тўхтатилгани айтилган.

Карантинни бузган қарйиб 60 минг одам жазоланди

Карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар республика бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами 59 921 та ҳолат аниқланган.

Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Жазолар, асосан, жамоат жойида тиббий ниқобсиз юрганлик ва рухсатномасиз машина ҳайдаш билан боғлиқ.

Ушбу ҳолатлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилади.

"Ўзини яккалаш" тартибига амал қилмаганлар камида 4 млн 460 минг сўм жаримага тортилмоқда.

Карантин тартибини бузганларни жазолаш механизмининг ҳуқуқий жиҳатларига мутахассислар ёрдамида қуйида жавоб изланган:

РАСМАН: Коронавирус юқтирганлар сони 1054

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 14 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1054 нафарни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони жами 89 нафарга етди.

Жумладан, бугун Бухорода касалликдан тузалган яна 4 бемор реабилитацияга ўтказилди. Соғайганлардан уч нафари (иккиси Тошкент шаҳридан, бири самарқандлик) чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келган. Яна бир нафари эса қашқадарёлик бўлиб, чартер рейс орқали Россиядан Бухорога келган.

Шу кунгача Ўзбекистонда 4 бемор вафот этди. Вафот этганларнинг икки нафари эркак, икки нафари аёл.

Самарқандда карантиндан қочишга уринган шахс қўлга олинди

Шу вақтгача 102 мингга яқин тест синовлари ўтказилди

Ўзбекистонда мавжуд вирусологик лабораторияларда бир кунда 8 мингдан ортиқ, шу вақтгача 102 мингга яқин тест синовлари ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги раҳбари Баҳром Алматов АОКАда 13 апрелда ўтган брифингда маълум қилди.

Алматовнинг айтишича, карантин зоналарда, аҳолининг хавф гуруҳлари орасида лабаратория текширувлари кучайтирилган. Вирусологик лабораторияларда тест системалар захираси яратилган, 24 соатлик иш режими асосида PsR таҳлиллари олиб борилмоқда.

"Касалланган беморлар билан мулоқотда бўлган фуқаролар бўйича эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Ушбу тадбирларга Санитария-эпидемиология хизматининг 20 мингга яқин ходимлари жалб қилинган”, деди расмий

Бугунги кунда эпидемик вазият нохуш бўлган ҳудудлардан келган ва беморлар билан мулоқотда бўлган 80 324 нафар фуқаро саломатлиги устидан тиббий назорат давом этмоқда. Улардан 57 621 нафар фуқаро уй шароитида, 22 703 нафар фуқаро эса стационар шароитда карантинга олинган.

Муфтият коронавирус эпидемияси пайтида Рамазон ойини ўтказиш тартибини эълон қилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси коронавирус эпидемияси пайтида Рамазон ойини ўтказиш тартиби тўғрисида баёнот берди. 13 апрель куни муфтият расмий сайтида эълон қилинган баёнотда таъкидланишича, Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний идоралари билан мазкур масала муҳокама этилди ва ягона тўхтамга келиш ҳақида қарор қилинди.

Қарор қабул қилинишидан олдин “Рамазон ойини ўтказиш бўйича қўшни ва хорижий мамлакатлардаги ҳолат ўрганилди”. Баёнотда айтилишича, Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, Туркия, Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идоралари томонидан Рамазон ойида масжидларда таровиҳ намозлари адо этилмаслиги ва оммавий ифторликлар уюштирилмаслиги ҳақида баёнотлар эълон қилинди.

Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши “Рамазон ойида мўмин-мусулмонларимиз таровиҳ намозларини, хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказсинлар”, деган қарорга келган.

Бундан ташқари, Мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари онлайн тарзда амалга оширилади.

“Ифторлик савобидан умидвор бўлган саҳоватпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари” орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказсинлар”, дейилади баёнотда.

Закот маблағларини ҳамда фитр ва фидя садақаларини “Вақф” ҳайрия жамоат Фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳисоб рақамларига ёки “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари”га топширишлари тавсия этилади.

“Мусулмонларимиз хонадонларида Аллоҳ таолодан коронавирус балосини тез кунларда бартараф этишини сўраб, ихлос билан дуо қилсинлар”, деб кўрсатма берилади баёнотда.

"Коронавирусга чалинган банк ходими" пенсия тарқатганини эълон қилган ИИВ ходими ишдан бўшатилди

Наманганда гўёки коронавирусга чалинган банк ходими 15та маҳаллада пенсия тарқатгани тўғрисидаги видеони эълон қилган ички ишлар ходими ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги 13 апрель куни маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Намангандаги 4-бўлимда ишлаган ходим 12 апрель куни ижтимоий тармоқларда бу видеони тарқатган ва банк ходимини ҳақорат қилган. Кейин мазкур видео Telegram тармоғида тезликда тарқалиб кетган.

Айни пайтда Ички ишлар вазирлиги банк ходимидан 11 апрелда анализ олингани ва у коронавирусга чалинган бўлиши мумкинлигини билдирган.

“Банк ходими 1-11 апрель кунлари 6та маҳаллага пенсия тарқатганини ҳисобга олиб,Ички ишлар бўлими томонидан пенсия олувчиларнинг уйларини карантин назоратига олиш ва аҳоли орасида қоронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида тушунтириш ишлари ўтказиш учун олтита гуруҳ ташкил этилди”, дейилади расмий билдирувда.

Видеони тарқатган ходим “хизмат интизомини қўпол тарзда бузгани ва ички ишлар ходими обрўсига путр еткизгани учун” ишдан олинган.

Коронавирусга чалинганлар сони расман 998 кишига етди

13 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 998 нафарга етди.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Сўнгги икки кун давомида коронавирус аниқланганлар рўйхатига 100 кишидан қўшилган бўлса, бугун 133та янги ҳолат аниқланди. Бу кунлик зарарланиш ҳолатлари бўйича рекорд натижа бўлди.

Шу кунгача Ўзбекистонда коронавирусдан 85 бемор соғайди. 4 бемор вафот этди. Вафот этганларнинг икки нафари эркак, икки нафари аёл.

Чирчиқ карантин марказидаги ҳомиладор аёл туғди

Чирчиқ шаҳридаги махсус карантин зонасида сақланаётган 18 яшар ҳомиладор аёл ўғил фарзандлик бўлди.

Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги хабарига кўра, ҳомиладор аёл 12 апрель куни соат 22:00 лар атрофида Тез ёрдам машинасида Тошкент вилояти Перинатал марказига жойлаштирилган. Эртасига соат 10:00 лар атрофида ўғил фарзандни дунёга келтирган.

Аёл Қозоғистондан автобус орқали оила аъзолари билан келгани сабабли Чирчиқдаги карантин марказига жойлаштирилган бўлган.

Пенсия пуллари нақд пулда берилмайдиган бўлади

Май ойидан бошлаб, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида истиқомат қилувчи аҳолининг пенсия тўловлари банк карталари орқали амалга оширилади; кейинги ойлардан бошлаб, ушбу чора-тадбирлар босқичма-босқич қолган ҳудудларда давом эттирилади.

Марказий банк баёнотига кўра, пенсионерлар томонидан банк карталарини очиш учун Халқ банки бўлимларига бориб юришлари талаб этилмайди.

Карта очиш тартиби билан мана бу ерда таниши мумкин.

