Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:54

Тошкент пахта бойкотини бекор қилиш учун чет элдаги ширкатга ярим миллион доллар тўлади


Вазирлик пахта бойкотини бекор қилиш учун чет элдаги ширкатга ярим миллион доллар тўлаганига оид шартнома
Вазирлик пахта бойкотини бекор қилиш учун чет элдаги ширкатга ярим миллион доллар тўлаганига оид шартнома

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги Cotton Campaign коалициясининг ўзбек пахтасидан қилинган маҳсулотлар бойкотини тўхтатиш учун махсус PR (public relations) компанияси ëллади.

Вазирлик Вашингтондаги “Ксенофон стратегиялари” (Xenophon Strategies) ширкати билан 2020 йил 14 апрель куни тузилган шартноманинг Озодлик ихтиëридаги нусхасига кўра¸томонлар бу иш учун Америка ширкатига 585 минг АҚШ доллар тўлашга келишган.

Экспортни рағбатлантириш агентлиги директори Улуғбек Муродов ва “Ксенофон стратегиялари” вакили Давид Фискус (David Fiscus ) имзолаган шартномага кўра¸ пиар ширкати Cotton Campaign boycott акциясини бекор қилишга қаратилган “ахборот кўмак хизматларини” амалга оширади.

Озодликдаги ҳужжатларга кўра¸ пулнинг каттагина қисми аллақачон тўланган.

Шартнома нусхаси
Шартнома нусхаси

Ўзбекистон ўз имижини яхшилаш учун лоббичи компанияга пул тўлагани ҳақидаги хабар шу ой бошида Foreign Lobby Report нашри томонидан чоп этилди.

Бу нашр¸ авторитар давлатларнинг жамоатчилик фикрига таъсир қилиш уринишларини фош этишга қаратилган тадқиқотларга ихтисослашган

Унда ëзилишича¸ Ўзбекистон бу пиар ширкати учун илк хорижий мижоз давлатдир.

Озодликда нусхаси бўлган иш режасига кўра¸ пиар ширкaти бир йил мобайнида Ўзбекистон ҳукумати сўрови билан биринчи босқичда стратегик режа тузиш¸ иккинчи босқичда таҳлилий мақолалар тайëрлаб¸ уларни махсус очилган веб саҳифада чоп қилиш билан шуғулланади. Шунингдек Ўзбекистон пахтачилигида мажбурий меҳнатга барҳам берилганини тасдиқловчи фото ва видеоҳисоботларни ижтимоий тармоқларга мунтазам жойлаштириш¸ белгиланган аудиторияни қамраб олиб ижтимоий фикрни шакллантириш ҳам иккинчи босқичга киритилган. АҚШдаги ширкат кўрсатиши лозим хизматларнинг учинчи этапи¸ нуфузли халқаро матбуотда айни муаммо ечимига оид қатор мақолаларни чоп қилишни ўз ичига олади.

Берлинда жойлашган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми ўзбек пахта маҳсулотини бойкот қилиш кампаниясининг (Cotton Campaign boycott) асосий иштирокчиларидан биридир.

Ташкилот вакили Лин Швайсфурт (Lynn Schweisfurth) нинг Озодликка билдиришича¸ “Ксенофон” ташкилоти бу хизматларни кўрсатишда Германияда жойлашган “Кометис” (Cometis) билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Швайсфуртга кўра¸ жорий йилнинг 10 май куни “Ксенофон стратегиялари” пиар ширкати “Кометис”га ҳамкорлик доирасида 6000 доллар ҳақ тўлаган.

Озодлик мухбири Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги мулозимларига “бюджет маблағининг пахта бойкотини тўхтатиш учун сарфлангани борасида”ги саволлар билан мурожаат қилди.

Мулозимлар бу саволга агентлик мулозими Мурод Раҳимов жавоб беришни билдирди. Раҳимов эса¸ Озодлик саволини эшитиб¸унга "ҳозир жавоб бера олмаслиги"ни айтиб¸ суҳбатни узиб қўйди.

Кун тартибида бир миллиард доллар масаласи

Пахта Ўзбекистоннинг даромад келтирадиган асосий қишлоқ хўжалиги экини бўлиб, мамлакатга йилига 1 миллиард доллардан ортиқ даромад келтиради. Совет давридан бери мамлакатда пахта мавсумида оммавий сафарбарлик тизими давом этиб келади. Бу сафарбарлик Мирзиëев иқтидорга келган 2016 йилдан бери сезиларли даражада камайган бўлишига қарамасдан¸мустақил кузаувчиларга кўра¸ у ҳануз дунёдаги энг катта мавсумий меҳнат сафарбарлиги бўлиб қолмоқда.

