Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:51

Жаҳон банки: Ўзбекистонликлар даромади кейинги тўрт йил ичида кескин камайиб бормоқда


Дунë давлатларидаги ялпи миллий даромад ҳажмига оид Жаҳон банки жорий ой бошида эълон қилган ҳисоботга кўра¸ 2016 йилдан бери Ўзбекистонда бу кўрсаткич муттасил камайиб бормоқда.

Каримов бошқарувининг сўнгги йили - 2016 да жон бошига 2660 долларни ташкил қилган ялпи миллий даромад 2017 йилда 2350 доллар¸ 2018 йилда 2020 доллар¸ 2019 йилда эса¸ 1800 долларга тушган. (бу рақамлар дунë бўйлаб иқтисодий вазият кескин оғирлашган пандемия даврини ўз ичига олмайди – таҳр.)

Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонликлар даромади сурункали равишда камайиб бораëтгани сабабларини изоҳлаган иқтисодчилар¸ 2017 йилги миллий сўм девальвациясидан сўнг ҳукуматнинг инфляцияни жиловлай олмай қолганини асосий омиллардан бири сифатида тилга олди.

Озодлик мамлакатнинг уч ҳудудида яшовчи уч оила мисолида Жаҳон банки ҳисоботида келтирилган абстракт рақамлар ортидаги реал ҳаëтни ўрганишга ҳаракат қилди.

Тошкентлик тадбиркор: Шаҳар ташқарисига чиқиб дам олиш тўхтади!

Тошкентлик Анвар (исми ўз сўровига кўра ўзгартирилди – таҳр.) ўзини кичик тадбиркор деб таништирди. Унинг озиқ-овқат ишлаб чиқарадиган кичик цехи бор¸ унда 10 нафар ишчи ишлайди.

Озодлик билан суҳбатда Анвар 2016 йилдан пандемия бошланган 2020 йилга қадар ўз оилавий даромади траекторияси ҳақида гапирди.

Оилада беш жонмиз¸ уч фарзандим ва аëлим. Турмуш ўртоғим ишламайди¸ даромад манбаи фақат мен юритадиган бизнес. 2016 йилда ойига 700 долларча соф даромад қилардим. Ўшанда асосий харажатлар - oвқатланиш¸ коммунал тўловлар¸ кийим-кечак¸ бензин¸ кўчадаги обеддан 50 долларча ортиб қоларди. Аммо 2017 йил¸ айниқса 2018 бошлаб бюджет босими муттасил ошиб бораяпти. Асосий сабаб¸ сўмнинг қадрсизланиб¸ нарх-навонинг ошиб кетиши деб ўйлайман. Кейин¸ 20 фоизлик НДС¸ солиқлар ошди. Аҳоли харид қурби тушиб кетди. 2016 йилда¸ дейлик¸ бир кунда ўнта товар сотган бўлсам¸ 2019 га келиб¸ бу тўрттага тушди. Айни пайтда¸ бизнес чиқимларим ошди. Ишчиларим 2016 йилда 750 мингга ишлаган бўлса¸ ҳозир 1 миллиондан камига ҳеч ким ишламайди. Бу нарса¸ тўғридан-тўғри яшаш шароитимда акс этаяпти. 2016 йили бир ойда ўртача 5-6 кило гўшт еган бўлсак¸ ҳозир 3-4 килога тушди. Пишлоқ¸ балиқ маҳсулотлари рациондан чиқа бошлади. Кийим-кечакни олдин бир йилда бир янгилаган бўлсак¸ ҳозир икки йилда бир янгилаймиз¸ унда ҳам зарурат бўлмаса¸ йўқ. Болаларимни кўчада овқатланиш ëки паркка олиб чиқиш деярли тўхтади¸ оилавий бюджетда бунга пул йўқ. Тошкент ташқарисига чиқиб дам олиб келишлар ҳам тўхтади. Бизнинг беш кишилик оила мисолида айтадиган бўлсам¸ кейинги 4 йил ичида турмуш даражамиз фақат ëмонлашиб бораяпти”.

Фарғоналик ўқитувчи: Ойлик рақамларда ошди¸ аммо унга тирикчилик қилиб бўлмай қолди!

Озодлик билан 2016-2019 йилларда ўз оиласи даромадининг қайси йўналишда кетаëтгани ҳақида “ҳалол” гаплашишга рози бўлганлардан яна бири фарғоналик математика ўқитувчиси Дилшодбек(исми ўзгартирилди -таҳр.).