Бу чора коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш мақсадида Республика махсус комиссияси тавсиясига асосан амалга киритилаётгани айтилди. Комиссия аҳолига иш ҳақи ва пенсия тўловларини устувор равишда банк карталари орқали амалга оширишни тавсия қилди.

Коронавирусга чалинганлар сони расман 934 кишига етди

13 апрель соат 18:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 934 нафарга етди.​

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Шу кунгача Ўзбекистонда коронавирусдан 85 бемор соғайди. 4 бемор вафот этди. Вафот этганларнинг икки нафари эркак, икки нафари аёл.

Ўзбекистондан ташқари Австрия, Арманистон, АҚШ, БАА, Жанубий Корея, Покистон, Россия, Таиланд ва Қозоғистонда ҳам жами 23 нафар ўзбекистонлик коронавирусга чалингани аввалроқ хабар қилинган эди.

Улардан уч нафари 2 апрелдан 7 апрелгача бўлган оралиқда Нью-Йоркда вафот этган.

Коронавирусдан соғайганлар 85 кишига етди

Бугун Андижонда даволанаётган тўрт бемор, Наманганда эса 11 нафар бемор соғайганлар рўйхатига қўшилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, коронавирусдан тузалган беморлар реабилитацияга ўтказилган.

Ўзбекистонда коронавирусдан тўлиқ тузалганлар сони жами 85 нафарга етди.​

Карантиндаги ҳолат: Ун дўкони олдидаги навбат

Фарғонада ҳам 2 киши коронавирусдан соғайди

Фарғона вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган коронавирус инфекциясига чалинган 2 нафар бемор бутунлай соғайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, тузалганлардан бири (аёл) Андижон вилоятидан, иккинчиси (аёл) эса Тошкент вилоятидан бўлиб, жорий йил 25 март куни Туркиядан Фарғонага чартер рейси билан келишган ва уларда 27 март куни коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

13 апрель куни иккала аёл ҳам вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Ўзбекистонда коронавирусдан тўлиқ тузалганлар сони жами 70 нафарга етди.

Карантин зонадан мактуб: Қор ва ёмғир ёққанда контейнерлардан чакки ўтиб кетди

Карандиндагилар сони 80 мингдан зиёд

13 апрель ҳолатига карантинга олинганлар сони 80324 нафарни ташкил этади.

@koronavirusinfouz расмий канали хабарига кўра, карантиндагилар ​эпидемик вазият нохуш бўлган ҳудудлардан келганлар ва уларлар билан мулоқотда бўлганлардир.

Улардан, 57,621 нафар фуқаролар уй шароитида, 22,703 нафар фуқаролар стационар шароитда карантинга олинган.

Чироқчилик икки киши ҳам коронавирусдан тузалди

Қашқадарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, иккала бемор ҳам реабилитацияга ўтказилган.

Соғайганлардан бири 8 ёшли, иккинчиси эса 56 ёшли фуқаро бўлиб, ҳар иккиси ҳам Чироқчи туманидан.

Ўзбекистонда коронавирусдан тўлиқ тузалганлар сони жами 68 нафарга етди.

Карантинни бузган 55 мингдан зиёд одам жазоланди

Карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар республика бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами 55 386та ҳолат аниқланган.

Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Жазолар, асосан, жамоат жойида тиббий ниқобсиз юрганлик ва рухсатномасиз машина ҳайдаш билан боғлиқ.

Ушбу ҳолатлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилади.

"Ўзини яккалаш" тартибига амал қилмаганлар камида 4 млн 460 минг сўм жаримага тортилмоқда.

Карантин тартибини бузганларни жазолаш механизмининг ҳуқуқий жиҳатларига мутахасислар ёрдамида қуйида жавоб изланган:

Мирзиёев Мун Чжэ Ин билан COVID-19га қарши курашни муҳокама қилди

Бугун президент​ Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Рresident.uz сайтига кўра, суҳбат давомида коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашишда ҳамкорликни давом эттириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган:

«Президент Мун Чжэ Ин Корея Республикаси биродар Ўзбекистонга бугун долзарб бўлиб турган қийинчиликлар ва замонавий хатарларни тез фурсатларда енгиб ўтишда барча зарур ёрдам ва кўмакни кўрсатишга тайёр эканини яна бир бор билдирди».

Мирзиёев пандемияга қарши курашда кўрсатилаётган амалий кўмак учун Мун Чжэ Инга самимий миннатдорлик билдирди.

Март ойининг охирида Ўзбекистонга кореялик профессор – эпидемиолог мутахассис келганди. Яқинда кореялик анестезиолог-реаниматологнинг келиши кутилмоқда.

ХИТОЙ: 90 кун карантинда бӯлган ӯзбек талабалари мурожаат йӯллади

АҚШ: Нью-Йоркда коронавирус юқтирган ўзбек оила. 1-қисм

Меҳринисо Эргашева коронавирусга чалинганини англаганида кеч бўлган эди - вирус турмуш ўртоғи ва тўрт фарзандига юқиб бўлган эди. Бруклинда яшовчи Меҳринисо карантиндаги оилага ёрдам қўлини чўзаётган меҳрибон дўстларидан миннатдор. Пандемия ҳаётга бошқача кўз билан қарашга мажбурлади, дейди у.

Андижонда коронавирус юқтирганларнинг 78 нафари тиббиёт ходими

Андижонда коронавирусга чалинган 90 беморнинг 78 нафари тиббиёт ходимидир. “Дарё” нашрининг хабар беришича, бу ҳақда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 12 апрель куни андижонликларга қилган мурожаати давомида маълум қилди.

“Аввалроқ Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров коронавирус тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари юзасидан аҳолига мурожаат йўллагани ҳақида хабар берилганди. Вилоят ҳокими ўз мурожаатида коронавирус билан касалланган фуқаролар уни қачон ва кимдан юқтирганини аниқ билмаслигини маълум қилган”, деб ёзади нашр.

Ўзбекистонда 13 апрель эрталабки соат 10 ҳолатига кўра, коронавирус юқтирганлар сони 896 кишига етди, 66 киши соғайди, тўрт киши вафот этди.

Наманган ва Учқўрғонда 13 апрелдан ҳаракатланиш бутунлай тақиқланди

Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 13 апрель соат 06:00 дан бошлаб Наманган шаҳри ва Учқўрғон тумани ҳудудида транспорт ва фуқароларнинг ҳаракатланиши бутунлай тўхтатилди.

Мазкур ҳудудларда, жумладан, мототранспорт (скутер) ва велосипедда ҳам ҳаракатланиш мумкин эмас.

“Ушбу чеклов вилоятга коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича вилоят махсус комиссиясининг йиғилиши баёни билан татбиқ этилади”, дейилади расмий хабарда.

Мазкур ҳудудларда яшовчи фуқаролар истисно тариқасида уйидан 100 метр атрофидаги савдо нуқталарига озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар харид қилиш учун кунига бир марта чиқиши мумкн.

