Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:36

СамДУ раҳбарияти талабалар контрактга оид норозилик ҳаракатига қўшилишининг олдини олишга уринмоқда (ВИДЕО)


Интернетдаги талабалар гуруҳлари
Интернетдаги талабалар гуруҳлари

Самарқанд давлат университети (СамДУ) раҳбарияти олийгоҳ талабаларини контракт тўловини арзонлаштириш талаби билан ўтаётган ёшларнинг онлайн норозилик ҳаракатига қўшилмаслик чораларини кўра бошлади.

Озодликка боғланган талабаларга кўра, ўқитувчилар уларга ушбу норозилик ҳаракатига қўшилмасликни айтиб, акс ҳолда оқибати яхши бўлмаслигидан уларни огоҳлантирган.

Айни пайтда СамДУ раҳбарияти ўқитувчилардан "талабаларим норозилик ҳаракатига қўшилмайди", деган мазмунда тилхат ҳам олмоқда.

СамДУ расмийларидан бири тилхат билан боғлиқ ҳолатни инкор қилди, бироқ талабаларнинг контракт бўйича норозиликлари ўрганилаётганини билдирди.

Айни пайтда айрим депутатлар ҳам талабалар ҳимоясига чиқди.

2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистон олийгоҳларида контракт миқдори ўзгартирилмаслиги эълон қилинганидан сўнг, ижтимоий тармоқларда талабалар ўз норозилигини ифодалашга киришди.

Телеграм тармоғида очилган ўнлаб гуруҳга қўшилган талабалар пандемия шароитида минглаб оила дуч келаётган молиявий муаммолар сабаб контракт тўлови арзонлаштирилишини талаб қилмоқда.

Талабаларга огоҳлантирув

13 август куни СамДУ талабалари контракт тўлови бўйича норозилик ҳаракатига қўшилмаслик борасида огоҳлантирилди.

Бу ҳақда Озодликка СамДУ талабаларидан бири хабар қилди:

“Кеча домламиз телефон қилиб, “Телеграмдаги "Ёшларни қўллаб- қувватлаш" ва "Талабалар ҳаракати"га аъзо эмасмисан”, деб сўради. Мен нафақат бу икки гуруҳ, балки #kontraktni_tushuring хештеги остида очилаётган ҳамма гуруҳларга қўшилганман. Лекин домламга “қўшилмаганман”, дедим. Домлам “қўшилма, ёшлик қилиб, шу нарсаларга аралашиб, қолсанг, эртага оқибати ёмон бўлади”, деди. Мен гуруҳимиз фаолларидан бўлганим учун домлам унинг гапларини курсдошларимга етказишимни ҳам таъкидлади”, дейди ўқишдан ҳайдалаши хавфи сабаб аноним қолиш истагини билдирган талаба йигит.

СамДУ талабалари билан гаплашган Озодликнинг Самарқанддаги мобил мухбири ҳам бу гапни тасдиқлади:

“Магистрантларга бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган. Лекин 3 -курсда ўқийдиган талабанинг айтишича, кеча куратори телефон қилиб, “Телеграмдами, бошқа жойдами, ҳеч қандай ҳаракатларга қўшилиб, юрманглар, тинч юринглар”, деб огоҳлантирган”.

Домлалардан тилхат олинмоқда

Айни пайтда СамДУ раҳбарияти олийгоҳдаги декан ва гуруҳ раҳбарларидан тилхат олмоқда. Ўқитувчилар тилхатда ўз талабаларини норозилик ҳаракатига қўшилмаслигига сўз беришмоқда.

Озодликда СамДУ ўқитувчилари ёзаётган шундай тилхатлардан иккитасининг бланка - нусхаси бор.

Бу тилхатлар бланкаси СамДУ ўқитувчиларининг Телеграмдаги гуруҳига қўйилган бўлиб, Озодлик тилхатларни тарқатган аккаунт эгаси билан боғланди.

