Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:42

Наманганлик ака-сингил Фориш ИИБда калтакланганини иддао қилмоқда; ИИБ қарши даъво киритди


 Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев июнь ойидаги селектор мажлисида Андижондаги қийноқлар учун ИИВ раҳбариятини айблаган эди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев июнь ойидаги селектор мажлисида Андижондаги қийноқлар учун ИИВ раҳбариятини айблаган эди.

Мирзаолим Илёсов ва Гулмира Илёсова бу йилги ëз мавсумида қўшимча даромад учун Жиззах вилоятининг Фориш тумани Қизилқум қишлоғидаги “Мигарофарм” фермер хўжалигида ишлаган.

Асли наманганлик ўқитувчи Гулмира Илёсова Озодлик билан суҳбатда ўзи ва 42 ёшли акасининг 12 август куни Фориш тумани ИИБда калтакланганини иддао қилди.

Эгизакларнинг айтишича¸ бу борада президент виртуал қабулхонасига қилган мурожаатлари ҳам жавобсиз қолган.

Озодликка тақдим этилган тиббий маълумотномаларда ака-сингилнинг тан жароҳатлари олгани, ўткир сиқиш оқибатида мия қон босимининг ички ортиши кузатилгани айтилади.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ўз ташкилоти Фориш туман ИИБ ходимлари фуқароларга куч қўллагани ҳолатини ўрганаётганини билдирди.

Фориш тумани Ички ишлар бўлимининг ўзини Вали деб таништирган ходими наманганлик ака-сингил калтакланганини инкор этди.

ИИБ мулозими¸ аксинча¸ Гулмира Илёсованинг ИИБ ходимларини ҳақоратлаганини иддао қилди.

Наманган вилояти Чуст тумани Олмос қишлоғидаги 41-мактабда биология ўқитувчиси бўлиб ишловчи Гулмира Илёсова ва акаси Мирзаолим Илёсов ëзги мавсумий иш учун Жиззах вилоятининг Фориш туманига келган.

Озодлик билан суҳбатда Гулмира Илёсова акасининг шаърий никоҳида бўлган аëл шикояти асосида улар 12 август куни Фориш тумани ИИБсига чақиртирилган .

- Акамнинг жиззахлик шаърий никоҳда бўлган, лекин бир ой олдин ажрашган хотини боламни заҳарлашди, деб ИИБга шикоят қилган экан. У бола чайлада қовун-тарвузга солинадиган ўғитни ичиб қўйган экан. Фориш тумани милициясига соат 16.00га чақиришди. Соат 22.00дан ўтганда фақат акамни киргизамиз¸ деди. Мен айтдим, "кирмайди ёлғиз, мен ҳам кираман" дедим. "Сен кирмайсан" деди. Киритмаганидан кейин акамни олиб чиқиб кетаётганимда терговчи "тўхта" деди. Кейин ичкаридагиларга "чақир ҳаммани" деди. Иккитаси акамни ушлади, калтаклашди. Яна иккитаси мени қўлимни қайриб ушлади. Ерга судраб олиб бир хонага олиб кириб, ерга тап этиб ташлади. Ўшанда ҳушимдан кетиб қолибман. Ўзимга келганимда "доктор чақириб беринг" дедим. Иккита аёл келди, текширди. Танамдаги жароҳатларни кўрди, кейин чиқиб кетди. Шифокорлар мени турғизишгани ҳам йўқ, - дейди Гулмира Илёсова.

Мирзаолим Илёсов Фориш ИИБсида калтакланганини иддао қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:00 0:00

Жиззах вилояти Фориш тумани ИИБ томонидан фуқаро Мирзаолим Илёсовга нисбатан тўпланган маъмурий иш материалларига кўра, у шаръий никоҳдаги рафиқаси Ш. А. билан 2 яшар фарзанди М. М.ни заҳарлашга уринишда гумонланган.