Республика махсус комиссиясининг баёнида кўрсатилган ҳаракатланиш ҳуқуқи сақлаб қолинадиган ва махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган автотранспорт воситаларидан ташқари Наманган шаҳри ва Учқўрғон тумани, шу жумладан, ‘Қайқи’ қишлоғи ҳудудида фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи (шу жумладан, уларни етказиб берувчи ва аутсорсинг хизматлари), экспортёр корхоналар, қишлоқ хўжалигига жалб этилган (ишчи-ходим ва техника)лар, шунингдек, уларга тегишли фақат юк ташишга ихтисослашган Damas, Van ва Labo русумли автомашиналар бундан мустасно.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг билдиришича, чекловлар даврида Наманган шаҳри ва Учқўрғон тумани маҳаллалар ҳудудларидаги, ‘Қайқи’ қишлоғи ҳудудидаги озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар, Наманган шаҳридаги ‘Чорсу’ ва ‘Яшил’ деҳқон бозорлари фаолият кўрсатишга давом этади. Барча маҳаллалар ҳудудларида доимий кўчма савдо дўконлари ташкил этилади.

Аввалроқ Озодлик радиоси 10 апрелдан Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрига, 9 апрелдан Тошкент вилоятининг Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларига кириш-чиқиш ёпилганини хабар қилган эди. Бундан аввал Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида ҳам ҳаракатланиш чекланган эди.

Адлия вазирлиги коронавирусдан тузалган ёки карантинда бўлган шахсни ҳақорат қилганлар жазоланишиини билдирди

Адлия вазирлиги коронавирусдан тузалган ёки карантинда бўлган шахсни ҳақорат қилган, шаъни ва қадр-қимматига путр етказган, камситган, унинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни тарқатганлар 9 миллион сўмгача жаримага тортилишини эслатди.

Вазирликнинг билдиришича, Конституцияда ҳеч ким инсон қадр-қимматини камситувчи тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги қайд этилганини ҳисобга олган ҳолда бу борадаги жавобгарлик Маъмурий кодексда назарда тутилган.

“Агар, маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ушбу қилмиш такроран содир этилса, айбдорга 22,3 миллион сўмгача жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жиноий жазо қўлланилиши мумкин”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, фуқаронинг шахсий ҳаётига доир маълумотларни қонунга хилоф равишда ошкор қилиш оғир оқибатларга олиб келса, айбдор 44,6 миллион сўм жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Коронавирусга чалинганлар 896 киши, тузалганлар 66 киши

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий баёготида маълум қилинишича, 13 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 896 нафарни ташкил қилмоқда.

12 апрелда камида 865 кишида вирус аниқлангани хабар қилинганди. Сўнгги 24 соатда беморлар сони 31 кишига кўпайди.

Шу кунгача Ўзбекистонда коронавирусдан 66 бемор соғайди. 4 бемор вафот этди. Вафот этганларнинг икки нафари эркак, икки нафари аёл.

Ўзбекистондан ташқари Австрия, Арманистон, АҚШ, БАА, Жанубий Корея, Покистон, Россия, Таиланд ва Қозоғистонда ҳам жами 23 нафар ўзбекистонлик коронавирусга чалингани аввалроқ хабар қилинган эди.

Улардан уч нафари 2 апрелдан 7 апрелгача бўлган оралиқда Нью-Йоркда вафот этган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони камида 865 нафарга етди

Ўзбекистонда коронавирусни юқтирганлар сони 833 нафарга етган.

Бу - 2020 йил 12 апрель якшанба кунги маҳалий вақт билан соат 15.30да берилган сўнгги маълумот.

Айни пайтда, мамлакат ичида тўртинчи бемор - фарғоналик 59 яшар аёл вирусдан вафот этган.

Бухородаги "Ситораи моҳи хоса"да карантин яна узайтирилди

Бухородаги "Ситораи Мохи Хоса" сиҳатгоҳи.
Бухородаги "Ситораи Мохи Хоса" сиҳатгоҳи.

Бухоро шаҳридаги "Ситораи моҳи хоса" санаторийсида ушлаб турилган 247 ўзбекистонликнинг карантин муддати яна номаълум муддатга узайтирилди.

Бу ҳақда карантиндагилардан бири 12 апрель куни Озодликка маълум қилди.

Ушбу сиҳатгоҳда 22 март куни Истанбулдан учиб келган 247 ўзбекистонлик карантинда ушлаб турилибди.

Ўтган ой оҳирида ушлаб турилганлардан уч нафарида коронавирус аниқлангач¸ карантин муддати 10 кунга узайтирилганди.

Санаторий раҳбарияти ва Бухоро соғлиқни сақлаш расмийлари карантин узайтирилгани сабабини айтишмаяпти.

Шу ой бошида Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги "Энергетик сиҳатгоҳи"да 1 апрель куни карантин муддатининг изоҳсиз узайтирилгани у ерда сақланаётганлар норозилигига сабаб бўлганди.

Коронавирус юқтирганларyнинг сони 800 га яқинлашди

Ўзбекистонда 12 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олган фуқаролар сони 29 нафарга ошиб, 796 нафарга етди, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Аввалроқ 11 апрель куни соат 23:00 ҳолатига кўра, беморлар сони 767 нафарга етгани маълум қилинган эди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалиниш билан боғлиқ дастлабки ҳолат қайд этилганидан бери (15 мартдан буён) 42 киши соғайди, тўрт киши (икки аёл ва икки эркак) эса коронавирус сабаб вафот этди.

Умра сафарида бўлиб қайтган бемор оламдан ўтди

Фарғонанинг Ёзёвон туманида яшовчи, Умра сафарида бўлиб қайтган 59 ёшли аёл 11 апрель куни оламдан ўтган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, аёлда 25 март куни коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, у вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган эди.

"Беморда ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, гипертония 3-босқич, артериал гипертензия 3-даража, хавф ўта юқори бўлганлиги сабабли касаллик оғир кечиб, у 12 кун давомида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган", — дея билдирди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

11 апрель куни кечки пайт беморнинг аҳволи кескин ёмонлаша бошлаган. Унга шошилинч реанимацион муолажалар кўрсатилган. Шунга қарамай, беморда ўткир респиратор дисстрес синдром, ўткир нафас етишмовчилиги ҳамда ўпка-юрак етишмовчилиги натижасида биологик ўлим қайд этилган.

Бу Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг ўлими билан боғлиқ тўртинчи ҳолат. Бунгача 27 март куни Наманган вилоятида Умрадан қайтган қизидан коронавирус юқтириб олган 72 ёшли онахон, 28 март куни Тошкент шаҳрида ўзини уйда даволашга уринган 39 ёшли шифокор, 7 апрель куни эса коронавирусга чалинган 40 ёшли бемор юрак ва ўпка етишмовчилигидан оламдан ўтганди.

Ўзбекистонда 12 апрель соат 11:00 ҳолатига жами 796 киши коронавирус инфекциясига чалингани тасдиқланган, уларнинг 42 нафари соғайган. Бундан ташқари, хорижда камида 23 ўзбекистонликда коронавирус инфекцияси аниқланган, АҚШда яшовчи уч ўзбекистонлик вафот этган.

Хоразмда карантинда ушлаб турилган 492 киши 16 апрелда қўйиб юборилиши мумкин

22 март куни Россия Федерациясидан Хоразм вилоятига олиб келинган 492 киши ҳамон карантинда ушлаб турилибди.

11 апрель куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекцияси раҳбари Нурмат Отабеков уларнинг карантин муддати 16 апрелдан 21 апрелгача деб белгилангани, агар карантиндан кейинги қайта текширув давомида фуқароларда касаллик аниқланмаса уларга жавоб берилади, деди.