Олийгоҳдаги факультетлардан бирида гуруҳ раҳбари (Озодликка унинг исми-шарифи маълум) бўлиб ишлайдиган ўқитувчи, ҳозирда касаллигини айтиб, тилхат билан боғлиқ саволларимизни жавобсиз қолдирди.

Тилхатлар бланкасидан маълум бўлишича, иккала тилхат ҳам СамДУ ректори Р. Халмурадов номига ёзилган бўлиб, бирини декан, иккинчиси гуруҳ раҳбари тўлдириши лозим бўлган.

“Факультет талабалари “Yoshlarni qo'llab-quvvatlash” ва “Talabalar harakati” телеграм каналларига аъзо эмас. Шу каналлар орқали тўлов-контракт пули миқдорини камайтириш бўйича ўтказилган сўровномада иштирок этмаганлигига кафолат бераман”, дейилади тилхат нусхасида.

Озодлик боғланган СамДУ расмийларидан бири тилхат билан боғлиқ ҳолатни инкор қилди, бироқ талабаларнинг контракт бўйича норозиликлари ўрганилаётганини таъкидлади.

“Иномжон Уришевич (Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Иномжон Мажидов) контракт масаласида барча олийгоҳлар раҳбарларига топшириқ берган. Биз ҳам талабаларимиз орасида молиявий аҳволи яхши бўлмаган талабалар рўйхатини тузиб, ким контарктни тўлай олмаётгани ёки ким контракт борасида норозилик билдираётганини ўрганаяпмиз. Лекин бу талабаларга босим ўтказиш учун эмас. Балки уларга ёрдам бериш мақсадида қилинмоқда. Домлалардан тилхат олинаётгани ҳам бўлмаган гап”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган олийгоҳ расмийси.

Талабаларнинг онлайн ҳаракати

Кейинги бир ҳафта давомида Телеграм ижтимоий тармоғида ўзбекистонлик талабаларнинг ўнлаб гуруҳи ташкил қилинди.

Ўн минглаб талабани бирлаштирган гуруҳларда Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Иномжон Мажидовнинг контракт миқдорини ўзгартирмаслик қарорига норозилик билдирилмоқда.

Жумладан, “Ёшларни қўллаб- қувватлаш” гуруҳида эълон қилинган сўровномада қатнашган 120 мингга яқин талабанинг 91 фоизи “Янги ўқув йилида контракт миқдори арзонлаштирилиши керак”, дея овоз берган.

“Талабалар ҳаракати” гуруҳи эса “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталига норозилик петициясини жойлаштиришни режаламоқда.

Жиззах Педогогика институти Тарих факультетининг 3- курс талабаси Исломбек Пўлатов ҳам талабаларнинг онлайн норозилик ҳаракатига қўшилганлардан бири.

Қашқадарё вилоят Косон туманида яшовчи 25 яшар Исломбек Пўлатов Озодлик орқали ҳукумат вакилларига видеомурожаат билан чиқиб, мамлакатда таълим тизимини ислоҳ қилиш лозимлигини таъкидлади ва буни эплай олмаётган мулозимлар, жумладан, Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Иномжон Мажидов истеъфосини талаб қилди.

Талаба Исломбек Пўлатовнинг ҳукумат вакилларига мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:04 0:00

Талабаларнинг онлайн норозилик ҳаракатлари авж олаётган бир пайтда айрим депутатлар ҳам талабалар ҳимоясига чиқди.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмахаматова контракт тўловларини камайтириш ёки карантин ўтгунга қадар имтиёзли вақт бериш таклифини илгари сурди.

Норозиликка сабаб бўлган вазир баёноти

8 август куни АОКАда бўлиб ўтган йиғилишда Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Иномжон Мажидов 2020-2021 ўқув йилида талабаларнинг контракт тўлови ўзгаришсиз қолишини билдирди.

Вазир Мажидов пандемия муддатлари узайтирилиб, ўқиш онлайн тарзда давом эттирилган ҳолатда ҳам, тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган талабалар ва уларнинг ота-оналари хавотирланишига ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG