Ўзбекистонда 15 августдан карантин чоралари юмшатилиб, ўттиз кишилик тўйларга руxсат берилиши ортидан мамлакатнинг никоҳ қайд этиладиган аксар ФҲДЁ (Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш) бўлимлари олдида навбатлар юзага келди.
Самарқанд вилояти Қўшработ тумани ФҲДЁ бўлимига ариза топшириш учун борган бўлғуси куëвлардан бири Озодликка 18 август куни 112-бўлиб навбатга ёзилгани, бир кун ўтиб ҳам навбати келмаганини айтди.
Никоҳни қайд этиш учун аризани онлайн топшириш мумкинлигини айтган ФҲДЁ бўлими ходимлари ëшларни пандемия пайтида ўзи ва бошқалар ҳаëтини хатарга қўйиб бўлимлар олдида тўпланмасликка чақирмоқда.
Ўзбекистон Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги расмийлари ҳам карантин юмшатилганига қарамай аҳолига ижтимоий масофа сақлаш, жамоат жойларида бир жойга тўпланмаслик талабларига қатъий амал қилишни эслатиб келмоқда.
Тўйга тараддуд
Самарқанд вилояти Қўшработ тумани ФҲДЁ бўлими олдида ўнлаб одам навбат кутмоқда.
18 август кунги бу манзарани видеога тушириб Озодликка юборган самарқандлик йигит:
“Қаранг, соат 9 дан ўтди, аммо ҳали очилмади. Карантин қоидаларига ҳам риоя қилинмаяпти”, дейди.
Озодликка келган видеоларда Ўзбекистоннинг бошқа ФҲДЁ бўлимлари олдидаги аҳволнинг ҳам айни экани кўрилади.
Самарқанднинг Каттақўрғон туманидан йўлланган видеода туман ФҲДЁ бўлими эшиги олдида ўнлаб одам ижтимоий масофани сақламаган ҳолда тўпланиб турганини кўриш мумкин.
- Ҳаммаёқ коронавирус бўлиб ётган бир пайтда¸ булар бир жойга тўпланишяпти. ФҲДЁ никоҳ аризаларини қабул қилишни тартибли ташкиллаштирса бўлмайдими? дейди ФҲДЁ бўлими олдида турган каттақўрғонлик йигит.
Бошқа вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бир қанча ФҲДЁ бўлимлари ходимлари билан 19 август кунги суҳбатдан¸расмий никоҳдан ўтиш учун ариза топширувчилар сонининг кескин кўпайгани маълум бўлди.
Тошкентнинг Учтепа тумани ФҲДЁ бўлими ходимаси Озодлик билан суҳбатда 19 август куни тушгача элликка яқин никоҳ аризаси тушганини айтди.
- 15 августдан ўттиз кишилик тўйларга рухсат берилганига одам кўпайиб кетди. Бугун тушгача элликтага яқин ариза тушди. Бу жуда кўп. Одатда кунига бешта, кўп бўлса ўнта бўларди.
Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги 3-сон Никоҳ уйи ходимаси Озодлик билан суҳбатда никоҳдан ўтиш ҳақидаги аризаларни онлайн тартибда юбориш имконияти борлигини айтди.
- Карантин даврида ҳам аризаларни қабул қилганмиз. Бу ерда тўпланиб, бир-бировни хатарга қўйишнинг кераги йўқ. Одамларнинг тўпланиши ва турли хил навбат кутишларнинг олдини олиш учун аризаларни онлайн тартибда юбориш имконияти йўлга қўйилган. Адлия вазирлиги сайтида ҳар бир шаҳар, туман ФҲДЁ бўлимларига аризаларни онлайн топшириш йўл-йўриқлари бор. Шу ерга кириб аризаларни онлайн топширишлари мумкин.
Озодлик гаплашган тошкентлик бўлғуси келин-куëвлар онлайн топширилган аризаларни кўриб чиқишнинг узоққа чўзилаëтгани боис¸ жонли навбатда туришга мажбур бўлганини айтади.
- Бориб топширмасангиз, онлайн топширилган аризаларга ҳеч ким қарамайди. Улар қараб чиққунча яна кучли карантин бошланиб, никоҳсиз қолиб кетиш мумкин, - дейди Тошкентнинг Миробод тумани ФҲДЁ бўлимига ариза топширишга борган Ҳумоюн исмли йигит.
Ўттиз кишилик тўйлар
Тошкентлик Маъруфа опа ўғлининг апрель ойига режаланган никоҳ тўйининг карантин сабаб икки марта қолдирилганини айтади.
15 августдан 30 кишилик тўйларга рухсат берилиши ортидан улар тўй кунини 25 августга белгилаган.
- Апрелда каратин бошланиб, тўйни кечиктирдик. Ўттиз кишилик тўй бўладими, каратин очилса ¸катта қилиб қиламиз, деб кутдик. Июнь ойида тўй қиламиз, деб тургандик, баттар бўлиб, яна кучли карантин бошланди. Ўттиз кишиликка ҳам рухсат бўлмади. Ёшлар айниб қолмасин, деб ЗАГСдан ўтказамиз, келинни тўйсиз олиб келиб қўямиз, дегандик, ЗАГС га ариза топшириш чўзилиб кетди. Онлайн топширса¸ узоқ кўриб чиқар экан. У ёқда келин томон тўйсиз қизимизни бермаймиз, деб туриб олди. Ниҳоят ¸ мана 15 августдан карантин юмшади. Яна карантин ёпилиб қолмасин, деб шартта тўйни 25 августга белгиладик. Шу кунга ЗАГСини ҳам келишдик, ўттиз кишилик тўй қиламиз.
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишини жиловлаш бўйича ҳукумат комиссияси қарорига мувофиқ, 15 августдан тўй, маърака ва маросимларни чекланган тартибда ўтказишга рухсат берилди.
Айни пайтда¸ тўйхоналар ёпиқ қолади, тадбирларни уйда, кўпи билан 30 киши – фақат яқин қариндошлар ва шу маҳалла ҳудудида яшовчи қўшнилар билан ўтказиш мумкин.
Маруфа опа Ўзбекистон шароитида тўйларни ҳукумат белгилаган чекловлар билан қилишнинг мушкул эканини айтади:
- Масалан ¸менинг тўртта акам, битта синглим бор. Уларни нг аёллари, эрлари, болалари бор. Турмуш ўртоғимда ҳам шунча. Энди амма, тоға, хола, поччаларни ҳам қўшиб ҳисобласак ¸ ўттиздан ошади. Қуда тарафда ҳам шунча. Келин-куёвларнинг жўралари, дугоналари ҳам бор. Ҳисоблайверасиз. Айтмасангиз бўлмайди.
Бундай вазиятда¸ айтилишича¸ ўзбекистонликлар 30 кишилик зиëфатни¸ тўй куни бир эмас¸ бир неча марта ëзиб¸ жами меҳмонлар сонини юздан оширишга жазм қилмоқда.
"Карантин юмшатилди, дегани у бекор бўлди, дегани эмас!"
Ўзбекистон Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги расмийлари карантин юмшатилганига қарамай аҳолини гигиена қоидаларини бажариш, жамоат жойларида ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиб юриш, бир жойга тўпланмаслик талабларига қатъий амал қилиш ҳақида огоҳлантирмоқда.
Агентликнинг Озодлик суҳбатлашган ходими ушбу қоидаларга амал қилмаслик касалликнинг қайта авж олиши ва натижада қаттиқ карантин чоралари такроран кучга киритилишига олиб келиши мумкинлигини айтди.
- Карантин юмшатилди, дегани у бекор бўлди, дегани эмас. Ҳукумат комиссияси қарорида 15 августдан нималарга рухсат берилгани аниқ ёзилган. Тўй ва маъракалар ўттиз кишидан ошмаган ҳолда маҳалла раҳбарларининг кучли назорати остида ўтказилиши айтилган. Одамлар қаттиқ карантин чоралари такроран кучга киритилишини хоҳлашмаса¸ шунга амал қилишсин.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 19 август ҳолатига кўра¸ мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 36 760 нафарга, ўлганлар сони 254 нафарга етганини маълум қилди.
Ўзбекистон касалхоналаридаги вазиятни кўрган мутахассислар эса мамлакатда коронавирусни юқтирганлар сонининг расмий статистикадан анча кўп эканини айтмоқда.