Қирғизистонда коронавирус билан касалланганлар 339, Қозоғистонда 859 кишига етди

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда яна 41 кишида коронавирус аниқланганини маълум қилди. Шундай қилиб 11 апрель холатига кўра, Қирғизистонда коронавирусни юқтирганлар сони 339 нафарни ташкил этди.

Коронавирус аниқланган 18 бемор Ўш вилоятидаги Новқат туманида истиқомат қилади, Бишкекда — 12 нафар, Ўш шаҳрида — 6, Чуй вилоятида — 3, Норинда — икки киши вирус билан касалланган. Коронавирус билан касалланганларнинг 12 нафар тиббиёт ходими бўлиб, мамлакат бўйлаб COVID-19 билан касалланган тиббиёт ходимлари сони 51 кишига етди.

Қозоғистонда эса 11 апрель холатига кўра, 859 одамда коронавирус аниқланган.

"11 апрель соат 11:40 ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш бўйича яна 19 та ҳолат аниқланди: Нур-Султонда — 2, Олмаотада — 9, Қарағанда вилоятида — 1, Павлодар вилоятида — 5, Чимкентда — 2", — дейилади Қозоғистоннинг коронавирусга қарши давлат комиссияси тезкор штаби хабарида.

Қозоғистондаги фавқулодда ҳолат апрель охиригача узайтирилади

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев коронавирус тарқалишига қарши кураш доирасида фавқулодда ҳолат тартибини апрель ойи охиригача узайтиришга қарор қилган.

Бу ҳақда президенти матбуот котиби Берик Уали маълум қилди.

“15 апрель куни фавқулодда ҳолат тўғрисидаги фармоним ўз кучини йўқотади. Ҳозирданоқ, ушбу ҳолатни камида апрель ойи охиригача узайтириш зарурлиги тушунарли. Биз коронавирус билан касалланиш чўққисидан ўтганимиз йўқ”, - деган давлат раҳбари.

Отабеков: Бизда кунига ўртача 8 мингта тест ўтказилмоқда

11 апрель куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекцияси раҳбари Нурмат Отабеков ҳар куни коронавирусдан ўртача 8 мингта тест ўтказилаётганини айтди.

“Айни вақтда коронавирус инфекциясини аниқлаш полимераз занжир реакцияси (ПЗР) усули орқали тест қилинмоқда ва бунга ўртача 6-8 соат вақт кетади. Анализ чиқиши муддати уларнинг ҳажмига ҳам боғлиқ. Қанча кўп анализ олинса, натижасини билиш учун ҳам шунча яраша вақт талаб этилади. ПЗР – бу амплификатор бўлиб, амплификация босқичида вирус геномининг селектив кўпайишидир. Бизда кунига ўртача 8 мингта анализ олинмоқда.
Ўзбекистонда коронавирусни аниқлаш учун Германия, Россия, Хитойда ишлаб чиқарилган тест тизимларидан фойдаланилмоқда.

"Улар 100 фоиз аниқликда касалликни аниқлаб бера олади,” - деди Отабеков.

Тошкентда даволанаётган 212 бемордан 13 нафарининг аҳволи оғир

Тошкент шаҳрида коронавирусдан даволанаётган 212 бемордан 13 нафарининг аҳволи оғир.

Бу ҳақда нафари Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков маҳаллий журналистларга маълум қилди.

Отабековнинг Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти раҳбарияти тақдим этган маълумотларга асосланиб хабар беришча, ушбу институт клиникасида даволанаётган 104 нафар беморнинг 28 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, саккиз нафар беморнинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 108 нафар бемор даволанмоқда, беш беморнинг аҳволи оғир. «Вилоятлардаги беморлар учун Тошкент билан тўғридан-тўғри телемаслаҳатлашув тизими ташкил этилган. Барча ҳудудлардаги беморлар назоратга олинган», — деди Нурмат Отабеков.

ЎЗБЕКИСТОН: Коронавирусга чалинганлар сони 624 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 10 апрель соат 22:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 669 нафарни ташкил қилмоқда.

9 апрель соат 15:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 582 нафарга етган эди. Ўшандан бери беморлар сони 87 кишига кўпайди.

7 апрелга ўтар кечаси беморлар сони бир кун ичида 115 нафарга кўпайиб, 457 нафарга етгани хабар қилинган эди. Бу Ўзбекистонда коронавирус борлиги аниқланган 15 мартдан бери рекорд даражадаги кўрсаткич бўлди.

Шу кунгача беморларнинг 42 нафари соғайди, уч нафари вафот этди.

OXFAM: Коронавирус пандемияси туфайли ярим миллиард киши қашшоқликка тушиши мумкин

Oxfam халқаро ёрдам ташкилоти жаҳон етакчиларини коронавирус пандемияси туфайли юзага келаётган иқтисодий бўҳрон сабаб ярим миллиард киши қашшоқликка юз тутиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб, бунинг олдини олиш учун мукаммал ёрдам режаларини ишлаб чиқишга чақирди.

Ташкилот 9 апрель куни эълон қилган ҳисоботда ривожланган давлатлар ўз иқтисодларини қувватлаш учун триллионлаб доллар сарфлай олишини кўрсатгани, бу давлатлар қашшоқ давлатларни ҳам қўллаши кераклиги айтилди.

«БМТ ривожланаётган давлатларни пандемия давомида қўллаш учун керак бўлишини айтаётган 2,5 триллион доллардан ташқари хориж давлатлари қўшимча 500 миллиард доллар ажратиши керак бўлади», дейилади Oxfam ҳисоботида.

Кейинги ҳафтада Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, ҳамда Катта йигирматаликка аъзо давлатлар молия вазирлари учрашади.

Oxfam жорий йилда глобал қашшоқлик 1990 йилдан бери илк маротаба ошиши мумкинлигини таъкидлаб, сиёсий етакчиларни бунинг олдини олиш учун тегишли чораларни кўришга чақирди.

ДУНЁ: Ҳукуматлар пандемия сабаб бўлган иқтисодий фалажликни енгиллатиш учун сафарбарлик эълон қилмоқда

ССВ: Соғайганларнинг қон зардобидан беморларни даволашда фойдаланилади​

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусдан оғриётган беморларга касалликдан тузалган беморлар қонини қуйиб даволашни режалаштирмоқда:

“Амалиётнинг илмий асосига келадиган бўлсак, COVID-19 инфекциясига чалинган беморлар қон зардобида вирусга қарши иммун таначалар пайдо бўлиб, улар вируснинг ўлимига олиб келади”.

Ушбу даволаш усули олимлар билан келишган ҳолда синовдан ўтказилган ва коронавирусдан соғайган инсонларнинг қон зардобини хасталиги оғир кечаётган беморларга қуйиш амалиётини жорий этиш бошланади.​

КАРАНТИНДАГИ ТЎЙ: Ёшлар тўйини 10 киши иштирокида ўтказгани айтилмоқда

ССВ: Наманганда ҳам тўрт бемор коронавирусдан бутунлай соғайди

10 апрель куни Наманган вилоятида ҳам тўрт бемор коронавирусдан тузалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, тўртала бемор ҳам реабилитация марказига ўтказилган. Улар бу ерда маълум муддат карантинда бўлади.

Вазирлик билдиришича, 10 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 624 нафарни ташкил қилмоқда.

Шу кунгача беморларнинг 42 нафари соғайди, уч нафари вафот этди.

