Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:23

ИИВ ўз ходимларини "қасддан ҳақорат қилган" Юлдуз Усмоновага нисбатан чора кўрилиши ҳақида билдирди


Юлдуз Усмонова ўз уйининг олдида Сардоба фожиасида жабр кўрганлар учун ёрдам йиғиш акциясини ўтказди
Юлдуз Усмонова ўз уйининг олдида Сардоба фожиасида жабр кўрганлар учун ёрдам йиғиш акциясини ўтказди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги халқ артисти, собиқ Олий Мажлис депутати Юлдуз Усмонованинг ички ишлар органларига қарата билдирган танқидини “ноўрин”, “ўта салбий” ва “маданиятсизлик” деб баҳолади.

Вазирлик ўз баёнотида Усмоновани ички ишлар органлари ходимлари шаъни ва қадр-қимматини камситишга ҳаракат қилганликда айблади ва унга нисбатан қонуний тартибда чора белгиланишини билдирди.

“Ўз қилмиши билан Ю.Усмонова барча ички ишлар органлари ходимларини уятли сўзлар, обрўсизлантирувчи уйдирмалар ва беодоблик билан қасддан ҳақорат қилган”, дейилади Ички ишлар вазирлиги баёнотида.

4 май куни таниқли хонанда Юлдуз Усмонова Instagram ижтимоий тармоғидаги жонли эфирда ИИБ ходимларини “номард”,“падарлаънат”, “ноль в коробке”, “лафзсиз” деб атади ва “туф силарга” деб қўшди.
“Халқ эшитсин, милиция клизма олмагунича мутлақо ишламайди”, деди Юлдуз Усмонова.

Ушбу танқидларни Усмонова одамлардан йиғилган инсонпарварлик юкларини фожиадан азият чекаётган сирдарёликларга тезроқ етказиб беришда етарлича кўмак бермаган ходимларга қаратди.

Ички ишлар вазирлиги эса, ўз ходимлари Юлдуз Усмоновага ваколати доирасида барча қўлидан келган ёрдамни бериб келганини таъкидлади.

“Ю.Усмонова ўзининг ёрдамчилари орқали тўпланган юкларни дарҳол, яъни 3 май соат 00.10ларда ЙҲХБ ходимлари кузатуви остида Сирдарё вилоятига жўнатилишини талаб қилган. Шунда ходимлар Ю.Усмоновага Сирдарё вилоятига чиқиш белгиланган тартибда тегишли рухсатнома асосида, кундузги вақтда ҳамда уюшган ҳолда амалга оширилишини тушунтиришларига қарамасдан, унинг асоссиз танқидига учраганлар”, дея изоҳлади Ички ишлар вазирлиги.

Шу куннинг ўзида ижтимоий тармоқларда Юлдуз Усмонованинг узр сўраб чиққан видеоси тарқалди.

Ассалом алайкум азизлар. Ҳурматли Ички ишлар вазирлиги, мудофаа, “силовой структура” ҳаммаларингиздан, дилларингизни оғритган бўлсам, улуғ кунларда узр сўрайман. Ҳаммамизда айб бор. Мен аёл кишиман. Лекин айбсиз кўрмаганимни гапирмайман. Ман кўрганим учун гапирдим”.

Юлдуз Усмонова шу кунларда ўзининг Тошкентдаги уйида Сардоба тўғони ёрилиши оқибатида азият чекаётган фуқароларга гуманитар ёрдам тўплаш ва етказиб бериш ишларига бош-қош бўлмоқда.

Унинг бевосита иштирокида ёрдамга муҳтож фуқароларга миллионлаб сўм пул маблағлари, бир неча юк машинада озиқ-овқат, кийим-кечак ва ёш болалар учун зарур маҳсулотлар етказиб берилди.

Юлдуз Усмонова жаҳл устида айтганларини шу кунлари кам ухлагани ва қуёш тагида қолиб кетгани билан изоҳлади.

У сув тошқинида ҳалок бўлган Миллий гвардия ходимининг ўлими юзасидан таъзия билдирди.

Аввалроқ Юлдуз Усмоновага Ўзбекистон Маданият вазирлиги эътироз билдирди.

“Юртимизга келган синовлар пайтида Юлдуз Усмонова томонидан билдирилган фикрлар ноўриндир, шунингдек, санъаткорнинг хабари бўлмаса керак, икки ой давомида ўз оиласи ва уйига хаттоки бормаётган ички ишлар ходимлари ижтимоий тармоқларда нолишаётгани йўқ”, дейилган вазирлик хабарномасида.

XS
SM
MD
LG