Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий 2016 йил 2 июлида талабалар билан ўтказилган учрашув давомида докторантура талабасига олий раҳбарни танқид қилса бўлаверишини айтаркан, бундай деган эди.
- Менга қарши сўзлаш ножўя иш эмас, жиноят ҳам эмас. Буни кўп марта айтганман.
Талабалар билан ўтказилган учрашувда Муҳаммад Али Камфирузий ҳам бор эди. Камфирузий Хоманаийга Эронда инсон ҳуқуқлари, жумладан, сўз эркинлиги бузилаётгани ҳақида савол берган эди.
Орадан тўрт йил ўтиб, ҳуқуқшунос бўлиб етишган Камфирузий 2018 йилдаги нутқи давомида Хоманаийни танқид қилгани учун икки йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Камфирузийга, шунингдек, ўзи туғилиб ўсган Шероз шаҳрига 60 марта сафар қилиб, Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусига ҳисобот бериш буюрилди.
Камфирузийнинг ўзи унга чиқарилган ҳукм ортидан инқилоб посбонлари корпуси турганини тахмин қилди.
Ҳафта бошида ҳуқуқшунос унга қўйилган айбловлар тафсилотларини Twitterда ёзди. Ўз твитида у инқилоб посбонлари корпусининг разведка бўлими уни 3-4 йилдан бери таъқиб қилиб келаётганини айтди.
Ислом инқилоби посбонлари корпусининг разведка бўлими кейинги йилларда кўплаб фаол, журналист ҳамда икки давлат фуқаролигига эга эронликларни ҳибсга олди.
Камфирузийнинг сўзларига кўра, Шероздаги инқилоб посбонлари корпуси суди ҳукмига у икки йил олдин талабалар кунида Эрон олий раҳбарини танқид қилгани асос бўлган.
Камфирузий сўзлаган нутқи давомида айтган икки гапи учун жазога тортилди. Хусусан, ҳуқуқшунос «Аҳолининг ҳуқуқлари ва эркинликлари масаласида раҳбар фаолиятини танқид қилиш мумкин», ҳамда «Раҳбар [бошқаруви остидаги идоралардаги] инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатларидан хабардор бўлмаса, бу ачинарли ҳолатдир; агар билиб туриб, чора кўрмаса, бундан 100 марта ачинарлидир», деган гаплари учун жавобгарликка тортилди.
Камфирузий иши Эрондаги репрессия кўламидан далолат беради. Мамлакатда мавжуд тузумни яқиндан қўлловчилар, раҳбарлар ҳамда хавфсизлик хизматларини танқид қилганлар жавобгарликка тортилмоқда.
Хоманаий билан 2016 йилда ўтказилган учрашув давомида Камфирузий матбуот ва талабаларга бўлган босимга ҳамда ҳукуматни танқид қилганларнинг ёмон отлиқ қилинаётганига тўхталиб ўтган.
Кейинги йилларда Хоманаийни танқид қилган эронликлар қўлга олинди, тазйиқларга учради ёки қамалди.
Уларнинг айримлари эса уй қамоғига ҳукм қилинди, уларнинг ташқи дунё билан алоқаси кескин чекланди.
Расмийлар тазйиқларига қарамасдан, Эрон олий раҳбарига қаратилган танқидлар кўпаймоқда. Теҳронда ва бошқа шаҳарларда ўтказилган норозилик намойишчилари иштирокчилари уни танқид қилди, айримлари эса уни диктатор деб атади.
Кейинги ойларда бир неча фаол Хоманаий истеъфосини талаб қилиб оммавий овоз тўплаш ташаббусларини бошлади.
Хоманаий бирор марта унга қаратилган танқидларни шарҳламаган. 2016 йилда Камфирузийга қилга ваъдасига қарамай, олий раҳбарнинг танқидга тоқати йўқлиги аён.