Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:08

Карантинда очлик эълон қилган "Адабиёт" газетаси бош муҳаррири уйига жўнатилди  


 Карантинда 42 кун ушлаб турилган Бахтиёр Карим очлик эълон қилгач, уйига жўнатилди
Карантинда 42 кун ушлаб турилган Бахтиёр Карим очлик эълон қилгач, уйига жўнатилди

"Адабиёт" газетасининг Бош муҳаррири, янги тузилаётган "Ҳақиқат ва Тараққиёт" социал демократик партиясининг ташаббускорларидан бири Бахтиёр Каримга карантинда очлик эълон қилганининг иккинчи куни уйига рухсат берилди.

Бу ҳақда Озодликка ўзи маълум қилган Бахтиёр Карим “у учун қайғурган инсонлар”га ташаккур билдирди.

Бахтиёр Карим “тиббиёт муассасасида ушлаб турилиши ортида сиёсий мотивлар борлиги"ни айтиб, 16 июль куни карантин ҳудудидан озод қилиниши талаби билан очлик эълон қилганди.

Карантиндан 42 кун деганда “озод қилинган” 61 яшар Бахтиёр Карим уйига кетаётгани ҳақида Озодликка 18 июлга ўтар кечаси маълум қилди:

“Соат ўн иккиларга яқин чиқдим. Карантин бошланадиган вақт. Ўн иккидан кейин ҳаммага таъқиқ қўйилган. Салбий бўлгани учун жавоб берган. Санитарка нарсаларингизни йиғиштиринг, деди. Бўлди.

...Яна бир марта мен учун қайғурган барча инсонларга бошим ерга теккунча таъзим қиламан”.

Бахтиёр Карим Ўртасаройдаги карантин лагерига турмуш ўртоғи, келини ва 5 ойлик набираси билан 6 июнда жойлаштирилган эди.

Орадан 11 кун ўтгач, 17 июнда Бахтиёр Каримни оиласидан ажратиб, Тошкентнинг Нукус кўчасидаги вақтинча Covid-карантин лагерига айлантирилган Тери, таносил касалликлари клиникасига жойлаштиришган. Кейинчалик у 2-Тошкент табобат академиясига ўтказилган.

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Санитария эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Б.Юсупалиев имзолаган хатга биноан Бахтиёр Карим 23 июнда карантин лагеридан чиқарилиши керак эди.

Бироқ бу хат ёзилган куннинг эртасига – 24 июнда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д. Султонов 23 июнь кунги хатни имзолаган Б.Юсупалиевга хат ёзиб, ковид-тести мусбат чиққанлар билан мулоқот қилгани сабабли Бахтиёр Каримовнинг карантин муддатини яна 14 кунга узайтиришни тавсия қилган ва у карантин ҳудудида қолдирилган.

Июлнинг бошида Бахтиёр Каримга унинг навбатдаги коронатести мусбат чиққанини билдиришган.

Карантинда ушлаб турилганининг 41-куни, 16 июлда Бахтиёр Карим “тиббиёт муассасасида ушлаб турилиши ортида сиёсий мотивлар борлиги"ни айтиб, очлик эълон қилди ва карантин ҳудудидан зудлик билан озод қилинишини талаб қилди.

Янги тузилаётган "Ҳақиқат ва Тараққиёт" социал демократик партиясига хайрихоҳлардан бири, жиззахлик Исмоил Маматиминовнинг Озодликка айтишича, 15 июль куни у ички ишлар бўлимига чақиртирилиб, ҳали давлат рўйхатидан ўтмаган партияни тарғиб қилишнинг ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида огоҳлантирилган.

XS
SM
MD
LG