РАСМИЙ: Хориждан қайтган 94 киши вирусни 440 одамга юқтирган

Хорижда бўлиб қайтган 94 кишида касаллик аниқланган ва улардан кетма-кетликда тарқалган вирус 440 одамга юққан.

Бу ҳақда АОКАда ўтган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов хабар қилди.

Алматовга кўра, хориждан келган 94 кишидан юқиши мумкин бўлган яна 100 мингдан ортиқ одамнинг рўйхатии тузилиб, профилактик чора-тадбирлар амалга оширилган:

“Мулоқотда бўлганларни таҳлил қилганимизда, инфекция 19 та оилада қайд этилгани ва улардан оила аъзоларига, қариндош-уруғларига тарқагани аниқланди.

Чет элдан юқтириб келган фуқаролар орқали 40 та корхона, ташкилотларда ишлайдиган ҳамкасбларига юқтирганлик ҳолатлари аниқланган”.

ЎЗБЕКИСТОН: Пекиндан “қимматли юк” келди

10 апрель куни Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси ҳамда Шанхайдаги Бош консуллиги жўнатган инсонпарварлик ёрдами, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги харид қилган тиббий ускуналар Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида Тошкентга олиб келинди.

Буни "қимматли юк" деб атаган "Дунё" АА маълумотига кўра, Ушбу самолётда “Alibaba Group” компанияси ва Жек Ма жамғармаси тақдим этган нафас йўлларида ижобий босимни таъминлайдиган 10 та аппарат, тадбиркор Гулбаҳор Тожимирзаева, футболчи Одил Аҳмедовнинг тиббий буюмлар кўринишидаги хайрия юклари олиб келинган.

ЎЗБЕКИСТОН: “Манзил колониясидаги маҳкумлар коронавирусдан етарли даражада ҳимоя қилинмоқдами?”

ТОШКЕНТ: Пойтахтдаги 6- туғруқхона 5 апрелдан буён карантинда

Ўзбекистон Республикаси Бош санитария инспектори Нурмат Отабеков 5 апрелдан Тошкентдаги 6-сонли туғруқхона барча беморлар ва тиббиёт ходимлари билан карантинга ёпилганини тасдиқлади. Бу ҳақда у 9 апрель куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

«Чунки беморлардан бири билан мулоқотда бўлган шахсда коронавирус аниқланди, деди у. — Шунинг учун бутун туғруқ мажмуаси 14 кунга карантинга ёпилди».

Барча беморлар, туққан аёллар, болалар ва персонал тиббий кузатувга олинади. 14 кунлик карантиндан кейин туғруқхона персонали, мижозлари, болалар орасида коронавирус инфекцияси йўқлиги аниқланса, карантин бекор қилинади.

10 апрель 10.00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда 624 кишида вирус аниқланди, 38 бемор соғайди. 3 бемор вафот этди. Беморлар 8 вилоят ва пойтахтдаги шифохоналарда даволанмоқда.

ДУНЁ: Аксар мамлакатлар ниқоб тақишни мажбурий қилмоқда

ДУНЁ: Туркий тилли давлатлар видеосаммитида вирусга қарши ҳаракатлар мувофиқлаштирилади

10 апрелда президент Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг коронавирус тарақалишига қарши курашишда умумий ҳаракатларни мувофиқлаштиришга бағишлаб видеоанжуман тарзида ўтказиладиган навбатдан ташқари саммитида иштирок этади.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, тадбир ташкилотда раислик қилаётган Озарбайжон ташаббуси билан ташкил этилмоқда. Унда Туркий кенгашга аъзо бешта давлат – Озарбайжон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Туркия Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси раҳбарлари, шунингдек, Туркманистон Президенти ва Венгрия Бош вазири иштирок этиши кўзда тутилган.

Видеоанжуманга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бош директори Тедрос Адханом Гебрейесуснинг ҳам уланиши кутилмоқда.

Кун тартибига мувофиқ, томонлар коронавирус пандемияси тарқалишига йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашадилар.

Ушбу хавфли юқумли касалликка қарши курашиш мақсадида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинади ҳамда мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа ваколатли идоралари ўртасидаги шерикликнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилади.

Глобал эпидемиологик инқироз шароитида савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорликнинг устувор лойиҳаларини янада илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Туркий кенгашнинг навбатдан ташқари саммити якунида Қўшма декларация қабул қилиниши режалаштирилган.

ЖИЗЗАХ: “Маҳалламизда дезинфекция ишлари кўнгилдагидек қилинмаяпти”

ДУНЁ: Ислом тараққиёт банки коронавирусга қарши курашиш учун Ўзбекистонга $17 млн ажратди

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш мақсадида яратилаётган янги шифохоналар учун тиббий ускуналар ва буюмларни тез харид қилишни молиялаштиришга 17 млн доллар ажратди.

Бу ҳақда хабар қилган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизматига кўра, бу маблағ ИТБнинг Ўзбекистондаги жорий кредит портфелидан ажратилган.

Хабар қилинишича, бу ҳақдаги келишувга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Бандар Ҳажар билан 8 апрель кунги видеоконференцияси давомида эришилган.

Видеоконференция якунларига кўра, шунингдек, томонлар соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёжлари ва Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун ИТБ томонидан умумий қиймати 140 млн доллардан ортиқроқ бўлган қўшимча молиялаштиришни жалб этиш бўйича ишлашга келишиб олган

АНДИЖОН: “Бозорда карантинга умуман амал қилинмаяпти”

Ўзбекистонда биринчи бўлиб коронавирусга чалинган бемор соғайди​

Коронавирусга чалингани 15 март куни аниқланган илк бемор — олий тоифали шифокор Н. М.,соғайди ва 9 апрель куни Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан реабилитацияга ўтказилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.

Шифокорнинг айтишича, у билан бирга унинг оила аъзоларидан бўлган 14 бемор ҳам соғайган.

Ўзбекистонда коронавирус юқтирган илк бемор 15 март куни аниқланган эди. Расмийлар олий тоифали шифокор бўлган бу бемор 11 март куни Франция пойтахти Париждан қайтгани, у Франциядан қайтгач, уйига меҳмонларни таклиф этгани ҳақида билдирган эди.

Расмий хабарларда шифокорнинг уйига меҳмонга келганлардан айримлари ва унинг оила аъзолари коронавирусга чалингани аниқлангани ҳам айтилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 10 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 624 нафарни ташкил қилмоқда.

Шу кунгача беморларнинг 38 нафари соғайди, уч нафари вафот этди.

Самарқандда 14 кун карантинда бўлган 1 058 одам уйига жўнатилди

9 апрель куни кечки рейс билан Навоий, Хоразм ҳамда Нукус йўналиши бўйича яна 105 нафар фуқаро ўз уйларига кузатилди.

Kun.uz сайтининг Марказий ҳарбий округ матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беришича, Самарқандда карантинда бўлган 1 058 кишига уйига кетишга рухсат берилди. 14 кун давомида уларда коронавирус аломатлари аниқланмади.

“Карантинда бўлганларнинг 72 нафари самарқандлик бўлган. Қолганлар республиканинг барча вилоятларидан Самарқандга карантинга келтирилган. Уларнинг ярмига яқини водий вилоятларидан. 952 фуқаро 8 апрель куни махсус ташкиллаштирилган автобусларда уйларига жўнатилди”- дейилади хабарда.

9 апрель куни кечки рейс билан Навоий, Хоразм ҳамда Нукус йўналиши бўйича яна 105 нафар фуқаро ўз уйларига кузатилди. Самарқанд темирйўл вокзалидан улар махсус поезд билан жўнаб кетишди.

Хабарда айтилишича, 1 058 нафар ўзбекистонлик 14 кун олдин Қозоғистондан поездда Самарқандга олиб келинган ва карантинга олинган. Улар икки ҳафта давомида Самарқанддаги ҳарбий шаҳарчада жойлашган Қуролли кучлар кичик мутахассислар тайёрлаш марказида карантинда бўлишди.

Вилоят ҳокими жонлиқ сўйиб, Қуръон ўқитганидан сўнг Шаҳрисабзга кириш-чиқиш тақиқланди

Вилоят ҳокими Зоир Мирзаев иштирокида Амир Темур таваллудининг 684 йиллиги муносабати жонлиқ сўйилди.Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати тақдим этган сурат.

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида 10 апрелдан кириш ва чиқиш тақиқланди. Бундай қарор вилоят ҳокими Зоир Мирзаев 9 апрелда Шаҳрисабзга келиб кетганидан сўнг қабул қилинган.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг билдириишча, Зоир Мирзаев 9 апрель куни Шаҳрисабз шаҳри ва Яккабоғ туманида бўлган. Вилоят ҳокими иштирокида Амир Темур таваллудининг 684 йиллиги муносабати жонлиқ сўйилиб, Қуръон тиловат қилинган.

Шундан сўнг ҳоким бу ердаги карантин қоидаларига қай даражада амал қилинаётгани тбилан танишган ва бир қатор камчиликларни аниқлаган. Шу муносабат билан санитария-эпедимиологик осойишталик ва санитария-эпедимиология назорати инспекцияси раҳбарларига ҳайфсан берилган.

9 апрелдан бошлаб, Тошкент вилоятининг Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларида карантин тартиби янада кучайтирилган ва бу шаҳарларга ҳам кириш ва чиқиш ёпилган эди.

Коронавирусга чалинганлар сони 624 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 10 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 624 нафарни ташкил қилмоқда.

9 апрель соат 15:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 582 нафарга етган эди. Ўшандан бери беморлар сони 42 кишига кўпайди.

7 апрелга ўтар кечаси беморлар сони бир кун ичида 115 нафарга кўпайиб, 457 нафарга етгани хабар қилинган эди. Бу Ўзбекистонда коронавирус борлиги аниқланган 15 мартдан бери рекорд даражадаги кўрсаткич бўлди.

Шу кунгача беморларнинг 38 нафари соғайди, уч нафари вафот этди.

РОССИЯ: вагон-вагон картошка олиб келиниб, алоҳида назорат остида тарқатилмоқда

ИИВ Телеграм каналида хабар қилинишича, Ўзбекистонга юк вагонлари орқали Россиядан картошка олиб келиниб, Келес ва Чуқурсой темир йўл бекатларида туширилмоқда.

Сўнгра Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти туманларидаги деҳқон бозорларига тарқатилмоқда.

Хабарда айтилишича, олиб келинган маҳсулотни юк вагонларидан туширишдан тортиб, то бозорда сотилишигача бўлган жараён Тошкент шаҳар божхона пости ва шаҳар ИИББ ходимлари томонидан алоҳида назорат қилинмоқда.

СЕЛЕКТОР: Президент 19 триллион сўмлик кредит таътили оқибатларини муҳокама қилди

Президенти Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни коронавирус пандемияси шароитида банк тизимининг барқарор ишлаши ва тизимнинг иқтисодиётга ёрдами бўйича йиғилиш ўтказди.

Маълумки, ҳукумат қарори билан тадбиркорлар ва аҳолининг жами 19,5 триллион сўмлик кредит қарзларини тўлаш муддати 1 октябргача кечиктириладиган бўлган.

9 апрель кунги йиғилишда бу имтиёз натижасида молия-кредит муассасаларига тушадиган маблағ камайишидан пайдо бўладиган вазият ечими юзасидан чоралар муҳокама қилинди.

Жаҳон иқтисодиётида бошланаётган инқироз ҳолатларини ҳисобга олиб, банкларнинг лойиҳалар портфелини танқидий кўриб чиқиш вазифаси қўйилди.

Яъни, ҳали бошланмаган, узоқ муддатли лойиҳаларни аниқлаб, уларни жорий йилнинг ўзида самара беришни бошлайдиган янги лойиҳаларга алмаштириш зарурлиги таъкидланди.

Бу борада банкларга мавжуд маблағни биринчи навбатда кичик бизнес субъектларига янги иш ўринлари яратиш учун ҳамда уй шароитида ўзини ўзи банд қилиш учун йўналтириш тавсия этилди.

Йиғилишда айтилишича, жорий йилда Агробанк, Халқ банки, Микрокредитбанк орқали бандликни таъминлаш дастурларига 4 триллион сўм йўналтириш кўзда тутилган. Шунингдек, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси орқали Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига қўшимча 500 миллиард сўм ажратилади.

Президент бу маблағларни биринчи навбатда озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, кичик бизнес ва ҳунармандчилик лойиҳаларига устувор аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Карантин даврида ҳам аграр соҳадаги ишлар тўхтамаганини ҳисобга олиб, қишлоқ хўжалиги тармоқларига бириктирилган тижорат банклари ҳозирнинг ўзида янги лойиҳаларни кўпайтиришлари лозимлиги қайд этилди.

Маълумки, ўтган ҳафтада 24 та банк ташаббус кўрсатиб, жисмоний шахслар учун кредит таътили эълон қилди. Бугунги йиғилишда банклар шу каби оддий, лекин аҳолида ишонч ва ҳурмат уйғотадиган яна кўплаб ташаббуслар билан чиқиши мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.

Масалан, муддати тугаган омонатларнинг муддати узайтирилиб, бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинса, карантин вақтида уйида ўтирган аҳолига қулайлик яратилиши айтилди.

Карантин тугаганидан кейин кўплаб корхоналарга ўз фаолиятини тиклаш учун анча вақт ва маблағ керак бўлади. Шу боис Марказий банкка банклар орқали 30 триллион сўм айланма маблағлар ажратилишини таъминлаш топширилди.

Зарур ҳолларда, корхоналарга иш ҳақи тўлаш учун ҳам кредитлар ажратилишини йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди.

НАМАНГАН: юк машинасида одам ташиган ҳайдовчилар жазоланди

30 мартдан вилоятлараро қатнов тамомила тўхтатилгач, Тошкентдан водийдаги вилоятларга қатнаётган озиқ-овқат ташувчи юк машиналари одам таший бошлади.

ИИВ вазирлигининг 8 апрель куни хабар қилишича, шундай машиналардан 4 таси 6 апрель куни Наманган вилоятида тўхтатилган.

Ҳаракатланишига рухсат берилган юк машиналари юкхоналарида 4 нафардан 13 нафарга қадар одам бўлган.

Расмий хабарда айтилишича, юкхонада уйига етиб олишни ният қилган фуқаролар карантинга олинган, уларни ташиган ҳайдовчиларга эса маъмурий жазо қўлланган.

Тошкент 24 мартдан ёпилган, вилоятлараро қатновлар эса 30 мартдан тамомила тўхтатилган эди. Шундан сўнг пойтахтда қолиб кетган минглаб вилоятлик уйига кетолмай сарсон бўла бошлади.

