Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:56

OzodТa’sir: “Ҳоким устанинг иш ҳақини уй қурдирган фермерлардан қисман ундириб берди, аммо “дача”си пулини бермади


Усталар Хонобод шаҳрида фермерларга уй қурмоқда. 2019 йилги расм.
Усталар Хонобод шаҳрида фермерларга уй қурмоқда. 2019 йилги расм.

Андижон вилоят, Андижон туман ҳокимлиги буюртмаси билан Хонобод шаҳрида дала ҳовли қурган жалақудуқлик усталар орадан ўн ой ўтгандан сўнг иш ҳақининг ярмини олди.

Усталар иш ҳақини ололмаётгани ҳақда Озодлик 29 май куни “Андижонда ҳокимлик буюртмаси билан уй қурган усталар 9 ойдан буён иш ҳақини ололмаяпти” сарлавҳали мақола чоп қилган эди.

Устабоши Сарварбек Йўлчиевнинг Озодликка айтишича, туман ҳокимининг ўринбосари Дониёр Абдурашидов фермердан иш ҳақининг бир қисмини ундириб берган, лекин туман ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг шахсан ўзи учун қурдирган дала ҳовли ва ҳокимликнинг бошқа қарзларини бермаган:

Қолган 16 миллион 800 минг сўм, ҳокимликнинг бўйнида.

“Ҳокимликнинг биздан қарзи 42 миллион 800 минг сўм эди. Ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Дониёр Абдурашидов келди-да 14 миллион сўм берди. Битта фермер 10 миллион сўм берди. Жами 26 миллион сўм пул олдим. Қолган 16 миллион 800 минг сўм, ҳокимликнинг бўйнида. Шундан 6 миллион сўми шахсан ҳоким Улуғбек Исомиддиновнинг ўзига қуриб берган уйимиз учун”.

Устабоши ҳоким ўринбосари у билан учрашувдан қочиб юрганини, телефон қўнғироқларини ўчириб қўяётганини айтди:

Ҳокимнинг дачасидаги уйни нолдан бошлаб, томигача ёпиб берганмиз.

“Ғирромликни қаранг, Дониёр Абдурашидов шунча пулингни берганимизга ҳам шукр қил, бизни бошқа безовта қилма, деяпти. Қўнғироқ қилсам, жавоб бермай ўчириб қўяди. Ҳокимнинг дачасидаги уйни нолдан бошлаб, томигача ёпиб берганмиз. Ора-сирада пул берган, буни инкор қилмаймиз. Аммо ишни бошлашдан олдин Дониёр Абдурашидов келиб мана шу ердан бошлайсизлар деб жойини кўрсатган. Биз ўша жойни текислатиб, бетонларни қуйиб бўлсак, у ерга қурилиш мумкин эмас экан. Биз ўша ишга 7,5 миллион сўм сарфлаганмиз. Фермерлар биз бунга пул бермаймиз деган. Лекин Дониёр бўлган иш бўлди, у пулни сўраманглар деяпти. Дониёр бизга кейин ишлаш учун объект бераман деб ваъда берган эди. Лекин объект ҳам бермади, пулимизни ҳам бермаяпти”.

Озодлик кун давомида Андижон туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Дониёр Абдурашидовга бир неча бор қўнғироқ қилди, лекин у ҳар сафар қўнғироқларни ўчириб қўяверди.

Андижон вилоят, Хонобод шаҳридаги “дала ҳовли”ларни фермерлар сотиб олишга мажбурлангани ҳақида Озодлик 2019 йилда бир неча бор хабар берган эди.

2019 йилнинг июлида Андижон туманидаги фермерлар буғдойдан тушган даромад пулига 70 километр узоқликдаги Хонобод шаҳридан кам таъминланган оилалар учун қуриладиган дала ҳовлилардан сотиб олишга мажбурланган эди.

Ўтган йилнинг августида эса, Пахтаобод туманидаги фермерлар туман ҳокими уларни 70 километр узоқликдаги Хонобод шаҳрида “дала ҳовли” қуришга пул бермагани учун жазолагани ҳақида шикоят қилган эди.

XS
SM
MD
LG