Сўнгги бир йил ичида халқаро ташкилотлар орасида бойкотни тўхтатиш ёки тўхтатмасликка оид мунозаралар авж олди. Мирзиёев 2018 йилда мажбурий меҳнатга барҳам бериш тўғрисида қарор қабул қилгани ортидан 2019 йилда АҚШ Меҳнат вазирлиги “Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш алоҳида ҳолатларга нисбатан сезиларли даражада камайди”, деган қарорга келди.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Cotton Campaign коалициясига жорий йил апрель ойида очиқ мактуб ëзиб¸ COVID-19 инқирози даврида бойкотнинг бекор қилиниши тўқимачилик саноатида банд бўлган 200 минг ишчи учун фавқуллодда муҳимлигини айтган. Вазир ўз мактубида бу 200 минг киши оладиган ойликдан бир миллион одамнинг еб- ичишини алоҳида таъкидлаган.

Cotton Campaign коалициясига қўшилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми фаоли Лин Швайсфурт¸ “халқаро майдондаги ўзбек пахтаси бойкотини тўхтатиш учун бундай гаплар асос бўла олмайслиги"ни айтади.

- Бу тахлит пиар ширкатлар ҳаракати ортидан пахта бойкоти бекор қилинмайди. Бойкотни бекор қилиш ҳақидаги қарор мустақил мониторинг натижалари асосидагина қабул қилиниши мумкин. Ўзбекистон ҳукумати бюджет пулига пиар ширкат ëллагандан кўра¸ ўз куч-ғайратини мажбурий меҳнатни бекор қилишга сарфласа бўларди. Биз кўраëтган ҳолатда эса¸ ҳукумат гўë “мажбурий меҳнат сафарбарлиги бартараф қилинди” деган ëлғонни саҳналаштирмоқда. Бундай имитациядан наф йўқ.

Тошкент ҳукумати Ғарб ширкатлари эълон қилган пахта бойкотини бекор қилиш учун нима қилиш керак?

Бу саволга жавоб берган Лин Швайсфурт қисқа қилиб¸ пахтачиликдаги улкан коррупция ва мажбурий меҳнатни амалда тўхтатиш керак деди:

- Ўзбек пахтасини бойкот қилган 305 халқаро ширкат ўз қарорини Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва пахта етиштириш секторидаги коррупция батамом тугатилганидан кейин ўзгартириши мумкин. Бу хулоса 2019 йилги пахта мавсумидаги мониторинг натижасига асосланган ва ўтган йил июнь ойида Ўзбекистон ҳукуматига тақдим қилинган пахта етиштириш ислоҳоти бўйича йўл-йўриқ акс этган "Йўл харитаси"да акс этган. Унда фермер ва ишчилар ҳуқуқи таъминланиши¸ мониторинг ўтказилиши ва шикоят қилишга тўсқинлик қилинмаслик зарурати таъкидланган. Шунингдек халқаро стандарлар ва илғор тажриба асосида пахта соҳасидаги коррупцияга барҳам берилиши керак. Шу билан бирга нодавлат уюшмалар тузишга тўсқинлик ҳам тугатилиши лозим. Соҳа шаффофлиги таъминланиб¸ барча поғонадаги молиявий жараëнлар юзасидан ҳисоб берилиши керак. Ўз навбатида бу соҳага сармоя ëтқиизиш учун яхши шароит яратилиши лозим.

2012 йилдан болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнатига қарши кураш билан шуғулланувчи қатор халқаро ташкилотлари ташаббуси билан ўзбек пахтасини бойкот қилиш ҳаракати бошланган эди.

2013 йил 15 октябрига қадар “Ўзбек пахтасидаги болалар ва мажбурий меҳнатга қарши ширкат аҳди” деб номланган декларацияга қўшилган тижорий ширкатлар сони 136 тага етган эди.

Ўзбек пахтасини етиштириш ва теришдаги мажбурий меҳнатга барҳам берилмагунча¸ уни сотиб олишдан воз кечганини эълон қилган бу 136 ширкатнинг бозордаги умумий қиммати эса 1.024 триллион АҚШ долларига тенг деб баҳоланган эди.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг бу бойкотни бекор қилиш ҳукуматнинг устивор вазифаларидан бирига айланди.

Шу мақсадда Тошкент намояндалари Cotton Campaign коалицияси вакиллари билан қатор музокаралар ўтказди¸ аммо ҳозирча бу бойкотнинг тўлиқ бекор қилинишига муваффақ бўлмади.

XS
SM
MD
LG