Фарғона шаҳрида яшайдиган бу суҳбатдош қарамоғида уй бекаси бўлган аëли ва икки кичик фарзанди бор.

2016 йилда тақрибан 1 миллион 200 минг сўм олардим. Ҳозир қўлимга тегадигани 2 миллион сўмга етди. Рақамда ойлик ошди¸ аммо унинг қурби 2016 йилги маошдан кам бўлса камки¸ кўп эмас. Озиқ-овқат¸ коммунал тўловлар нархи ниҳоятда ошиб кетди. Ойлигимнинг тенг ярми коммунал тўловларга кетади. Қолгани тўрт жоннинг еб-ичишига етмайди. 2016 йилда бир ҳафтада бир кило гўшт олган бўлсак¸ ҳозир бир ойда бир килога тушиб қолдик. Ҳовлимиз ичкарисидаги икки сотихда картоша-пиëз экиб¸ қозон қайнатаяпмиз. Атрофдаги дўкончилар танигани учун¸ пулсиз қолган ойларимизда¸ озиқ-овқатни насияга бериб туришади. Ойлик келса¸ тўлаймиз. Ўқитувчининг ойлигини оширдик¸ деб телевизордан тинимсиз гапираяптилар¸ лекин реал ҳаëтга ўқитувчи камбағал қатламга қўшилиб бўлди. Тирикчилик учун зарур бўлмаган ҳамма харажатлар қисқарди. Масалан¸ кийим-кечак¸ оëқ кийим деярли олмай қўйдик. Ишонсангиз¸ 2005 йили олган этигим билан қиш чиқараман. Кейинги икки қишни енгил туфлида ўтказдим. Этик олай десам¸ 300-500 минг сўм, бунча пулга қурбим етмайди”.

Эри Россиядан юборадиган пулга кун кўраëтган Насиба: Кўрпамиз калталашиб кетди!

Наманганлик Насиба 7 йилдан бери Россияда ишлаëтган эри юборадиган пулга рўзғор тебратиб келади.

Кетганларидан кейин ойига 450-500 доллар юбориб турдилар¸ шунга уй қуриб олдик. 2016 йилдан 2019 йил охиригача ҳам¸ ўзларининг еб-ичишлари¸ ëтоқ ва билет пулидан орттириб¸ 400-500 жўнатиб келди¸ аммо 2016 йилдаги 400 доллар билан 2019 йилдаги 400 доллар бир нарса бўлмай қолдида. Пулнинг қадри қолмади¸ ҳамма нарса қимматлади. Ўтган йил охирига келиб¸ Россиядан келган пул етмай қолди. Россиядаям патентлар ошиб¸ иш топиш қийин бўлиб кетди¸ аҳволи оғирлашганини билганимдан¸ борини тежашга ўтдим. Орзу-ҳавасга пул қолмади¸ кўрпани у ëғини тортсак буëғи¸ буëғини тортсак¸ у ëғи очилади. Коронавирус чиққандан кейин¸ буниям кўп кўрди. Мартдан бери эрим 300 доллар юборди¸ шунгаям шукур қилиб яшаяпмиз”.

Жаҳон банки рақамлари нима дейди?

Ялпи миллий маҳсулот¸ у ëки бу давлат ичкарисида ишлаб чиқарилаëтган товарлар ва хизматлар қиймати бўлса¸ ялпи миллий даромад¸қайси давлатда бўлишидан қатъий назар¸ масалан¸ ўзбекистонликлар ва ўзбек бизнес тизимларининг Ўзбекистонга юбораëтган маблағларини ҳам ўз ичига олади.

Жаҳон банки ўтган ҳафта ялпи миллий даромад бўйича эълон қилган йиллик ҳисоботга кўра¸ ўзбекистонликлар ялпи миллий даромади муттассил камайиб бормоқда ва 2019 йилга келиб¸ жон бошига 1800 долларга тушган.

Жаҳон банки ҳисобича¸ 2016 йилдан сўнг Ўзбекистон ялпи миллий даромади қийматида кескин тушиш бошланган.
Жаҳон банки ҳисобича¸ 2016 йилдан сўнг Ўзбекистон ялпи миллий даромади қийматида кескин тушиш бошланган.

