Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида хориждан юборилган пул жўнатмаларини банк бўлимларидан олиш яна қийинлашди.
Озодликка келган видео ва фотосуратларда коронавирус карантинига қарамай, ўнлаб киши "Капиталбанк", "Ипотека банк", "Ҳамкорбанк"нинг Сурхондарё, Самарқанд, Навоий ҳамда Тошкент вилоятларидаги бўлимлари олдида хориждан юборилган пул жўнатмаларини олиш учун навбатда турганини кўриш мумкин.
Сурхондарёнинг Денов туманидаги "Капиталбанк" олдида навбатда турган банк мижози 10 август куни 170-инчи бўлиб навбатга ёзилгани, бир кун ўтиб ҳам навбати келмаганини айтди.
Андижон ва Фарғона вилоятларининг айрим шаҳар ва туманларида эса мижозлар банкоматлардан ҳам нақд пул олиб бўлмаётгани ҳақда Озодликка билдиришди.
Ўзбекистон Марказий банкининг Озодлик суҳбатлашган мулозими айрим банк бўлимларида нақд пул муаммоси юзага келганини тан олди.
Исми очиқланишини истамаган банк мулозими коронавирус карантини оқибатида иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайиши банк кассаларига нақд пул тушумларига ҳам ўз таъсирини кўрсатаётганини айтди.
Хориждан юборилган пул жўнатмаларини олиш учун “Капиталбанк”нинг Сурхондарё вилояти Денов туманидаги бўлими олдида ўнлаб одам навбат кутмоқда.
10 август кунги бу манзарани видеога тушириб Озодликка юборган сурхондарёлик Шохруҳ икки кундан бери Россиядан отаси жўнатган пулни ололмай сарсон бўлаётганини айтди:
- Кеча, 10 август куни 170-инчи бўлиб навбатга ёзилгандим. Бугун ҳам навбатим келмади. Одамлар ўтган ҳафтадан буён навбатда туришибди. Банк олдида одам тўпланишининг олдини олиш ўрнига банклар вазиятни қийинлаштиряпти.
Сурхондарё вилоятидаги бошқа банклар олдида ҳам шу аҳвол:
- Ҳаммаёқ коронавирус бўлиб ётган бир пайтда булар бизни бир жойга тўпланишга мажбур қилишяпти. Биз фарзандларимиз Россияда пешона тери билан топган пулини сўраяпмиз, - дейди Сурхондарёнинг Термиз шаҳридаги "Ҳамкорбанк" бўлими олдида турган банк мижози.
Озодлик Сурхондарё, Самарқанд, Андижон, Жиззах вилоятларидаги "Ҳамкорбанк", "Агробанк", "Халқ банки", "Асака банк" бўлимлари билан боғланди.
Банк ходимлари карантин даврида пул тушуми камайгани сабаб нақд пул йўқлигини тасдиқлашди.
Лекин, мижозлар хориждан юборилган пул жўнатмаларини сўрашяптику? Кимнингдир қариндоши Россиядан пул жўнатсаю Ўзбекистонда олишолмаса, буни қандай тушуниш мумкин?
Термиздаги "Ҳамкорбанк" ходими Озодликнинг бу саволига жавоб берар экан бундай деди:
- У ёқдан кимдир пул жўнатса, шу заҳоти қўлимизга тушади дегани эмаску?! Нақд пул бўлса бера оламиз. Лекин, берилмаётгани йўқ, берилади, - деди банк ходими.
"Банкоматларда ҳам пул йўқ"
Ўзбекистоннинг айрим шаҳарларида мижозлар банкоматлардан ҳам пул ечиб бўлмаётганини айтишди.
Андижонлик тадбиркор Ҳабибулла "Uzcard" тизимидаги пластик карталаридан нақд пул олиб бўлмаётганини айтди:
- Бугун шаҳар марказидаги ҳамма банкоматларни айланиб чиқдим, кўпчилиги ишламайди, ишлаётганларида нақд пул йўқ.
Ўзбекистон Марказий банкининг Озодлик суҳбатлашган мулозими айрим банк бўлимларида нақд пул муаммоси юзага келганини тан олди.
Исми очиқланишини истамаган банк мулозими коронавирус карантини оқибатида иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайиши банк кассаларига нақд пул тушумларига ҳам ўз таъсирини кўрсатаётганини айтди.
- Ҳозир айрим жойларда нақд пул етишмовчилиги бўляпти. Бу карантин чекловлари билан боғлиқ. Карантин чекловлари нақд пулларнинг банкларга оқимини секинлашувига сабаб бўляпти. 15 августдан каратин енгиллаштирилади, ҳаммаси жойига тушади, деб умид қиляпмиз, - деди Ўзбекистон Марказий банкининг Озодлик суҳбатлашган мулозими.
Меҳнат муҳожирларининг пул жўнатмаларини олишда банкларнинг ҳамма вилоят ва шаҳарлардаги бўлимларида кечикиш бўлаётгани йўқ.
Пойтахт Тошкент шаҳрида пул жўнатмалари вақтида бериляпти
“Ҳамкорбанк”, "Ипотека банк"нинг Тошкент шаҳар бўлими мулозими, пул жўнатмаларини олишда умуман муаммо йўқлигини айтди.
Хориждан Ўзбекистонга пул жўнатмалари асосан "Western Union", "Unistream", "MoneyGram" тизимлари орқали ўтказилади.
“MoneyGram – пул жўнатмалари” тизими орқали пул Ўзбекистонга узоғи билан 5 минутда бориб тушиши мумкин.
Ўзбекистондаги банклар эса омонатларни эгаларига вақтида беришга масъулдир.
Озодлик бундан олдин ҳам Ўзбекистоннинг баъзи банк бўлимларида хориждан пул жўнатмаларини олиш қийинлашгани ҳақда хабар берганди.