Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:35

Журналист Саид-Абдулазиз Юсупов қамоқдан озод этилди


Саид-Абдулазиз Юсупов.
Саид-Абдулазиз Юсупов.

Ўзбекистон ДХХ ҳибсхонасида сақланаётган журналист, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди собиқ директори, 38 яшар Саид-Абдулазиз Юсупов 8 июль куни қамоқдан озод этилди.

Саид-Абдулазиз Юсупов 2019 йилнинг сентябрида Жиноят кодексининг 167- ("Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш"), 168- ("Фирибгарлик") ҳамда 28- ("Жиноят иштирокчиларининг турлари") ва 211- ("Пора олиш-беришда воситачилик қилиш") моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, суд ҳукми билан 6 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Юсуповнинг озодликка чиқарилгани юзасидан Жазони ижро этиш бош бошқармасидан изоҳ олиш имкони бўлмади.

Саид-Абдулазиз Юсупов 8 июль куни ДХХнинг тергов изоляторидан озодликка чиқарилгани тўғрисидаги хабарни унинг адвокатиАрслон Шаймардонов Озодликка тасдиқлаб, бундай деди:

“Ҳозир мана уйларида худойи қилиб ўтирибмиз. Етказилган зарар қоплангани учун озодликка чиқарилди. Соғлиғи яхши, ҳеч қандай босим йўқ, олдингидек тазйиқ ҳам бўлгани йўқ, бошқа ҳам бўлгани йўқ, ҳаммаси қонун доирасида бўлди”.

Саид-Абдулазиз Юсупов 2019 йилнинг 10 майида ҳибсга олинганидан бошлаб шу кунга қадар ДХХ нинг изоляторида сақланган.

Бош прокуратура расмий баëнотига кўра¸ Саид-Абдулазиз Юсупов “ўзини Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходими деб таништириб, фирибгарлик йўли билан одамлардан жуда катта миқдорларда пул олган”ликда айбланган.

Норасмий манбаларнинг ўз вақтида хабар қилишича, 2019 йил кузида ёпиқ ўтган суд Юсуповни 6,5 йилга озодликдан маҳрум этган эди.

Ҳибсга олинганидан сўнг Юсуповнинг онаси ва хотини унинг тергов давомида қийноққа солингани ва шошилинч тиббий ëрдамга муҳтожлигини билдирган¸ аммо прокуратура бу иддаоларни рад қилган эди.

Ўтган йилнинг 9 сентябрида ижтимоий тармоқларда Саид-Абдулазиз Юсуповга тааллуқли экани ишонилган, унинг оила аъзоларига ҳибсхонадан чиқарган мактуби тарқалган эди.

"У ерда "Темур", "Ойбек", "Бердак"лар 6,5 сутка давомида менга нисбатан жисмоний, руҳий, психологик тазйиқ ўтказишди. Мени ҳатто зўрламоқчи бўлишди. Яъни дубинка билан номусимга тажовуз қилмоқчи бўлишди. Мени синдирган нарса – аяжоним ва аёлимни қамаш, хўрлаш, кейин эса бола чақаму отамгача қандай қилиб ўлдириб юборишларини айтиб ишонтиришгани бўлди", деб ёзилган эди мактубда, жумладан.

Жорий йил бошида эса, Юсупов маҳкумликдаги ҳаëтига оид мақоласида , жазо муддатини ўташ учун колонияга келганидан ўзининг “яхши маънодаги шок”ка тушганини ëзган.

2019 йилнинг 12 майида ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Юсупов ўзига нисбатан очилган жиноят иши журналистик фаолияти билан боғлиқ бўлганини иддао қилган, ўзини президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатнинг ашаддий ҳимоячиси эканини билдирган эди.

Саид-Абдулазиз Юсупов 2017 йилнинг декабридан ҳибсга олингунга қадар Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат жамғармасига раҳбарлик қилган.

XS
SM
MD
LG