Бу кўрсаткич¸ Каримов бошқарувининг сўнгги йили – 2016 йили 2660 долларга тенг бўлган ва кейинги тўрт йил ичида жон бошига тақсимлаганда 860 доллар¸ ëки учдан бирга камайган.

Қиëс учун¸ бу кўрсаткич қўшни Қозоғистонда 2019 йили жон бошига 8810 доллар¸ Туркманистонда 6740 доллар¸ Қирғизистонда 1240 доллар¸ Тожикистонда 1030 доллар¸ Россияда 11 260¸ Туркияда эса¸ 9610 АҚШ долларини ташкил этган.

Ялпи миллий даромад ҳажми бўйича дунëнинг энг етакчи давлатлари сирасида бўлган Исландияда 72 850 доллар¸ АҚШда 65 760¸ Данияда 63 240¸ Австралияда 54 910¸ Германияда 48 520 доллар¸ Японияда 41 690 долларга тенг.

2019 йилги ҳисоб-китобларга кўра¸ ялпи миллий даромаднинг жаҳон бўйича ўртача кўрсаткичи 11 569 долларга тенг ва Ўзбекистондаги кўрсаткич бу даражадан қарийб 10 баравар камдир.

Жаҳон банкининг Атлас методи бўйича ўтказиладиган бу ҳисоб-китобларга кўра¸ 2019 йили ялпи миллий даромади 1035 доллардан кам бўлган давлатлар “кам даромадли” ëки камбағал давлатлар ҳисобланади.

Озодлик Жаҳон банки ҳисоботи муаллифларига ундаги Ўзбекистонга оид рақамларни изоҳлашни сўраб мурожаат қилди¸ ҳозирча улардан жавоб олмади.

Ўзбекистонликлар даромади кескин қисқариб бориши сабаблари нима?

Озодлик суҳбатлашган мустақил иқтисодчилар¸ Ўзбекистон каби давлатлардаги яшаш даражасининг ҳақиқий аҳволини белгилашда ялпи миллий маҳсулотдан кўра¸ ялпи миллий даромад тушунчаси вазиятни аниқроқ акс эттиришини айтади.

Миллионлаб ўзбекистонликлар чет элда ишлаëтган қариндошлари юбориб келаëтган пулга тирикчилик қилади. Бу пуллар эса¸ фақат Ўзбекистон ичкарисидаги товар ва хизматлар қийматини ҳисоблайдиган ялпи миллий маҳсулотга қўшилмайди. Ялпи миллий даромадга¸ қаерда топилганидан қатъи назар¸ Ўзбекистонга кираëтган ҳамма маблағ қўшилади. Шунда жон бошига 1800 доллар тўғри келаяпти. Урушдан хароб бўлган Афғонистонда 2017 йилги кўрсаткич 2229 доллар бўлган¸ Ўзбекистоннинг 2019 йилги кўрсаткичи шундан ҳам паст!”¸ дейди шахсини очиқламай туриб Жаҳон банки ҳисоботини шарҳлаган ўзбекистонлик иқтисодчи.

Шавкат Мирзиëев 2017 йил январида ўтказилган йиғинда мамлакатдаги иқтисодий аҳволни “ниҳоятда оғир” деб атаган ва бу аҳволни тузатиш учун “икки йиллик фавқулодда ҳолат” эълон қилган эди.

Жаҳон банки келтирган рақамлар¸ иккинчи президент ҳукумати “ниҳоятда оғир аҳвол”ни “янада оғирлаштирганини кўрсатмоқда.

Озодлик гаплашган ўзбекистонлик иқтисодчилардан бирига кўра¸ миллий даромад қисқариб бораëтганининг сабаблари ўзбек иқтисоди структурасига бориб тақалади.

Ўзбекистонда экспорт ва импорт нисбатига қарасангиз¸ импорт ҳажми ниҳоятда катта. Экспорт ҳажмидаги энг катта улушни¸ газ¸ пахта каби хом-ашë ташкил этади. Кейинги йилларда бу масулотлар нархи жаҳон бозорида кескин тушиб кетди. Кирим ҳам кескин камайди. Ўзбекистоннинг асосий савдо партнëрларига қаранг – Хитой¸ Россия¸ Қозоғистон¸ Туркия. Бу давлатларнинг ўзи кейинги йилларда иқтисоди энг кўп қисқарган давлатлардир. Энг қизиғи¸ Россия статистикасига қарасангиз¸ 2016-2019 йилларда Россия меҳнат бозори инқироздан кейин ўнгланиб¸ ўзбекистонлик мигрантлар жўнатган пул ҳажми ошиб борган¸ лекин шунга қарамай¸ Ўзбекистондаги ялпи миллий даромад фақат қисқариб борган. Бу иқтисод структураси нотўғри қурилганидан далолатдир”.