Бундай фуқаролар гуруҳи навбати билан уюштирилган махсус транспорт воситаларида уйига жўнатилгани, бу ишга ҳатто Сенат раиси Т. Норбоева шахсан бош қўшгани айтилди.

Аммо, шунга қарамасдан ҳануз пойтахтда қамалда қолган вилоятликлар бўлмоқда ва улардан уйига кетишга ёрдам сўраб, қилинган мурожаатлар кузатилмоқда.

ЭЪЛОН: экспортчи тадбиркорларга ортиқча чиқим қайтарилади

Ўзбекистондаги экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулотларини экспорт қилишда транспорт харажатларининг ошган қисми товон пули тарзида қайтарилиши маълум қилинди.

Транспорт вазирлиги тарқатган расмий хабарга кўра, товон пули Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан компенсация қилиб берилади.

Бундан ташқари, халқаро юк ташувлар ҳамда экспорт ва импорт операциялари билан шуғулланадиган тадбиркорлар, энг мақбул транспорт йўналишларини аниқлаш ҳамда ташувлар давомида муаммолар юзага келган тақдирда мурожаат қилиши мумкин бўлган хизматлар ташкил қилинди.

Бундай ҳолларда экспортчи тадбиркорлар Транспорт вазирлиги 1167 ҳамда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг (71) 238-52-52 ишонч телефон рақамларига мурожаат этиши мумкин.

Gazeta.uz ​: ҳукумат аъзолари вирус блокаторларини тақа бошлади

Амалдорларнинг ушбу қурилмаларни таққани «Ўзбекистон 24» телеканалидан кўрсатилган эфирда кўринди.

8 апрель оқшомида президент Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемиясига қарши кураш ва мамлакатда томорқа хўжалигини ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда қатнашган бош вазир Абдулла Арипов, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров вирус блокаторларини тақишган.

Жамшид Қўчқоров қурилмани костюмига бейжик сифатида илган бўлса, Абдулла Арипов ва Пўлат Бобожоновларда қурилмалар кўкрак нишони каби кўринишида.

Gazeta.uz нашрининг аниқлашича, бейжик кўринишидаги қурилма Air Doctor, қалқонни эслатадиган белги кўринишидаги қурилма эса Ecom Air Mask деб номланади.

Қайд этилишича, қурилма ёпиқ биноларда жуда самарали. Очиқ ҳавода ва ҳаво оқимлари кучли бўлган биноларда унинг самарадорлиги камаяди.

Айтилишича, бу қурилма керакли тадқиқотлардан ҳали ўтказилмаган ва вирусларга қарши ишончли ҳимоя экани исботланмаган.

КАРАНТИН: тартибни бузиш ҳолати 40 мингга яқинлади

Карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар республикамиз бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами – 39 245 та ҳолат аниқланган.

ИИВнинг хабар қилишича, тартиббузарлик энг кўп қайд этилаётган ҳудудлар Тошкент шаҳри – 6 242 та ҳолат, Фарғона ва Тошкент вилоятларида – 5 мингга яқин ҳолат аниқланган.

Тартиббузарликлар ҳануз жамоат жойида ниқобсиз юриш, ўз машинасини рухсатномасиз миниш ва одам ташиш бўлиб қолмоқда.

Бундан ташқари, баъзи ҳудудларда ҳайдовчиларнинг ИИВ ходимларига қаршилик қилгани ва уларга қарши куч ишлатгани ҳоллари ҳам қайд этилмоқда.

Карантин тартибини бузганлар ва бу жараёнда куч ишлатар тузилмалар ходимларига қаршилик қилганлар 15 суткага қадар жазо олмоқда.

Жиноят кодексига яқинда киритилган ўзгартиришларга биноан, карантин қоидаларини бузганларга 4 ярим миллион сўмдан 11 ярим миллион сўмгача жарима ёки 10 йилга қадар қамоқ жазоси берилиши мумкин.

CCВ: яна 8 бемор соғайди

Коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролардан яна 8 нафари соғайди.

Тузалганлар Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигда Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатиб қўйилди.

Ҳозир Ўзбекистонда тузалганлар сони 38 нафарга етди.

ИИВ: Сирдарёда велосипедда юрган 78 яшар отахон жазоланди

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари бошчилигида Сирдарё туманида ўтказилган рейдда 78 яшар отахон ушланди.

ИИВнинг хабар қилишича, бу отахон - 1942 йилда туғилган фуқаро Н.Х. карантин қоидаларини бузиб, "велосипедда бемақсад ҳаракатланиб кетаётгани учун" маъмурий жавобгарликка тортилган.

Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан жорий йилнинг 06 апрел соат 06:00дан эътиборан “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида мажбурий равишда жорий этилиб, мототранспортда (мотоцикл, скутер, велосипед, юк ташувчи аравалар) ҳаракатланиш чекланган.

Сирдарё вилоятида эса жорий йилнинг 8 апрель куни соат 20:00га қадар вилоят ҳудудида карантин қоидаларига бўйсунмаган 2920 та ҳолат аниқланиб, фуқароларга тегишли тартибда қонунчиликка мувофиқ жарима жазолари қўлланган.​

ЭЪЛОН: банкортлик бўйича мурожаатлар учун ишонч телефонлари эълон қилинди

Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат мулкини ижараган олган, давлат активларининг харид тўлови, инвестиция муддатларини узайтириш ҳамда банкротлик масалалари бўйича саволлари бўлган тадбиркорларга ишонч телефонларини эълон қилди.

Тадбиркорлар "муаммоли вазиятлар бўлса", қуйидаги рақамларга мурожаат қилиши мумкин:

(71) 2592258, 2592138, 2592021, 2592137
Қисқа рақам: 1082


САМАРҚАНД: 1051 киши карантиндан чиқарилди

Самарқанд шаҳридаги Қуролли Кучлар кичик мутахассислар тайёрлаш марказида жойлаштирилган фуқароларнинг 14 кунлик карантин муддати тугади.

25 март куни карантинга олинган 1 минг 51 киши икки марта лаборатория тест синамаларидан ўтказилган.

Улар уйларига етказилган ва у ердан туриб, яна 10 кун давомида уй шароитида карантин кузатувида бўлади.

БРИФИНГ: қатъий карантин режими қачон тугаши ҳозирча номаълум

АОКА штабида Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирокида брифинг бўлди.

Отабековнинг маълум қилишича, мамлакатдаги қатъий режимдаги карантин эпидемиологик вазият нормаллашмагунча давом этишини маълум қилди.

Яъни, ҳозирча қатъий карантин режими тугайдиган аниқ сана номаълум.

Бош санитар инспекторга аввал тахмин қилинганидай карантин 20 апрелга қадар давом этса, қандай муваффақиятларга эришиш кутилмоқда, карантин эълон қилингунга қадар эпидемиологик вазият қандай ҳолатда эди ва карантиндан кейин қандай вазият бўлади, каби саволлар берилди.

"Карантин эълон қилингунга қадар бизда коронавирус инфекцияси аниқланмаган эди. 15 март куни биринчи коронавирус инфекцияси аниқлангандан сўнг кенг кўламдаги ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар, жумладан биринчи босқичдаёқ ўз-ўзини уйда изоляциялаш сабаб Ўзбекистонда касаллик АҚШ, Италия, Испания ва бошқа давлатлардаги каби КЕНГ ТАРҚАЛМАДИ", деб жавоб берди Отабеков.

