АҚШ Адлия вазирлиги собиқ миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Жон Болтон қаламига мансуб китоб чоп этилишига тўсқинлик қилишни сўраб, АҚШ федерал судига ариза йўллади.
Президент Дональд Трамп маъмурияти бундан аввал ҳам китобда махфий маълумотлар келтирилганини, унинг нашр қилиниши миллий хавфсизликка таҳдид солишини айтиб, Болтон китобининг дунё юзини кўришига тўсқинлик қилишга уринган эди.
Адлия вазирлиги 17 июнь куни йўллаган шикоятда иддао қилинишича, Болтон «ўзи рози бўлган таҳрир жараёнидан воз кечишга қарор қилган ва бунинг ўрнига китоби орқали фойда кўриш мақсадида хоҳлаганча махфий маълумотларни тарқатмоқчи». Вазирлик 19 июнь куни суд мажлисини ўтказишни сўради.
Болтоннинг китоби 23 июнь куни нашр қилиниши кутилмоқда. Болтон 17 ой давомида Трампга маслаҳатчи бўлган даври ёритилган мемуарларидан парчалар The Washington Post, The New York Times ва Wall Street Journal газеталарида чоп этилди.
Газеталар эълон қилган парчаларда Трамп Хитой президенти Си Сзинпиндан қайта сайланишига ёрдам беришни сўрагани, суҳбат давомида уйғурлар учун лагерлар қуриш фикрини қўллашини изҳор қилгани айтилган.
Болтонга кўра, Трамп Сидан 2019 йилнинг июнида Японияда бўлиб ўтган Катта йигирматалик йиғини давомида ёрдам сўраган.
Трамп Хитойнинг иқтисодий қудрати сайловга таъсир ўтказа олишига шама қилиб, «Сидан қайта сайланишига кўмаклашишни сўраган». Хусусан, президент америкалик фермерлар етиштирган соя ловияси ва буғдойни Хитой томонидан харид қилиниши сайловга муҳим таъсир кўрсатишини айтган.
Трампнинг Россия президенти Владимир Путин билан муносабатлари ҳақида Болтон АҚШ президенти ўзини тажрибали музокарачи қилиб кўрсатса-да, Путин уни жиддий рақиб ўлароқ қабул қилмаслигини ва ундан хавотирланмаслигини айтди.
Болтон 17 июнь куни ABC телеканалига берган интервьюсида шундай деди:
- Путин уни ғижжак қилиб чала олишига ишонади, деб ўйлайман. Менимча, Путин ақлли, кучли. Олдида жиддий рақиб турмаганини тушуниб турибди, деб ўйлайман.
Трамп Болтоннинг бу шарҳлари ортидан уни ёлғончи деб атади. Шунингдек, президент Болтонни китобга махфий маълумотларни киритиб, қонунга зид иш тутганини таъкидлади.
АҚШ савдо вакили Роберт Лайтхайзер Япониядаги учрашувда қатнашганини, Трамп Сидан ҳеч қандай ёрдам сўрамаганини таъкидлади.
- Бўлмаган гап. Ундай бўлмаган. Мен ҳам бор эдим. Бу гапни умуман эсламайман. Чин эмас бу. Бу гапга ишонмайман, - деди Лайтхайзер.
Болтоннинг ёзишича, Трамп уйғурлар лагерлари ҳақидаги фикрини фақат таржимонларга айтган.
«Умуман олганда, Си Шинжонда нима учун концентрация лагерларини қураётганини тушунтириб берди, деса бўлади. Таржимонимизга кўра, Трамп Си лагерларни қуришда давом этиши кераклигини, бундай қилиш жуда тўғри деб ҳисоблашини айтган».
Болтон Трампнинг Си билан суҳбати президентнинг хавотирга сабаб бўладиган кўплаб суҳбатларидан бири эканлигини айтиб, Конгресс ўз импичмент суриштируви давомида шунга ўхшаш бошқа ҳолатларини ҳам кўриб чиқиши керак эди, деди.
Трамп Киев 2020 йилги президент сайловидаги асосий рақиби Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилмаса, ёрдамни бермаслигини айтиб, таҳдид қилган. Айнан шу ҳолат туфайли АҚШ Намояндалар палатаси Трампга импичмент эълон қилди. Жорий йилда тергов ўз якунига етди – сенаторлар Трампни оқлаб, уни лавозимидан четлатмасликка қарор қилди.
Бу орада АҚШ давлат котиби Майк Помпео Гавайида юқори лавозимли Хитой расмийси билан учрашиб, савдодан тортиб, коронавирус пандемиясигача бўлган мавзуларни муҳокама қилиши кутилмоқда.
Помпеонинг Хитой коммунистик партиясининг энг юқори лавозимли дипломати бўлмиш Ян Сзечи билан учрашуви Вашингтон ва Пекин ўртасидаги муносабатлар таранглашган бир пайтга тўғри келди.
Пекинга бўш келмаслик Трамп сайловолди кампаниясининг муҳим компонентларидан биридир. 17 июнь куни АҚШ президенти Шинжонда 1 миллионга яқин этник уйғурнинг концентрация лагерларига юборилишига алоқадор Хитой расмийларига қарши санкция жорий қилувчи қонунни имзолади.