Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:35

Covid-19: Шифокорлар ҳимоя кийимларсиз ишлаётганига норозилик билдириб, президентга мурожаат қилди


Қоидага кўра, тиббиёт ходимлари 5 хилдаги ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлиши лозим.
Қоидага кўра, тиббиёт ходимлари 5 хилдаги ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлиши лозим.

Коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимлари ҳимоя кийимлари билан таъминланмаганига норозилик билдиряпти.

Мамлакатнинг турли бурчакларидан Озодликка бўлаётган мурожаатларга кўра, шифокорлар бир марталик ҳимоя кийимларини ювиб, қайта-қайта кийишга мажбур бўлмоқда.

Расмий маълумотга кўра, тиббиёт ходимлари учун ҳимоя воситаларини харид қилишга СЭОАга мунтазам пул ўтказилмоқда.

СЭОА шифокорларнинг бу шикоятини ҳеч бир кўринишда изоҳламади.

Президентга мурожаат

Тошкент тумани Тиббиёт бирлашмаси Тез тиббий ёрдам бўлимида санитарка бўлиб ишлайдиган Дилором Абдуваҳобова Озодлик орқали Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, коронавирусга қарши курашаётган шифокорлар вазиятига эътибор қаратилишини сўради:

- Битта кийиб-чиқиб ташлаб юбориладиган, одноразовий формани ювдириб, қайтадан кийдириляпти. Главврачга “биз киймаймиз”, “бола-чақам бор, ўлишни хоҳламайман, менга янги форма беринг”, десак ҳам бермаяпти. Эски формани офтобга ёйиб, қуритиб, хлор сепиб, мажбурлаб, кийдиряпти. Врачлар “киймайман” деб бош тортишса, телефон қилиб, қўполлик қилиб, мажбурлашяпти.

Дилором Абдуваҳобовага кўра, санитария талабларига амал қилинмагани сабаб бир ҳамкасби коронавирус ташхиси билан касалхонага ётқизилган, яна бир нечта ҳамкасблари иситмалаб ётибди:

- Санитарка вирусга чалиниб оғир аҳволда ётибди. Унинг қизи, невараси ҳам иситмада ётибди. Кўктерак поликлиникасида гинеколог оламдан ўтди, невропатолог оғир аҳволда. Аммо шунга қарамай, поликлиника карантинга ёпилмади, дезинфекция ҳам қилинмади... Президентимиздан шу масалаларда амалий ёрдам сўраймиз.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:41 0:00
Бевосита линк

Ангренлик ҳамширалар мурожаати

Ўртасаройдаги карантин марказига бориб ишлаган ангренлик ҳамширалардан Озодликка бўлган мурожаат хатида ҳам ҳимоя кийимларисиз ишлагани сабаб вирусга чалиниш ҳолатлари бўлаётганига норозилик билдирилган:

“Биз ангренлик ҳамширалар Ўртасарой карантин полигонига бориб ишлаб келдик. Ниқоб, қўлқоп, комбинезон беришмади. Биз кўпчилик эдик. Сўрасак, “таъминот яхши эмас”, деб турли баҳоналар қилишди. Биз 18 блокда ишладик. Биз ишлаган вақтда карантиндагилардан 318 та ковид вируси чиқди. Натижада бир ҳамширада ковид аниқланди, ҳозир Зангиотага ётқизилди. Лекин бошқа ҳамширалар ҳам ўзини ёмон ҳис қиляпти. Тест топширгандик. Анализ йўқолиб қолганини айтишди. Биз халқимиз учун кўнггилли бўлиб бордик. Лекин бизни оёқости қилиб, кимлардир фойда кўрди. Ваъда қилинган ойликка қўшимча 6 фоизни ҳам ҳали олмадик. ССВга телефон қилдик, вазирлик хабардор вазиятимиздан. Адлия вазирлигига ҳам хабар бердик. Бироқ натижа йўқ”.

“Ўз пулимизга сотиб олдик”

Бухоро шаҳридаги коронавирусга чалинган беморларни даволашга ихтисослаштирилган шифохоналардан бирининг шифокори ҳимоя кийимларини ўзлари сотиб олишга мажбур бўлганидан шикоят қилди:

“Ойлигимииз 1-2 миллион сўм атрофида. Бизга ҳимоя кийимлари берилмаяпти. Бошида ўз пулимизга 55 минг сўмдан бир неча бор сотиб олдик. Бироқ ойликни фақат бу кийимларга сарфласак, бола-чақамиз оч қоладику. Раҳбарларга айтиб чарчадик. “Имкони йўқ, ёқмаса, бўшаб кетаверинглар”, деган гапни қилишади”.