Н. ОТАБЕКОВ: Ўзбекистондаги вазият эпидемия ҳисобланмайди

АОКА ҳузуридаги штабда бўлган 9 апрель кунги брифингда Нурмат Отабековнинг айтишича, ҳозирча Ўзбекистондаги вазиятни эпидемия, деб баҳолашга асос йўқ.

"Ҳозирда Ўзбекистонда эпидемиологик вазият ҲИСОБЛАНМАЙДИ, 34 миллион аҳолига 555 ҳолат. Бироқ ЖССТ коронавирус бўйича пандемия эълон қилганини ҳисобга олиб, республикамизда карантин эълон қилинган", деди Отабеков

Н. ОТАБЕКОВ: Тошкентдаги 6-сонли туғруқхона карантинга ёпилди

Ўзбекистон Бош санитар инспектори Тошкент шаҳридаги 6-сонли туғруқхона карантинга ёпилгани маълум қилди.

Бемор билан мулоқотда бўлган бир кишида коронавирус аниқланган. Шунинг учун туғруқхона мажмуаси 14 кунга карантинга бутунлай ёпилган.

"Барча беморлар, туққан аёллар, болалар ва персонал тиббий кузатувга олинади. 14 кунлик карантиндан кейин туғруқхона персонали, мижозлари, болалар орасида коронавирус инфекцияси йўқлиги аниқланса, карантин бекор қилинади", деди санитар инспектор.

ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТ: стикер талаб қилинмайдиган ҳолатлар янги рўйхати ишлаб чиқилди.

Адлия вазирлиги ​автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларнинг янгиланган рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатдан чиқарилган ҳолатлар:

- Президент Администрацияси, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, суд ва прокуратура органлари шахсий автотранспорт воситалари;

- Вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар ва бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг таркибидаги ташкилотларнинг ўринбосарларининг хизмат автотранспорт воситалари;

- Йўл-патрул хизмати автомобиллари ёрдамида кузатилаётган автотранспорт воситалари.

Янги киритилди:

- Хусусий тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситалари;

- Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хизмат ва ходимларнинг шахсий автотранспорт воситалари;

- Қатор қўмиталар, агентликлар, АЖ, МЧЖ, ДКларга тегишли хизмат, йўловчи ташувчи (вахта автобуслари) ва махсус транспорт воситалари, ташкилотлар томонидан тегишли ички ишлар органларига тақдим қилинадиган автотранспорт воситаларнинг рўйхати ва ҳаракатланиш йўналиши кўрсатилган талабнома асосида (рўйхатнинг 12-банди);

- Қишлоқ хўжалиги техникалари.

Ўзгарди:

- Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотлар хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари рўйхатдан чиқарилиб, давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари қолдирилди;

- Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар – газ, электр энергияси, иссиқлик таъминоти, совуқ сув, сув оқава ва чиқинди ташишнинг хизмат автомашиналари ўрнига махсус автотранспорт воситалари;

- Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар хизмат автотранспорт воситаларига аниқлик киритилди (рўйхатни 16-банди).

Шунингдек, қуйидаги автотранспорт воситаларининг 50 фоизга қисқартирилган рўйхати шакллантирилади ва ички ишлар органларига тақдим қилинади (ушбу автотранспорт воситалари ташкилот томонидан берилган рухсатнома асосида ҳаракатланади):

- йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксилар (йўловчиларсиз фақат етказиб бериш хизматини кўрсатиш мақсадида);

- Марказий банк ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда тижорат банкларининг хизмат автотранспорт воситалари;

- алоқа хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар, “Ўзбекистон почтаси” АЖ, “Ўзбектелеком” АК ва унинг ташкилотлари ҳамда “Ўзинфоком” ягона интегратори” МЧЖнинг хизмат автотранспорт воситалари.

Қуйида ўзгаришлар билан тўлиқ танишишингиз мумкин:

ЖАҲОН БАНКИ: Ўзбекистонда ЯИМ кескин пасаяди, муҳожир ўтказмаси 50 фоизга қисқаради

Жаҳон банкининг янгиланган прогнозларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш даражаси кескин пасайиб, 1,6 фоизни ташкил этади.

Меҳнат муҳожирлари юборадиган пул ўтказмалари 50 фоизга қисқариши мумкин.

Иқтисодий ўсиш суръатининг пасайишига ташқи савдо ҳажмининг кескин камайиши ва коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ бўлган ички бозордаги ҳолатнинг ёмонлашуви таъсир этади.

2019 йилда мамлакат ЯИМнинг ўсиш даражаси 5,6 фоизга тенг бўлган.

ҲОКИМЛИК: Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларига кириш-чиқиш ёпилди

Коронавирус туфайли вилоятлар ўртасида блокпостлар ўрнатилган.

9 апрелдан бошлаб, Тошкент вилоятининг Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларида карантин тартиби янада кучайтирилади.

Тошкент вилояти ҳокимиятининг билдиришича, фавқулодда ҳолатлар ва юк машиналаридан ташқари фуқароларнинг бу шаҳарларга кириш ва чиқишлари чекланади.

“Вазиятдан келиб чиқиб, ушбу ҳудудларга ёндош туманларда озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилмоқда”, — дейилади хабарда.

Тошкент вилоят ҳокимияти ўз билдирувида Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларига кириш ва чиқиш ёпилаётгани сабабларини айтмаган.

ССВ: Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 555 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 9 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 555 нафарни ташкил қилмоқда.

8 апрель соат 23.00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 546 нафарга етган эди.

8 апрелда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи коронавирусга чалинган фуқаро Ш., ўпка ва юрак етишмовчилигидан вафот этганини билдирди. Бу билан Ўзбекистонда вирусдан вафот этганлар сони уч кишига етди.

3-7 апрель кунлари Нью-Йоркда ҳам уч нафар ўзбекистонлик вафот этгани хабар қилинган.

ВАЗИРЛИК: Автомобилларга махсус рухсатнома бериш тўхтатилди

Қишлоқлар ва туманларда махсус рухсатномасиз автомобилда ҳаракатланиш мумкин.

9 апрелдан бошлаб давлат хизматлари марказлари автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатнома беришни тўхтатди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, коронавирус инфекциясини кенг тарқалишини олдини олиш ва эълон қилинган карантин талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида, республика махсус комиссияси 8 апрель куни мана шундай қарор қабул қилган.

“Бунда автотранспорт воситаларига мазкур санага қадар тақдим этилган рухсатномалар асосида ҳаракатланиш ҳуқуқи сақлаб қолинди. Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларнинг рўйхати қисқартирилиб, алоҳида эълон қилинади”,-дейилади вазирлик маълумотида.

Айни пайтда кўриб чиқиш жараёнида бўлган аризалар қаноатлантирилмасдан қолдирилади.

8 апрель куни ўтган матбуот анжуманида Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов: "Республика махсус комиссияси қарорига кўра, махсус рухсатнома вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун талаб этилади. Қарор қишлоқларга, туман марказларига ТААЛЛУҚЛИ ЭМАС”, - деб билдирган эди.

Коронавирус тарқалишига қарши курашга масъул республика махсус комиссияси қарори билан 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари фақат махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкин.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Бу жонли блогнинг учинчи қисми.

Аввалги қисмларини қуйида ўқишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG