Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:52

Андижон вилоятида таъмирдан чиққан мактабларни қайта таъмирлаш буюрилди. Харажатлар ўқитувчилар зиммасида


Андижондаги мактаблардан бирига ўрнатилган дезинфекция туннели.
Андижондаги мактаблардан бирига ўрнатилган дезинфекция туннели.

27 июль куни мактаб таъмирини эндигина якунлаган андижонлик ўқитувчилар зиммасига мактабларни қайта таъмирлаш вазифаси юклатилди.

Икки кунлик муҳлат ичида мактаблар фасадини рангли бўёқлар билан бўяш, зиналарга карра жадваллари, деворларга кимёвий формулалар чизиш топширилди.

Шунингдек, ҳар бир мактаб олдига дезинфекция туннеллари ўрнатила бошланди.

Озодликка боғланган мактаб директорлари бу вазифаларни амалга ошириш харажати улар зиммасига юкланганидан шикоят қилишди.

Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси мулозими янги топшириқларни бажариш учун мактаб директорлари ҳомийлар топиши кераклигини таъкидлаб айтди.

Андижон мактабларини қайта таъмирлашга оид янги топшириқ ҳақида Озодликка Асакадаги мактаблардан бирининг директори маълум қилди:

“Бу ўқув йилида мактаб директорлари таъмирлаш ишларида жуда қийналди. Авваллари ота-оналардан ҳомийликлар бўларди, бу йил деярли бўлмади. Аммо топшириқ экан амаллаб қилинди таъмирлар. Энди зўр-базўр ремонтни якунлаганимизда янги “ғоя” пайдо бўлиб қолди. Мактабларимизда 100 йилдан бери бўлиб келган бир хиллик ўқувчиларимизнинг ОТМларга кира олмаётганига бош айбдор экан. Энди фасадларни, коридор, йўлакларни ранг-баранг қилишимиз керак экан. Зиналарга карралар, деворларга турли кўргазмалар чизарканмиз”.

Ишдан ҳайдалиш хавфи боис исми очиқланмаслигини сўраган мактаб директори янги топшириқ ҳақидаги туман халқ таълими бошлиғи Ш.Қосимов имзолаган ҳужжатни Озодликка тақдим қилди.

Ҳужжатда қайд қилинишича, 27 июль куни туман мактаб директорлари зиммасига 18 та топшириқ юклатилиб, уларни бажариш учун икки кун муҳлат берилган. Бироқ ҳужжатда харажат кимнинг ҳисобидан экани очиқланмаган.

Мактабларни ноанъанавий усулда жиҳозлаш лозимлиги таъкидланган ҳужжатда, жумладан, мактаб зиналарига карра жадваллари ёзиб чиқиш, бошланғич синф ва ўқув залларини болаларга хос равишда бўяш ва жиҳозлаш лозимлиги таъкидланган.

“Майли булар ёрдам берар ўқувчиларимизга. Аммо буни ремонтдан аввал айтмайдими? Биз ҳозир қаердан қиламиз, ўзи аранг якунлаган бўлсак. Шахмат бурчаги ташкил қилиб расмини топширишимиз ҳам сўралган. Хўп, бурчак қилармиз. Аммо кимга? Ўқувчилар қачон қайтиши номаълум, ўқитувчилар онлайн ишлашяпти. Шахмат бурчаги кимга хизмат қилади? Бошланғич синф ўқувчилари учун дам олиш хоналари ташкил этиш буйруғи бериляпти. Зўр ғоя! Аммо қандай қилинади? Ўзи ўқувчилар сони мактаб қувватидан 2-3 баробар кўп бўлса! 2-3 навбат қилиб ўқитилса, яна битта хонани дам олиш хонаси қилинадими? Спорт залга 5 та мешок илиш керак экан! Зўр-ку! 5 тадан мешокли бўлиб қоларканмиз, десак, ундай эмас экан, ўзимиз топиб иларканмиз. Қаердан оламиз? Нимага керак бу мешоклар? Андижонда ҳаммани боксчи қилмоқчимизми ёки шахматчими? Ҳозир топиб осиб қўйсак ҳам ким фойдаланади?”, дейди Асакадаги мактаб директори.

Асакадаги вазият вилоятнинг барча туманларида кузатиляпти. Пахтаобод туманидаги мактаблардан бирининг директори “Умумтаълим мактабларининг ҳовли, фойе, коридорларини безатиш бўйича намунавий тавсиялар” деб номланган видеони Озодликка йўллади.

Мактабларни безатиш бўйича намунавий тавсиялар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:53 0:00
Бевосита линк

Видеода мактаб фасади рангли бўёқлар билан бўялгани, зиналарига карра жадваллари ёзилгани, деворларга кимёвий формулалар ёзиб қўйилгани акс этган.

Хавфсизлиги сабаб аноним қолиш истагини билдирган Пахтаободдаги мактаб директорига кўра, бу нарсаларни икки кун ичида қайси маблағ ҳисобига амалга оширишни билмай боши қотган:

“Буларга қўшимча мактаб олдига дезинфекция туннели ўрнатяпмиз. 1 миллион 500 минг сўмдан ўрнатиб беришди. Пулини ўқитувчиларнинг август ойи ойлигидан олиб қолиш лозимлиги айтилди. Кейин ҳар ойда дезинфекция учун камида 20 минг сўмлик хлор ишлатилар экан. Унинг пули ҳам мактаб зиммасида. Бу дегани яна ўқитувчилар ва мактаб ходимларидан пул йиғилади дегани”.

Андижондаги мактаблардан бирига ўрнатилган дезинфекция туннели.
Андижондаги мактаблардан бирига ўрнатилган дезинфекция туннели.

Асака туман халқ таълими бўлими ҳужжатида дезинфекция туннели ҳар бир мактабга ўрнатилиши қайд қилинган.

Асакадаги мактаб директори ҳам берилган топшириқларни бажариш учун харажатни қаердан олишни билмаётганини айтди:

“Бу топшириқларни қилиш учун камида 10-15 миллион сўм пул кетади. Бу пуллар қаердан олинади? Ўқувчиларданми? Ўқитувчиларданми? Ёки янги ўқишни битириб келганлардан биринчи таассуротни пора беришдан бошлатайликми? Нима дейсиз? Нима қилайлик? Қачонгача кераксиз ишлар билан шуғулланамиз?”

Андижон вилоят халқ таълими бошқармасининг Озодлик боғланган мулозими янги топшириқларни бажариш учун ҳомийлар изланишини таъкидлади.

“Топшириқларни бажариш учун ўқитувчилардан пул йиғилсин ёки мактаб директорининг чўнтагидан тўлаб қилинсин деган жойи йўқ. Бунақа гапни ҳеч ким айтмайди. Мактаб фондининг кучи етмаса, ҳар бир мактаб жойлашган ҳудудда тадбиркорлар бор. Мактаб директорлари дангасалик қилмасдан ҳаракат қилишса, ҳомий топиш қийин иш эмас. Бу ишлар ўқувчилар савиясини ошириш, мактабларимизни замонавийлаштириш мақсадида қилиняпти. Бундан ёмонлик излаш керак эмас”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган мулозим.

Андижон мактабларида бўлаётган ўзгаришлар мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги мактабларда ҳам кузатиляптими ёки йўқ – буниси Озодликка ҳозирча маълум эмас.

Ўзбекистон халқ таълими вазирлигидан бу борада бирор изоҳ олиш имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG