Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:49

Қирғизистонда коронавирусдан ўлганлар сони 437 кишига озайтирилди. Ҳукумат буни “вазиятга объектив баҳо бериш” сифатида изоҳлади


Қирғизистонда ҳозирга қадар вирусни юқтириб олганлар 42 325 киши. Уларнинг 34885 нафари тузалган.
Қирғизистонда ҳозирга қадар вирусни юқтириб олганлар 42 325 киши. Уларнинг 34885 нафари тузалган.

Қирғизистонда ҳукумат коронавирусдан вафот этганлар сонини қайта ҳисоблаб чиқиб, ўлганлар сонини аввалгига нисбатан 437 кишига озайтирди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу одамлар бошқа касалликлар натижасида вафот этганини, аммо англашилмовчилик туфайли коронавирусдан ўлганлар рўйхатига тиркалиб қолганини билдирди.

Бироқ мутахассислар ҳукуматнинг бу ҳаракатини танқид қилиб, пандемия умрини олган одамлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Қирғизистонда коронавирусдан вафот этганлар расмий сони 18 августда 29 фоизга озайди. Бундай ўзгаришни Соғлиқни сақлаш вазирлиги пандемия оқибатида вафот этганлар сони қайта ўрганиб чиқилгани билан изоҳлади.

Вазир ўринбосари Мадамин Каратаевнинг айтишича, 437 беморнинг бошқа касаллик оқибатида вафот этгани аниқланган.

- Улар юрак касалликлари, буйрак касалликлари ва бошқа сабаблар билан ўлган. Ўлим сабабларини аниқлаш учун комиссия тузилди ва улар жой-жойларда иш олиб борди, - деди расмий.

Шундай қилиб коронавирусдан вафот этганлар сони бунга қадар 1489 нафар деб ҳисобланган бўлса, 19 августда 1054 киши деб эълон қилинди. Шу сабабли жамоатчиликда “Соғлиқни сақлаш вазирлиги пандемия қурбонлари сонини нега озайтиришга ҳаракат қиляпти?”, деган савол пайдо бўлди.

Вазир ўринбосари Мадамин Каратаев бу саволга жавоб берар экан, бунга қадар Испания, Буюк Британия каби давлатларда ҳам коронавирусдан ўлганлар сони қайта ҳисоблаб чиқилгани ва озайтирилганини айтди. Унга кўра, бу “вазиятга обьектив баҳо бериш ҳаракати”дир.

Бироқ коронавируснинг тарқалиши бўйича тадқиқот олиб борган мутахассис Айжан Дўрўнбекова вирусдан вафот этганлар кўп бўлиши мумкин деб ҳисоблайди:

“Мен ҳозир қанча одам вафот этганини аниқ айта олмайман. Бироқ вафот этганлар сони расмий статистика кўрсатилганидан анча кўп эканини биламан. Чунки кўплаб одамлар касалхонага етмай вафот этди”, - дейди Айжан Дўрўнбекова.

Собиқ соғлиқни сақлаш вазири Талантбек Батиралиевнинг айтишича, вафот этганлар сонини озайтириш ўрнига унга сабаб бўлган вазиятларни ўрганиш тўғрироқ бўлар эди.

“400га яқин бемор юрак касалликларидан ўлган”, дейишяпти. Унда улар нега коронавирус ташхиси билан касалхонага ётқизилган? Улар коронавирусдан даволанганми ёки юрак касалликларига қарши муолажаладан ўтганми? Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги статистикаси мана шундай янги саволларни пайдо қилмоқда”,- дейди собиқ вазир.

Шу йилнинг июль ойининг илк икки ҳафтасида Қирғизистонда коронавирус ва пневмониядан вафот этганлар сони жуда кўп бўлган эди. Буни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам тасдиқлаган ва эпидемия чўққиси 13-19-июлга тўғри келганини маълум қилганди.

Қирғизистонда ҳозирга қадар вирусни юқтириб олганлар 42 325 киши. Уларнинг 34885 нафари тузалган.

XS
SM
MD
LG