- Қандай қилиб ўз фарзандимни заҳарлашим мумкин? Аёлим ўзаро жанжалимиз туфайли милициядаги танишларига айтиб, эсимни киритиб қўймоқчи бўлди. Ўқитувчи синглим ишга аралашгач, иккимизни ҳам уриб ташлашди. “Ўзинг бир мардикор бўлсанг, қўлингдан нима келарди?” дейишди. Ҳақиқатан қўлимиздан ҳеч нима келмаяпти, дейди Мирзаолим Илёсов Озодлик билан суҳбатда.

Фориш ИИБсидаги воқеадан сўнг Илёсова ва акаси Миролим Илёсов Наманган вилояти Чуст туманига қайтиб¸ бу ерда тиббий текширувдан ўтган.

- Форишнинг ўзида шифокорлар милиция босими остидалигини биламиз. Милицияхонада шифокорлар бизга қандай муносабатда бўлганини кўриб, Намангандаги врачларга кўриндик, - дейди Гулмира Илёсова.

Гулмира Илёсова калтакланиш оқибатида тан жароҳатлари олганини иддао қилмоқда.
Гулмира Илёсова калтакланиш оқибатида тан жароҳатлари олганини иддао қилмоқда.

Туман Тиббиёт бирлашмаси берган маълумотномаларда икки фуқаронинг тан жароҳатлари олгани, ўткир сиқиш оқибатида мия қон босимининг ички ортиши кузатилгани айтилади.

Фориш тумани ИИБнинг навбатчилик қисми Озодликнинг Илёсовларнинг калтаклангани ҳақидаги иддаоларни рад қилди.

ИИБнинг Вали исмли ходими эса Гулмира Илёсованинг ўзини ички ишлар ходимларини ҳақоратлаганликда айблади.

- Ҳеч ким ургани йўқ. Ёлғон гапиряпти. Қайтанга у бизни шаллақилик қилиб, куракда турмайдиган гаплар билан ҳақоратлади. Ҳозир биз унга қарши ИИБ ходимларини ҳақоратлагани учун прокуратурага шикоят тайёрлаяпмиз, - деди ИИБ ходими.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ўз ташкилоти Фориш туман ИИБ ходимларининг фуқароларга куч қўллагани ҳолатини ўрганаётганини айтди.

- Нима бўлган тақдирда ҳам жавобгарлик нуқтаи назаридан бу ҳолат ўрганилиши керак. Бу аёл мени ва акамни ИИБ ходимлари калтаклашди, деяпти. Порталга бир неча марта ёзган экан. Бизга ҳам мурожаат қилди. Ҳар бир шикоят, асослими, йўқми, ўрганиб чиқлиши керак. Фуқаро тарафидан ИИБ ходимларини ҳақоратлаш бўлган бўлиши ҳам мумкин. Бунинг ҳам жавобгарлиги бор. Биз ҳам мустақил равишда бу ҳолатни ўрганиб чиқяпмиз.

Озодлик сўнгги икки ой ичида ИИБ ходимлари фуқароларга куч қўллаши билан боғлиқ ўндан ортиқ ҳолатни ёритди.

19 август куни Озодлик Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани ИИБсида комага тушиб, 15 кун беҳуш ётган фуқаро ҳаётдан кўз юмгани ҳақда хабар берган эди.

Кучли резонанс уйғотган ҳолат эса июнь ойи бошида Андижонда рўй берди. Андижонда ИИБ ходимлари 33 ёшли фуқарога куч қўллагани ва оқибатда 11 кун беҳуш, кома ҳолатда ётиб, сўнгра 11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани ижтимоий тармоқларни ларзага солди.

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфоси ва вазирликни қайтадан ташкил қилиш талаб қилиш бошланди.

Олий мажлиснинг камида икки депутати ҳам Ички ишлар вазири Бобожонов истеъфосини талаб қилди.

Айрим депутатлар Ички ишлар вазирлигини тугатиш, керак деган таклиф билан ҳам чиқишганди.

XS
SM
MD
LG