“Ҳимоя кийимсиз нафақат ўзимизни, балки бошқаларни ҳам хавфга қўйяпмиз”

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри тез ёрдам хизмати шифокори Муҳаммад эса Озодликка йўллаган видеосида ҳимоясиз ишлаётган тиббиёт ходимлари нафақат ўзларини учун балки беморларни ҳам хавф остига қўяётганини айтган:

“Навбатчилик кунимиз давомида бизга биттагина ҳимоя кийими бериляпти. Шу кийимда вирус ўчоғига кириб чиққач, яна бошқа беморларни кўргани бораман. Шу тариқа ўзимни ҳам, бошқаларни ҳам хавфга қўймоқдаман. Ахир, бу аҳволда касаллик тарқатилиши аниқ-ку! Мана, Нукус соғлиқни сақлаш бошқармасининг тиббий ходимларга муносабати!”

Тошкент шаҳри 2-юқумли касалликлар шифохонаси ходимаси Севара Озодликка йўллаган видеосида коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларига осон эмаслигини айтиб, буни ўзининг мисолида кўрсатган. Видеода Севара кун бўйи ишлаб, терлаганидан этиклари сувга тўлиб кетганини акс эттирган.

Вазирлик мулозими: Масъул- СЭОА

Озодлик тиббиёт ходимларининг ҳимоя кийимлари билан боғлиқ шикоятлари борасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозимларидан бири билан боғланди.

Мулозимнинг айтишича, коронавирусга қарши курашаётган шифокорларни ҳимоя кийимлари билан таъминлаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига (СЭОА) юклатилган.

“Бюджетдан ва ҳалқаро маблағлардан мунтазам равишда Молия вазирлигининг Инқирозга қарши курашиш жамғармасига ўтказиб бериляпти. Жамғарма бу пулдан СЭОАга ўтказиб беряпти. СЭОА пулнинг маълум қисмини ҳимоя воситалари учун сарфлаши лозим. Буни ҳисоб-китоби эълон қилиниб бориляпти. Энди батафсил маълумотни СЭОАдан оласиз”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган вазирлик мулозими.

СЭОА сайтида эълон қилинган телефон рақамларига ҳеч ким жавоб бермагани сабаб агентлик расмийларидан изоҳ олиш имкони бўлмади. Агентлик мулозимларидан бирининг мобил телефонига боғландик, бироқ у бу ҳолатни ҳеч қандай кўринишда изоҳлашни истамади.

Расмий маълумотга кўра, Молия вазирлиги қошидаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан пандемия бошланганидан 17 июлгача СЭОАга жами 907 миллииард сўм маблағ ажратилган.

Агентлик ушбу маблағнинг қанча қисмини ҳимоя кийимлари учун сарфлагани очиқланмаган.

Айни пайтда СЭОАда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан ажратилган пулларнинг талон-торож қилиниш ҳолатлари текширилмоқда.

Ҳимоя кийимлари аслида қандай бўлиши керак?

Бу саволга Тошкентдаги Тез тиббий ёрдам марказининг 10-махсус бригадасининг исмини очиқламаётганимиз ходими жавоб берди:

“Биз махсус бригада бўлганимиз учун бизда ҳимоя кийимларидан муаммо йўқ. Биз мунтазам равишда бир марталик ҳимоя кийимлари билан таъминланяпмиз.

Бизга 5 хилдаги ҳимоя кийими бериляпти. Булар:

  • Комбинезон
  • Ниқоб
  • Қўлқоп
  • Этик
  • Очки.

Буларнинг ичида комбинезон, ниқоб ва қўлқоп бир марталик. Этик билан очкини хлор билан обработка қилиб қайта беришади.

Бир кунда нечта чақирувга чиқсак, ҳар сафар ҳимоя кийимларимиз янгиланади. Масалан бир кунда 5 марта чақирувга чиқсак, 5 марта кийимларимизни янгидан беришади”.

XS
SM
MD
LG