Россия Марказий банки расмий маълумотига кўра¸ 2016 йилда ўзбекистонлик муҳожирлар ватанига юборган жами маблағ 2¸7 миллиард доллар¸ 2017 йилда 3.9 миллиард доллар¸ 2018 йили 3.96 миллиард ¸ 2019 йилда эса¸ Россиядаги иқтисодий инқироздан кейинги рекорд $4,7 миллиард долларни ташкил қилган.

Ўзбекистон Иқтисодиëт вазирлиги собиқ мулозими Саодат Нишонова¸ 2016 йилдан 2019 йилга қадар ўзбекистонликлар ялпи миллий даромадининг камайгани сабабларини шундай изоҳлайди:

- Ялпи миллий даромад жон бошига тақсимланади. Ўзбекистонда аҳоли сони ошиб ошиб бормоқда – 2016 йилда 31¸86 миллион бўлган бўлса¸ 2019 йил охирига келиб¸ 33¸72 миллионга чиқди. Иккинчиси: инфляция ошиб бораяпти. 2017 йилги девальвациядан кейин ҳукумат инфляцияни жиловлай олмай қолди. Инфляция даражаси валюта сиëсатига боғлиқ. Давлатнинг асосий молиявий сиëсати инфляцияни жиловлашга қаратилган бўлиши керак. Бунинг учун давлатда резерв маблағи бўлиши керак. Оғизда¸ резервда бунча миллиард бор дейилаяпти. Унда қани бу пуллар? Нега улар инфляцияни ушлашга ишлатилмаяпти¸ агар бўлса? Нега 2020 йилга келиб¸ Ўзбекистон ташқи қарзи 28 миллиард долларга етди? Учинчиси: Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган товар ва хизматлар таннархи ниҳоятда баланд ва рақобатбардош эмас. Бу эса¸ ниҳоятда катта коррупция деганидир. Бюджетдан ўғирланган пуллар¸ олинаëтган откатлар маҳсулот ва хизматлар таннархига киритилади ва нарх-наво ошиб бораверади. Назаримда¸ Мирзиëев иқтисодни бошқаришни ë билмайди ëки бу иқтисодий сиëсат устидан назоратни йўқотди.

Бу пастлаш давом этаверса...

Озодлик билан 2016- 2019 йиллар давомида ўз оилавий даромадининг қай тарафга ўзгаргани ҳақида гаплашган тошкентлик тадбиркор ҳам¸ фарғоналик ўқитувчи ҳам¸ даромади ҳаëт учун зарур бўлган маҳсулот ва хизматларни қоплашга етмаëтган жорий вазиятда яқин орада ўнгланиш бўлишига кўзи етмаслигини айтади.

Бу кетишда¸ оиламни олиб¸ четга чиқишга мажбур бўламан. Математикани яхши биламан¸ бирор компьютер курсида ўқисам¸ программист бўлиб¸ четдан иш топарман¸ деган хаëлдаман тўғриси. Ҳозирча болаларим ëш¸ харажати ҳам кичик. Лекин бу кетишда¸ уларни едириб-кийинтиришга ҳам пул тополмай қоламан. Агар четга кетолмасам¸ мактабни ташлаб¸ киракашлик қилмоқчийдим. Пандемиядан кейин унисиям¸ бунисиям ўхшамай турипти”¸ дейди фарғоналик Дилшодбек.

Наманганлик Насиба эса¸ Ўзбекистонда кейинги тўрт йил ичида завод ва фабрикалар қурилиб¸ эрининг Россиядан қайтиб¸ тирикчилик қилишига имкон берадиган иш жойлари яратилмагани боис¸ унга қайтиб келмасликни айтишини таъкидлайди.

"Иш йўқ¸ деҳқончилик қилай деса¸ ер бермайди¸ бергани устидан мингта хўжайин. Келмай туринг¸ юборганингизни амаллаб тежаб яшаб турамиз¸ деяпман. Бошқа на чорамиз бор?"

XS
SM
MD
LG