Россиянинг Шимолий Кавказ минтақасида жойлашган Чеченистон Республикаси авторитар раҳбари Рамзан Қодиров сочини олдиргач, қўл остидаги амалдорлар ҳам унга эргашди.
Қодиров буни коронавирус пандемияси сабаб барча сартарошхоналар ёпилиши билан изоҳлади.
21 апрелда Қодиров сочини тагидан олдирганидан сўнг суратини Инстаграмга қўйгач, бошқа амалдорлар ҳам шундай йўл тутди.
‒ Мен ҳаммага сочини тагидан олдиришни тавсия қиламан, чунки гўзаллик салонлари ёпиқ, уйларда эса сартарошлар йўқ... Боболаримиз, энг муҳими, пайғамбаримиз Муҳаммад САВ ҳам сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси шундай қилган, ‒ деди Қодиров видеода.
Бир кун олдин коронавируснинг олдини олиш гуруҳи мажлисида маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Қодировдан сартарошхоналарни очишни илтимос қилган, Чеченистон раҳбари эса: "Энг яхшиси сочни тагидан олдириш керак", - деб жавоб қайтарган эди.
Қодировнинг видеоси Инстаграмда пайдо бўлганидан сўнг кўплаб ҳукумат амалдорлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва бошқа маҳаллий ҳокимият вакиллари ушбу урфга амал қилиб, сочини тагидан олдириб, суратларини интернетга жойлади.
Кремль қўллаб келадиган 43 яшар Қодиров 2007 йилдан бери вазият қалтис бўлган Чеченистонни ижтимоий эркинлик ва фуқаролик ҳуқуқини топташ, мухолифларини мамлакатда ҳам, чет элларда ҳам таъқиб қилиш йўли билан бошқариб келади. У “темир муштли” раҳбар сифатида ном қозонган.
Кремль танқидчилари Путин Қодировнинг хизмат вазифасини суиистеъмол қилаётгани ва Россия Конституциясини бузаётгани ҳақидаги гап-сўзларга кўз юмиб келаётганини айтади.
Танқидчиларга кўра, Путин Чеченистондаги айирмачилик кайфияти ва зўравонликни назорат қилиш учун собиқ исёнчилар командирига таянади.
Чеченистон икки марта постсовет ҳудудидаги ҳалокатли уруш ва исломий қўзғолон рўй берган жойдир, кейинчалик ушбу қўзғолон ва уруш Шимолий Кавказдаги бошқа мусулмон минтақаларга ҳам тарқалган эди.